« Back

Болажонлар учун 27.05.2020 12:59

“Online-maktab” якунланди, энди “Online-to‘garak” бошланади

Халқ таълими вазирлиги “Оnline-maktab” лойиҳасининг кейинги босқичи бошланиши ҳақида маълум қилди.

Эндиликда Халқ таълими вазирлиги ёзги таътилда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ташкил қилиш учун теледарслар намойиш этилаётган 3 телеканалдан мақсадли фойдаланиш тартибини сақлаб қолиш ҳамда улар ёрдамида “Online-kasbiy rivojlantirish”, “Online-to‘garak”, “Online-maktab” лойиҳаларини амалга оширади.

“Online-to‘garak” лойиҳаси доирасида ўқувчиларга инглиз тили, техник ижодкорлик, мусиқа ва бошқа ижодий тўгараклар ҳамда интернет тармоғи орқали пул топиш бўйича видеодарслар намойиш қилинади.

Фан ўқитувчиларини янги ўқув йилига тайёрлаш мақсадида улар учун қисқа муддатли “Online-kasbiy rivojlantirish” курслари олиб борилади.

Ўқитувчи ва ота-оналарга видеодарслардан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида www.maktab.uz платформаси ишлаб чиқилади ва умумтаълим тизимида ягона марказлашган виртуал (онлайн) мактаб сифатида татбиқ этилади.

Видеодарсларни тасвирга олишда айниқса, география, рус тили (ўзбек мактабларида), ўзбек тили, тарих каби фанлардан ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга эътибор қаратилади. Дарсларни ноанъанавий тарзда ташкил этиш, кимё, биология, физика каби фанлардан (виртуал) лаборатория машғулотлари ўргатилади.

ЎзА