« Back

Битирувчилар 13.06.2020 20:47

Битирувчиларга диплом ва «лейтенант» махсус унвони топширилди

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида битирувчи курсантларга диплом ва «лейтенант» махсус унвонини тантанали топшириш тадбири ўтказилди.

IMG_0284 Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири в.б. генерал-лейтенант Турсинхан Худайбергенов, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, масъул ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 

Ҳозирги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ҳар томонлама барқарор ривожланиб бормоқда, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, қабул қилинаётган кенг кўламли дастурлар ягона ва улуғ бир мақсадларга қаратилмоқда.

Ушбу ислоҳотлар жараёнида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилаётган эътиборни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 

1P9A0012 10 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Фармони алоҳида аҳамият касб этиб, бугунги кунда мустақил ватанимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, дунё мамлакатлари орасида юртимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бориши, фарзандларимизнинг интеллектуал салоҳият эгаси, ўз касбининг моҳир устаси, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод бўлиб етишишлари учун асос бўлиб хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Ёшларимиз ҳақли равишда ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди»,- деган сўзлари юртимиз ёшларига нисбатан билдирилган юксак ишонч ва эътиборнинг намунасидир.

Ниҳоят, ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Курс битирувчиларига диплом ва «лейтенат» махсус унвони генераллар томонидан тантанали равишда топширилди. Ҳа, ёш офицер учун генерал қўлидан диплом ва махсус унвон олиш катта ишонч ва фахр-ифтихор десак, хато бўлмайди. Бу лаҳзалар уларнинг ҳаётида бир умрлик олтин саҳифалар бўлиб қолажак.     

photo_2020-06-13_20-49-45 Тантана давомида сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, таклиф этилган меҳмонлар ўзларининг ҳис-ҳаяжонга тўла тилакларини изҳор этиб, ёш офицерларни самимий муборакбод этишди:  

– Ҳарбий кийим-боши ўзларига ярашиб турган навқирон ёш фарзандларимизнинг муқаддас ва шарафли бурчларини сидқидилдан бажариб, жонажон ватанимиз, юртбошимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишларида билдирилган юксак ишончни оқлайдиган офицерлар бўлишларига ишонамиз, - дейди Академия профессори Али Сирожиддинов.  

–  Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз. Бизни вояга етказган ота-оналаримизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирами, – дейди битирувчи, лейтенант Илҳомжон Боқиев. – Албатта, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлигини асрашдек бахтли касб бўлмаса керак, биз ана шундай қутқарувчиликдек шарафли касбни эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишганимиздан ва она Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан фахрланамиз, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратиб берилаётган кенг имконият ва қулай шарт-шароитларга жавобан, хизмат фаолиятимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз, деб ваъда берамиз.

– Бугун фарзандим Жавлонбек Иминжонов «лейтенат» махсус унвонини олиб, мустақил ҳаётга йўл олаётганидан бошим кўкка етди, – дейди Фотима Сиддиқова. – Турмуш ўртоғим шу соҳада хизмат қилгани учун бизнинг оиламизда ҳам ушбу касбга хос бўлган муҳит шаклланган, болаларим шу руҳда вояга етган. Ишонаманки, фарзандларим отаси ишини муносиб давом эттиради. Ватанимиз ва халқимиз хизматида бўлиб, мустақил юрт осойишталигини таъминлашга қодир офицер бўлади.

Тадбир шодиёнаси Академия «Маънавият ва маърифат» маркази бошлиғи, подполковник Савриддин Нажмиев ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқларга уланиб кетди.

Фарҳоджон Хожаев, 
Ўзбекистон Республикаси ФВВ Академияси ўқитувчиси, капитан
Жамшид Пўлатов, 
3-босқич курсанти