« Back

Бирлашиб катта кучмиз 11.04.2020 19:25

БИЗ БИРГАЛИКДА БАРЧАСИНИ ЕНГАМИЗ

Тақдир тақозоси билан аёлим ишхонасида коронавирус юқтириб олди. Ҳозир у Вирусология илмий-текшириш институтида, мен эса Оққўрғондаги юқумли касалликлар шифохонасидаман.

Бу ердаги тиббиёт ходимларини бошқа пайт кўчада кўрсам танимайман. Чунки уларни на юзини, на кўзини кўриб бўлади ва на ёшини билиб бўлади. Уларнинг бари ниқобда, махсус кийимда ва махсус кўзойнакларда. Лекин эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг ҳамма-ҳаммаси ўз ишларига сидқидилдан ёндошишяпти. Шифокорлар кунига 4-5 маҳал хабар оляпти. Ҳамшира ҳар соатда "камчилик йўқми, тузукмисиз" деб жони ҳалак, кичик тиббиёт ходиилари кунига 5-6 маҳал хонани тозалашяпти. Одам қўли кўп тегадиган ҳамма жойни алоҳида эътибор билан "обработка" қилишяпти.

Зерикканимдан яна ҳол-аҳвол сўрагани кирган ҳамширани гапга солдим.

Исми Наргиза экан. У бир неча кундан бери шу ердалигини, 14 кун ўтмагунча ҳеч ким кетолмаслигини, мабодо улардан кимдир (худо кўрсатмасин) вирус юқтириб олса, яна камида 14 кун қолишлиги мумкинлигини айтди. Уйдагилар билан гаплашиб турибсиларми, деган саволимга болалари,  турмуш ўртоғи, ота-онаси билан гаплашиб турганини,  соғинганини ва уларнинг қўллаб- қувватлашлари билан яна куч тўплаб ишлаётганини айтди.

Мени қойил қолдирган нарса - унинг хонадан чиқиб кетаётиб айтган гапи бўлди: "Фронт ортидан уйдагилар қўллаб туришгани учун, иккинчи томондан давлат қўллаб тургани учун биз жангда биринчи қаторда туриб курашаяпмиз ака, бу ҳам учинчи жаҳон урушидек гапде, бутун жаҳон шундоқ курашяптику. Баъзи давлатлар камроқ аҳолисини йўқотяпти, эплолмаганларининг аҳолиси қирилиб кетяпти, кўриб турибсизку, ака" деб эшикни оҳиста ёпиб кетди.

Унинг бу гапларини эшитиб кўзимдан ёш чиқиб кетди. Шу кичкинагина, ўз касбининг фидойисининг гапи мени таъсирлантирди. Кўплаб аҳолисини йўқотсада, янада қатъий чора кўрмаётган айрим йирик давлатлар бу ҳақда ўйлаб кўришса, йўқотишлар сони камаярди.

Биринчи қаторда туриб, кўксини қалқон қилиб, кунни тунга, тунни кунга улаб, тиним билмай ишлаётган тиббиёт ходимларимизга, СЭС ходимларига минг тасаннолар айтгим келди.

Бундай кичкинагина бўлсада, лекин КАТТА юракли жангчиларимиз бор экан, биз албатта бу Вирусни енгамиз. Борингизга шукр, оқ либосли жангчиларимиз!

Алишер МУСАЕВ