« Back

Болалик - беғуборлик 01.06.2020 10:51

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни дунёда қандай нишонланади?

Инсон фарзанди учун яшайди, дилбандларига умрини бахшида этади. Шу ўринда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни тарихи ҳақида қисқача маълумот берамиз.

«Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» 1925 йилда Женевада болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон конференциясида эълон қилинган. Шундан буён, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида 1 июнь куни нишонланади.

Аммо «Болалар куни» 1857 йил июнь ойининг иккинчи якшанбасида АҚШнинг Массачусетс штати, Челси шаҳридаги Универсалист черкови пастори, доктор Чарлз Леонард томонидан бошлаб берилган бўлиб, бу кун «атиргул куни» деб аталади. Лекин кейинчалик эса «болалар» куни деб номлана бошланган.

«Болалар куни» биринчи марта Туркия Республикаси томонидан 1920 йил 23 апрелда расмий равишда миллий байрам деб эълон қилинган. Мамлакатда «болалар куни» 1920 йилдан бери миллий миқёсда нишонланиб келинмоқда, ҳукумат ва ўша вақтдаги газеталар бу кунни «болалар учун кун» деб эълон қилган эди. Бу борадаги расмий ҳукумат декларацияси 1929 йилда Туркия Республикасининг асосчиси ва Президенти Мустафо Камол Отатурк томонидан эълон қилинди.

1 июнь – Халқаро болалар ҳимоя қилиш куни дунёнинг 50 га яқин мамлакатларида нишонланса ҳам, бошқа кўплаб давлатларда ҳар йили 20 ноябрь куни «Халқаро болалар куни» сифатида бирдек нишонланади.

1959 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари декларацияси» 1989 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция» Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинди ҳамда бу каби муҳим халқаро ҳужжатларнинг қабул қилиниши жаҳоннинг кенг жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди.

Халқаро ЮНИСEФ ташкилоти ҳам жаҳоннинг минг йиллик дастурларини ишлаб чиқишда ҳам фаоллик кўрсатиб, болаларнинг эҳтиёжларига мос келадиган саккизта мақсадларни минг йиллик дастурларга киритишга эришди.

Умумжаҳон болалар куни бу нафақат болаларни кимлигини нишонлаш куни, балки бутун дунё бўйлаб зўравонлик, эксплуатация ва дискриминация шаклида зўравонликка дуч келган болаларни ҳимоя қилишга ҳам чорлайди.

Баъзи мамлакатларда болалар меҳнат кучи сифатида ишлатилади, қуролли можароларда аскар сифатида фойдаланилади, кўчаларда яшайди ёки ногиронлиги туфайли азобланади. Урушнинг таъсирини сезган болалар қуролли можаро туфайли бошқа жойга кўчирилиши ва жисмоний ва руҳий жароҳатларга дучор бўлишмоқда.

Ҳозирги кунда 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 153 миллионга яқин болалар меҳнат жалб қилинган.

Шу ўринда, турли мамлакатларда болалар кунининг нишонланишига эътибор берадиган бўлсак, мисол учун Жанубий Кореяда бу кун 1954 йил 5 майдан буён нишонланиб келинади.

Жанубий Кореяда 5 май расман «Болалар куни» сифатида эътироф этилган. Бу кунда ота-оналар кўпинча болаларига совғалар беришади, шунингдек улар билан вақт ўтказишади. Болалар ҳайвонот боғлари, музейлар ва ўйин-кулги манзилгоҳларига экскурцияларда бўлишади.

Болалар куни биринчи марта Жанубий Кореянинг инновацион талабалари ва ижтимоий раҳбарлари томонидан 1 март Ҳаракати асосида япон мустамлакачилигидан Кореянинг мустақиллигига эришиш учун қабул қилинган.

1954 йилдан олдинроқ 1923 йилда Токиода таҳсил олаётган бир неча талабалар 1 майни болалар куни деб белгилашга келишиб оладилар Таниқли шахс Банг Жеонг-Хван ушбу байрамнинг оммалашишига катта ҳисса қўшди. Ушбу кун ишчилар куни билан мос келганлиги сабабли, болалар куни 5 майга кўчирилди. Банг Жеонг-Хван дастлаб корейсча болалар учун эорини сўзини яратди ва аввалги аэном ва ваэкки сўзларини алмаштирди.

Шунингдек, мамлакат Конституциясида ёзилган «Болаларнинг фаровонлиги» байрами 1961 йил 5 майдан буён мунтазам нишонланиб келинади.

Шу ўринда, Японияда бу байрамни келиб чиқиш тарихига эътиборимизни қаратамиз.

1948 йилдан бери 5 май куни Миллий болалар байрами болаларнинг бахтиёрлигини кўрсатиш ва оналарга миннатдорчилик билдириш учун нишонланади.

Энг қизиғи мамлакатда, болалар куни икки марта, 3 март қизлар учун, 5 майда ўғил болалар учун нишонланади.

Японлар 3 март кунида ўз хонадонларини анъанавий Ҳеиан Период қўғирчоқлари ва олхўри гуллари билан безашади. 5 май куни японлар ташқарида варрак учиришади, Самурай қўғирчоқларини намойиш этишади ва, албатта, болаларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишади.

Германия Федератив Республикасига болалар куни қандай кириб келган?

Совуқ Уруш даврида, болалар куни (Kindertag) Ғарбий Германия ва Шарқий Германияда умуман бошқача тарзда ўтказилди. Шарқий Германия (ГДР) 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини нишонлаган бўлса, Ғарбий Германия 20 сентябрь куни Бутунжаҳон болалар кунини (VeltKindertag) нишонлаган.

Ғарбий ва Шарқий Германияда ҳам болалар кунининг урф-одатлари сезиларли даражада фарқ қилган. Шарқий Германияда ушбу байрам 1950 йилда жорий этилган ва кейинчалик болалар учун ҳар йили ўтказиладиган бўлган. Йилнинг бу кунида болалар одатда табрикланган ва ота-оналаридан совғалар олишиб, махсус саёҳатлар, масалан, дала сафари ва шу каби тадбирларни ўтказишган.

Шарқий ва Ғарбий Германия бирлашгандан сўнг, Умумжаҳон Болалар куни бутун Германия учун расмий бўлиб қолди. Бироқ бу Шарқий Германия аҳолисининг катта қисми томонидан қабул қилинмади. Кўпгина ота-оналар ҳанузгача 1 июнь санасида Болаларни ҳимоя қилиш кунини нишонламасдан 20 сентябрда болалар кунига бағишланган оммавий тадбирлар ўтказадилар.

Баъзи мамлакатларда болалар кунини нишонлаш ўтган асрнинг 90 йилларига келиб кириб кела бошлаган.

Мисол учун, Мексикада 1996 йил ёзувчи Пат Мора ҳар йили 30 апрелни «Бола куни» сифатида нишонлаш анъанасини киритиш тавсияси билан чиқади. Мексика учун бу нафақат «Бола куни» балки «Китоб куни» сифатида ҳам машҳур бўлиб, болаларни ҳурмат қилиш ва уларни демократия учун зарур бўлган саводхонлик билимларини ошириш назарда тутилади.

Мазкур байрамни нишонлаш Лотин ва испан тилида сўзлашувлар учун кутубхона ва ахборот хизматларини ривожлантириш миллий ассоциацияси томонидан ҳам қўллаб-қувватланади.

Болалар куни, Китоб куни барча болаларни китоблар, тиллар ва маданиятлар билан боғлайдиган кунга айланди.

Америка Қўшма Штатлари болалар кунини нишонлаш оналар ва оталар кунидан олдин ўтказилади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, 1856 йилда Чарлз Леонард, Челси шаҳрида болаларни насроний ҳаётига ўргатиш ва ота-оналар ва васийларнинг ғамхўрлигини ошириш учун нишонлашни бошлайди.

1867 йилда эса Балтимордаги Универсалистлар Конвенциясида ҳар йили июнь ойининг иккинчи якшанбасини «болаларни ҳимоя қилиш куни» деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

1883 йилда Пресвитериан черковининг Бош ассамблеяси июнь ойининг иккинчи шанбасини болалар куни деб белгилаган.

Шунингдек, 1883 йилда Жамоат черковларининг миллий кенгаши ва АҚШдаги деярли барча давлат идоралари бу байрамни нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилдилар. «Миллий болалар куни» Президент Билл Клинтон томонидан 2000 йил 8 октябрда эълон қилинган. Кейинчалик у Президент Жорж Буш томонидан 2001 йил 3 июнда, кейинги йилларда эса июннинг биринчи якшанбасида нишонлаш расман белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, «Болаларни ҳимоя қилиш куни» байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини болаларнинг муаммоларига, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир. Шунингдек, байрамни нишонлашнинг асосий мақсади – улғайиб келаётган ёш авлоднинг келажакда маънан бой, жисмонан соғлом ва ахлоқан пок бўлиб вояга етказишдир.

Акмал Содиқов,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси