« Back

Биргаликда курашимиз 26.05.2020 12:35

Эл бошига иш тушганда инсон ўзлигини англай бошлайди

Жаҳонда чегара билмас, коронавирус пандемияси бутун дунё халқларини жиддий синовга қўймоқдаки, бундан ким қандай йўл билан чиқиб кетиши Яратганнинг ўзига аён. Пандемиянинг олдини олиш ҳамда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги фармойишига кўра, Республика махсус комиссияси ташкил этилди ҳамда Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида Президент фармони имзоланди.

Жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, шу жумладан, инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда. Бу эса энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқармоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилганлиги айни оғир дамларда аҳолини ижтимоий ҳимояланганлиги кафолатидир.

Аллома Абдурауф Фитрат таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва мунтазам бўлади”. Ушбу кўрилаётган чора тадбирлар давлатимиз томонидан узоқни кўзлаб, инсонни олий қадрият сифатида қаралаётганлигининг амалий натижасидир. Иккинчидан, жамият ҳаётидаги ҳар қандай ўзгаришлар ва унинг рўёби халқ томонидан баҳоли қудрат қабул қилиниб, прагматик амалий натижаларга йўналтирилганлиги билан қадрлидир.

Бунда қуйидагилар муҳим ҳисобланади: халқнинг бирлиги ва бирдамлиги, айниқса зиёлиларнинг бугунги жамият ҳаётида кечаётган жараёнларга нисбатан дахлдорлиги, ижтимоий сиёсий, маънавий бурчини чуқур ҳис этиши; ҳар бир оиланинг ички маданияти, интизомлилиги отанинг ибрати, онанинг меҳр-муруввати, мудом оилавий қадриятларга суяниш. Тиббий маданиятнинг юқорилиги — коронавирус нима, унга қандай курашиш керак, оқибатлари ва асоратлари ва уни бартараф этишдаги маслаҳатларга қатъий амал қилиш;

Оиланинг ва жамиятнинг ҳар бир аъзосини давлат ва жамият томонидан қабул қилинган қонун ва қоидаларга баҳоли қудрат риоя қилиниши ва сидқидилдан бажаришдаги якдиллик туйғуларини шакллантириш.

Инсон риёзат чекмаса, ўзлигини ёниб изламаса, ҳақиқат сари фақат онги эмас, борлиқ вужуди билан интилмаса, унинг кўнгил кўзгуси сайқалланиши ҳам мушкул. Шу маънода ОАВда эълон қилинган коронавирус орқали биргина Италиянинг ўзида 12000 нафардан зиёд инсон ҳаётдан кўз юмганлиги қанчалар аянчли эканлигини чин қалбдан ҳис этмоқ зарур. Сулаймон Боқирғоний бобомиз айтганидек: “Мени кулфатларим ўзимдандир”. Бу ҳар бир инсоннинг қилмишига ўзи айбдор дегани.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, инсон йўл қўйган хато ва кулфатларига ўзи сабабчи, буни ўзини ички “мени”дан излаши лозим. Агар инсонни мақсади, қарашлари, эътиқоди, сўзи ва тушунчалари, ҳаёт тарзи, интилишлари тўғри бўлса у ҳеч қачон кулфатга гирифтор бўлмайди.

Халқимизда “Вақтни бекорга ўтказма меҳнат қил, меҳнатни саодатинг калити деб бил” деб бежиз айтилмаган. Бу дамларни Аллоҳ томонидан берилган имконият деб билиб ҳар бир дақиқани эзгуликка сарф этиш мақсадга мувофиқдир. Биз эртага фарзандларимиз олдидаги масъулият ва улар “омонат” эканлигини чуқур ҳис қилган ҳолда таълим, тарбия ва маданиятига эътибор қаратиш фурсати деб билиб масъулиятли ёндашсак, нур устига аъло нур бўлар эди.

Бугунги мамлакатга таҳдид солаётган коронавирус халқимизга келган бир синов. Ана шу синовдан қандай чиқиб кетиш ҳар бир кишининг азму қарори, шижоатига боғлиқ. Зеро, киши қанчалик мукаммалликка интилса, ўзида камоллик сифатларини шакллантирса, шунча кўп ён-атрофига нисбатан бефарқлик, лоқайдликни бартараф этади. Ён-атрофдан номукаммаллик топиш қийин эмас, аммо уни бартараф этиш кўп куч ва вақт сарфлашни тақозо этади.

Инсон ўзлигини англаш пировард натижада ён-атрофни баркамол қилиш, яъни ахлоқи паст кишини ахлоқи юқори, қўпол кишини меҳр-муҳаббатли, такаббур, манманни оиласи, элнинг ғами билан яшашга ўргатишдир. Ана шунда баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қилади.

Ваҳоб Қўчқоров,
сиёсий фанлар доктори, ЎзДЖТУ Ижтимоий фанлар кафедраси профессори