« Back

Биз катта кучмиз 20.07.2020 13:19

“ЎзМУ: Биз бирга енгамиз!” шундай шиор билан иш бошлаган руҳий мадад марказимиз хизматингизга тайёр! 

Дунёни таҳликага солган пандемия балоси баҳорнинг бошларида юртимизга кириб келганида кўпичиликка у “ўткинчи дард”дек туюлганди. 

Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг бу балони бартараф этиш, халқимиз саломатлигини сақлашга қаратилган қатор қарорлари қабул қилинди. Карантин шароитида аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш, беморларга шошилинч тиббий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. 

Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари дунё ҳамжамияти томонидан ижобий баҳолангани ҳақида ижтимоий тармоқларда ҳам ўқиб енгил тортган эдик. 

Таассуфки, юртдошларимиз орасида карантин тартиб-қоидаларига етарлича эътибор билан қарамай, кўра-била туриб кўча-кўйда, жамоат жойларида юрганлар ва энг ачинарличи, ниқоб тақмай (кўпинча, фақат иягига осиб олиб), қўл бериб кўришган, ҳатто қучоқлашишлардан тийилмаганлар кўпайиб кетди... Натижада, коронавирус балоси яна урчиб кетаверишига “шароит яратиб” қўйдик... 

Коронавирус балоси биз тасаввур этгандан анча хавфли экан. Бу балонинг навбатдаги тўлқини шитоб билан ёпирилаётганига асло бефарқ қараб бўлмайди. Яна давом этаётган карантин шароитида ҳар биримиз ўйлаб қадам ташлашимиз бағоят заруратга айланди. 

Сўнгги кунларда вазият анча оғирлашгани, касаллик камайиш ўрнига кўпайиб бораётганидан кўз юма олмаймиз. Муҳтарам Президентимизнинг видеоселектор йиғилишларида бу борада билдирган фикрларини ҳар бир фуқаромиз мушоҳада қилиб кўрмоғи лозим. 

Дард борки – унинг даъвоси ҳам бор, албатта. 

Ҳар қандай дарднинг биринчи давоси – руҳий тетиклик, ҳаётга умидворлик, қалбда иймону Яратгандан мадад тилаб яшашдир! Шундай кайфиятдаги инсонларнинг қанчалик оғир дардларни мардона енгиб яшаётганларини кўриб юрибмиз. 

Энг ёмони – тушкунлик, умидсизлик, асабни эговлайдиган минғир-минғири билан руҳан чўкишдир. Бундай бандалар вирус юқмасаям ўз-ўзидан “чўкиб” кетиши ҳеч гапмас. 

Айни пайтда юртимизда пандемиясининг навбатдаги тўлқинига қарши кураш қизғин кетаётган бир паллада кўп одамлар турли ахборот оқимидан карахт бўлиб қолмоқда. Бунинг оқибатида шу касалликка чалиниш ҳоллари кўпаймоқда. 

Ақлирасо инсонлар, қанча мутасаддилар, тиббиёт ходимлари барчани огоҳликка чақиряпти. Лекин бу чақириққа қанча одам астойдил қулоқ тутмоқда? 

Наздимизда, бу чақириқларга қулоқ тутмай, бепарво юрганлар кўпчиликни ташкил этаётганга ўхшайди. 

Баъзиларда тушкунлик кайфияти сезилмоқда. 

Кимлардир дори-дармон тўплаш билан овора... 

Шифокор тавсиясига қулоқ тутиш ўрнига баъзи ижтимоий тармоқлардаги олди-қочди гапларга ишониб, ўзича “даволанаётган”лар кўпаймоқда. Натижада улар ўзларига жавр қилишмоқда. 

Биз маърифатпарвар зиёлиларнинг асосий вазифамиз – ҳаётимиз учун жуда долзарб мавзуларни аҳоли ўртасида тарғиб-ташвиқ қилишдан иборатдир. Шуни инобатга олган ҳолда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси: 

“ЎзМУ: Биз бирга енгамиз!” 

шиори остида лойиҳалар қилишга қарор қилди.

ЎзМУнинг тажрибали психолог, социолог, педагог ва бошқа йўналишдаги мутахассислари уззу кун ХАЛҚ БИЛАН БИРГА! 

Биз бу хайрли ишга биринчи галда Ўзбекистон телерадиокомпания, шунингдек, “ZorTv”, “Менинг юртим” каби кўпсонли мухлисларига эга бўлган телеканаллардаги фидойи ҳамкасбларимизни таклиф этамиз. Уларга ўз уйимизда ўтирган ҳолда телеролик, телесуҳбатларни тайёр ҳолда юбориб туришимиз, онлайн суҳбатлар ўтказишимиз мумкин. 

Иккинчиси, барча радиоканаллар билан ҳам шундай ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз. 

Виртуал оламда ҳам бу хайрли қадамларимиз ўз самарасини беришига умид қиламиз. 

Шу муносабат билан мадад марказимиз  ўз фаолиятини бошлади. 

Марказ раҳбари – ЎзМУ Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова. Телефон рақами: +998 90-8050863. 

Марказ Ишчи ва тарғибот гуруҳи аъзолари: 

1. Нодир Хуррамов +98911350646 

2. Ҳабибулло Раҳматов +998 97 4648712

3. Бобур Султонов +998977229908 

4. Аброр Нарзиқулов +998 99 7270466 

6. Озода Рўзиқулова +99899722 2907 

 Сиз марказга пандемияга қарши кураш, бу борадаги зарур маслаҳатлар, шу мавзуда онлайн кўрсатув, радиоэшиттириш, давра суҳбатлари ўтказиш юзасидан мурожаат қилишингиз мумкин. 

Марказимиз раҳбари кординатор сифатида бу борадаги барча ишларни тўғри ташкиллаштириб, тегишли мутахассиларни жалб этиб беришга тайёр!

 Тўлқин ЭШБЕК, 
“ЎзМУ: Биз биргаенгамиз!” гуруҳи аъзоси, 
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати