« Back

Биргаликда курашайлик 27.07.2020 16:30

Юртимизда коронавирусни даволаш стратегияси янгиланди

Коронавирус пандемияси даврида бу «душман» билан курашиш, уни жиловлаш ва енгиш нафақат бир киши ёки бир касб эгаларининг, балки бутун халқнинг вазифаси ҳисобланади.

Мамлакатимизга бу вирус кириб келган кундан бошлаб махсус чоралар кўриб келинмоқда. Хусусан, Республика махсус комиссияси тузилди, тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди, қисқа муддатда махсус шифохона ва карантин зоналари қурилди, сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди, тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди.

Юртимизда пандемияга қарши кураш стратегияси ва тактикаси тубдан ўзгартирилиб, бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Ҳозирги пандемия шароитига мос энг кучли, энг таъсирчан воситалар ишга солинмоқда.

Шу вақт мобайнида Президентимиз коронавирус билан боғлиқ қатор фармон ва қарорлар қабул қилди. Уларга мувофиқ, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари имкон даражасида қўллаб-қувватланмоқда.

Шунингдек, бу курашда давлат ва хусусий тиббиёт тизими, барча идораларнинг доимо сафарбар ҳолатда ва самарали ишлаши, шифокорларнинг фидойилиги, халқимизнинг онглилиги бизнинг асосий қуролимиз бўлиб турибди. Тезкор ва мунтазам сафарбарлик, темир интизом, тиббий маданият, юксак онглилик билан биз бу офатга қарши курашмоқдамиз.

Бу вирус билан касалланганларни даволаш учун ташкил этилган махсус шифохона ва карантин зоналарида фаолият олиб бораётган шифокор ва ҳамширалардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган “Coronavirus Yordam” Telegram–ботда Тошкент тиббиёт академиясининг малакали профессор-ўқитувчилари фаолият олиб боришмоқда. «Coronavirus yordam» Telegram–боти Тошкент тиббиёт академиясида ташкил этилган бўлиб, ушбу жараёнга академиясининг 68 нафар профессор-ўқитувчилари оператор сифатида жалб этилиб, аҳолини қизиқтирган саволларга онлайн жавоб олишлари учун 24 соатлик узлуксиз иш режими ташкил этилган. Махсус телеграм бот орқали кунига 2000-3000 нафар фуқароларнинг мурожаатларига жавоб берилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академиясининг 100 нафар кўнгилли талаба-ёшларидан иборат «саломатлик посбонлари» тарғибот гуруҳи ташкил этилди.

Улар бир ой мобайнида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тарғибот ишларини олиб борди. Натижада, жами 17 757 та якка тартибдаги уй-жойлар, 29 та меҳмонхона, 9 та санаторий, 31 та болалар оромгоҳи, 59 та вазирлик ва идораларнинг оромгоҳи, 2 та спорт-соғломлаштириш маскани, 1 та тоғ курорти, 402 та оилавий меҳмон уйлари ҳамда 3 701 та дала ҳовли (дача)да карантин қоидаларига риоя этилиши юзасидан назорат ишлари олиб борилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси туфайли вужудга келган эпидемиологик вазият» юзасидан ўтказилган видео селектор йиғилишида ҳар бир беморга эътиборни кучайтириш, уларни даволаш сифатини яхшилаш ва айниқса, оғир беморлар билан махсус шуғулланишга катта эътибор қаратиш, аҳолида тушаётган мурожаатларга ўз вақтида малакали жавоб бериш ҳамда беморлар учун янги даволаш ўринларини кўпайтириш топшириғи берилди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти туман ва шаҳарлари Тошкент тиббиёт академиясининг кафедраларига бириктирилди ва ходимлар 2020 йилнинг 17 июлидан жойларга сафарбар этилди. Кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари бириктирилган туманларга бориб туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари билан биргаликда ишчи гуруҳ аъзоси сифатида туман юқумли касалликлар шифохонасини, шунингдек ажратилган биноларни COVID-19 га гумон қилинган ва COVID-19 енгил формаси билан касалланган беморларни даволовчи провизор шифохонасига айлантирилишини, ташкиллаштирилган Call марказлари ишини ҳамда уйда даволанаётган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини назорат қилиш ва амалий ёрдам бериш борасида ишларни амалга оширишмоқда.

Тошкент вилояти Янгийўл туманида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини тиклаш борасида тезкорлик билан бирқанча амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугун туман ҳокими У.У.Ялгашев бошчилигида 3 ойлик захирани жамлаш учун 948 миллион сўмлик дори-дармонга қилинган шартномага биноан дориларнинг бир қисми туман тиббиёт бирлашмасининг марказий дорихонасига келтирилди. Шунингдек, 150 миллион сўмлик 100 дона кислород балони олиб келиш учун тадбиркорлар билан шартнома имзоланди. 75 миллион сўм маблағ ҳисобига тумандаги барча тиббиёт ходимлари учун махсус ҳимоя кийимлари, қўлқоп ва ниқоблар келтирилди. 22.09.2020 йил ҳолати бўйича туманда Covid 19 билан оғриган беморларнинг умумий сони 145 та. Ҳозирда провизор клиникасида 56 та бемор даво муолажаларини олмоқда. Уй шароитида даволанаётган беморлар сони 84 та, тўлиқ тузалган беморлар 48 та.

Ҳозирги кунда Тошкент вилояти туман ва шаҳарлари тиббиёт бирлашмалари Call марказларида Тошкент тиббиёт академиясининг бириктирилган кафедраларининг профессор-ўқитувчилари марказларга аҳолидан тушаётган иситма бўйича, дори-дармон бўйича, тез ёрдам бригадаларига доир, мобил гуруҳлар фаолиятига доир мурожаатларига жавоблар билан бир қаторда мутахассис сифатида маслаҳатлар ҳам беришмоқда.

Муҳтарам Президентимиз сўзи билан хулоса қиладиган бўлсак, «Пандемияга қарши кураш – ҳар биримизнинг виждон ишимиз», «Ўзим, оилам, фарзандларим соғлиғи учун аввало ўзим жавобгарман», деган фикрларни халқимиз онгига чуқур сингдириш, барчамиз ҳамжиҳатликда, чуқур масъулият билан тизимли ишласак, бу оғир синовларни албатта енгамиз. Бугунги кундаги энг муҳим талаб - барчамиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимиз шарт.

Лазиз Тўйчиев,
Тошкент тиббиёт академияси ректори