« Back

Битирувчилар 15.06.2020 17:43

ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИНГИЗДА ОМАД ЁР БЎЛСИН, ЁШ ОФИЦЕРЛАР!

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтининг навбатдаги битирувчиларига бағишланган маросим бўлиб ўтди ва уларга тантанали равишда диплом ва кўкрак нишонлари топширилди.

GI5A1142 Унда 4 йил давомида қунт ва катта иштиёқ билан таҳсил олган курсантлар олий маълумот тўғрисидаги дипломга эга бўлишлари билан бирга, интиқиб кутилган илк офицерлик унвонига ҳам эга бўлдилар. 

Битирув маросимига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва жамоат арбоблари ташриф буюриб, ёш офицерларни институтни тамомлаганликлари, офицер деган шарафли номга сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этдилар. 

Тадбирда сўзга чиққан меҳмонлар ёш офицерларга ўқув юртида олган билим ва кўникмаларини келгусида амалда самарали қўллаган ҳолда, Ватан олдидаги бурчини садоқат билан бажаришлари ва халқимизга фидокорона хизмат қилишларини тилаб қолишди.

Сафда турган ёш офицерларга ўтган давр мобайнида тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан мутахассисликлар бўйича замонавий моддий-техник база асосида таълим-тарбия берилди. Институтда таҳсил олиш жараёнида бўлажак офицерларнинг юксак профессионал тайёргарликка, энг илғор инновацион билим ва кўникмаларга эга бўлишларига, хорижий тилларни ўрганишларига алоҳида аҳамият қаратилди. Натижада битирувчиларнинг ҳарбий билим ва кўникмалари юксалиш билан бирга, уларнинг қалбида ватанпарварлик, садоқат ва матонат туйғулари шаклланди.

GI5A0983 “Ўтган давр мобайнида ҳарбий, сиёсий ва ижтимоий фанлардан чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлдик. Энди эса бу билимларимизни Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида ва келгуси хизмат фаолиятимизда самарали қўллаймиз”, – дейди лейтенант Асомиддин Жаҳонов.

Тадбирнинг асосий қисмида Миллий гвардия қўмондони буйруғи билан битирувчиларга “Лейтенант” ҳарбий унвонлари берилганлиги эълон қилинди ҳамда уларга диплом ва кўкрак нишонлари топширилди. Сўнгра ёш лейтенантларнинг Институт Жанговар байроғи билан хайрлашиш ва тантанали марш маросимлари бўлиб ўтди.

“Мазкур маросимда битирувчиларнинг нечоғлик ҳарбий хизматга тайёр ва белгиланган талабларга муносиб эканликларининг гувоҳи бўлдик. Ватан ҳимояси – муқаддас ва шарафли касб ҳисобланади”, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Каримов ёш офицерларга омад ва муваффақиятлар тилар экан.

Тадбир сўнгида курсантлар ҳамда махсус батальон ҳарбий хизматчилари томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар ҳамда Алоҳида ҳарбий намунали-кўргазмали оркестр ижросидаги мусиқий композициялар барчага манзур бўлди.

GI5A0764 “Фарзанди ўқишни битирган кун ҳар бир ота-она учун қувончли кун бўлгани каби, бугун мен учун ҳам жуда қувончли кун. Сабаби, ўғлим ўзининг биринчи ҳарбий унвонини олди. Ватанимиз осойишталигини сақлаш учун керакли бўлган билим ва кўникмаларни мужассамлаштириш учун тажрибали ҳарбий кадрлар қўлида таълим олди. Натижада ўзида мардлик, жасорат, ватанпарварлик, инсонпарварлик каби туйғуларни шакллантира олди”, – дейди қувончи юзидан сезилиб турган Барно опа Каримова.

Ватан ҳимоясига отланган ушбу мард ва жасур ўғлонларга келгусидаги хизматларида улкан зафарлар тилаб қоламиз!

Эътибор ШИРАЕВА,
Нафосат ЗАФАРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ахборот хизмати
Фото: Нодир Маматкулов