« Back

Биргаликда катта кучмиз 18.04.2020 13:47

Мақсад – юртдошларимиз соғлиғини асраш

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда.

Аҳоли саломатлигини сақлаш, инфекция тарқалишининг олдини олиш, республикамизнинг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари соҳавий хизматлари туну кун хизмат олиб бормоқда.

Айни кунларда Ички ишлар вазирлиги Академияси ходимлари ҳамда тингловчи-курсантлари ҳам пойтахтимизнинг ўнта туманида кунлик хизматга жалб қилинган. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган хизмат даврида карантин тартиб-қоидаларини назорат қилиш, фуқаролар томонидан содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш билан бирга, зарур санитария-эпидемиология чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

– Ички ишлар вазирининг “Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ички ишлар органларининг қўшимча куч ва воситаларини жалб этиш тўғрисида”ги фармойиши талабларидан келиб чиқиб “йўл харитаси” ишлаб чиқилган, – дейди ИИВ Академияси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ражаббой Отажонов. – Кунлик хизмат олдидан алоҳида йўриқнома ўтказилиб, шахсий масъулият, ҳушёрликни кучайтириш, фуқаролар билан мулоқотда эҳтиёткорона бўлиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, хизмат интизомининг бузилишига олиб келувчи ҳар қандай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Ўз навбатида, хизматга жалб қилинганларнинг саломатлигини назорат қилиш, керакли санитария анжомлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жамоат тартибини сақлаш пайтида фуқароларнинг санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишлари, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш юзасидан кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Карантин тартибини қўпол равишда бузаётган фуқароларга нисбатан тегишли маъмурий чоралар кўрилмоқда.

Осойишталик посбонларининг хизмати давом этмоқда.

Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими