« Back

Божхона 10.06.2020 12:42

Божхона тизимида янги ислоҳотлар бошланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 июндаги “Божхона маъмурчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги фармони ҳамда у билан тасдиқланган Концепция билан товарларни божхона назорати ва божхона расмийлаштируви жараёни соддалаштирилиши, тадбиркорлик субъектлари томонидан вақт ва маблағ сарфи қисқаришига эришилади, десак муболаға бўлмайди.

Хусусан, 2020 йил 1 августдан темир-йўл транспорти ташкилотлари божхона органларига ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этиши белгиланди.

Ўз ўрнида, бу механизм тадбиркорга нима беради, деган савол туғилади. Қисқа қилиб айтганда, ушбу механизм импорт товарларини тўлиқ назорат қилиш имкониятини яратиб, ноқонуний товарлар импортига чек қўйиш орқали соғлом рақобат муҳити яратилишига хизмат қилади.

Жорий йилнинг 1 сентябридан товарларни ишлаб чиқарувчи ва юборувчиларнинг идентификация воситаларини тан олиш амалиёти йўлга қўйилади. 1 ноябрдан божхона назоратининг муқобил турларини (кафолат, гаров ва бошқалар) қўллашни кенгайтириш орқали товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш қисқартирилади. Бунда, табиийки, вақт ва маблағ тежалишига эришилади.

Мисол учун, 2019 йил давомида 5 мингдан ортиқ (1,7 миллиард) автотранспорт воситаси кузатувга олиниб, йиғим ундирилган бўлса, фармон талабидан келиб чиқиб, бу кўрсаткичлар мос равишда 50 фоизга қисқаради. Транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда вақтинчалик олиб кириш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилади.

Амалда ушбу механизм қандай бўлган? Дейлик, вақтинчалик олиб кирилган автотранспорт воситасига қўйилган муддат тугади. Ташувчи белгиланган муддатни узайтириш учун муддат тугашидан олдин божхона органига бевосита борган ҳолда мурожаат қилиб, тегишли тўловларни тўлаши ва муддатини узайтириши лозим бўлган. Мазкур янги механизм жорий этиладиган бўлса, исталган вақтда ва жойда ушбу процедураларни масофадан амалга ошириши мумкин бўлади.

Статистика шуни кўрсатмоқдаки, 2019 йилнинг ўтган даврида вақтинчалик олиб кирилган транспорт воситаси муддатини узайтиришга 1,5 мингдан ортиқ маротаба мурожаат бўлган.

Фармон билан товар ва транспорт воситаларининг дастлабки декларациялаш тартиби такомиллаштирилади. Бунинг натижасида, тадбиркорлик субъектлари четдан олиб келадиган товарларини божхона назорати ва расмийлаштируви учун ортиқча вақт сарфлашига ҳожат қолмайди. Улар барча операцияларни товарлар амалда республика ҳудудига етиб келгунга қадар амалга ошириш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, божхона кўриги далолатномасини мобиль илова орқали расмийлаштиришни амалга ошириш тизими жорий этилади. Юкни етказиб бериш назорат китобчасини транзит божхона юк декларацияси билан алмаштириш амалиёти ҳамда “Е-TRANZIT” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилади.

Фармон билан белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш орқали биринчи навбатда, асосий чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ва модернизациялаш орқали божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга оширишга эришилади. Бу чегара божхона постлари орқали бугунги кунда бир кунда ўртача 100-150 та автотранспорт воситаси ҳаракатланса, ушбу кўрсаткич 300-450 тагача ошишига замин яратади.

Рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини божхона органлари фаолиятига кенг жорий этиш асосида инсон омилисиз маълумотларни тўсиқсиз олиш ҳамда божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнларини халқаро норма ва стандартларга мувофиқ соддалаштириш мумкин бўлади.

Янги бошқарманинг вазифаси қандай?

Фармонга асосан Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси ташкил этилди. Ташқи иқтисодий фаолиятда рухсатнома ҳужжатлар олиниши лозим бўлган товарлар ҳамда лицензияланадиган ва квоталанадиган товарларга нисбатан нотариф бошқариш чоралари қўллаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар учун дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш асосий вазифалардан этиб белгиланди.

Шунингдек, сертификатлаштириш органлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш, импорт-экспорт қилинадиган товарлар учун тақдим этиладиган рухсатнома ҳужжатларини олишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш, бу бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, мазкур йўналишда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам бериш назарда тутилган.

Эндиликда давлат чегара ўтказиш пунктларида санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари мазкур янги ташкил этилган бошқарма томонидан назорат қилинади.

“Ягона дарча” божхона ахборот тизимини қўллаш, уни янада такомиллаштириш ва бундан фойдаланиш бўйича янги услубиятларини ишлаб чиқиш вазифаларини ҳам бажаради.

Шу билан бирга, божхона органлари томонидан контрафакт товарлари кириб келишининг олдини олиш мақсадида интеллектуал мулк объектлари, товар белгиларининг божхона реестрини юритиш, товарларни ТИФ ТН бўйича кодларини тўғри таснифлаш ишларини ташкил этиш ва тадбиркорлик субъектларига товарларни ТИФ ТН бўйича код рақамларини белгилаш бўйича хизмат кўрсатиш вазифаларини ҳам амалга оширади.

Божхона расмийлаштируви 3 кундан 1 кунга қисқартирилади

Маълумки, божхона органлари амалиётига “Хавфни бошқариш” тизими жорий этилди. Натижада бугунги кунда товарлар “Яшил”, “Сариқ” ва “Қизил” йўлакларда расмийлаштирилиб, божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган товарларнинг 62,5 фоизи, жумладан, экспортда 86 фоизи ва импортда 56 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилишига эришилди.

Шу билан бирга, товарларни расмийлаштиришга сарфланган вақт экспортда 2,7 мартага, импортда эса 2,2 мартага қисқартирилиб, товарларни божхона кўригидан ўтказиш 1,7 мартага камайди ва Давлат бюджетига 127 миллиарддан ортиқ қўшимча божхона тўловлари ундирилди.

Эндиликда, ушбу қарор билан божхона расмийлаштируви вақтини 3 кундан 1 кунга тушириш белгиланди. Чунки, бунга сабаб бугунги кунда “Яшил” йўлакда товарлар бир неча соат ичида расмийлаштирилмоқда.

Халқаро ҳамкорликда қандай режалар бор?

Фармон билан божхона тартибларини янада соддалаштириш ва уларни бирхиллаштириш йўналишида республикамизнинг Киото конвенциясига (Жаҳон божхона ташкилоти-ЖБТ) қўшилиши белгиланди.

Бу миллий божхона қонунчилигимизни ва божхона органларимиз фаолиятини халқаро даражада эътироф этилган стандартларга мувофиқлаштиришни белгилайди, натижада божхона органлари фаолиятининг янада очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади. ЖБТ ва Швейцария Федераль Кенгашининг республика ташқи савдо фаолиятини соддалаштириш ва божхона фаолиятини такомиллаштириш бўйича 3 йиллик қўшма дастури ишга тушади.

Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо шериклари бўлган давлатларда божхона органларининг ваколатхоналарини ташкил қилиш вазифаси юклатилган. Мазкур ваколатхоналар миллий маҳсулотларни экспорт қилувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, улар томонидан ишлаб чиқарилган товарларни мазкур давлатлар ҳудудига тўсиқсиз кириб боришини таъминлашда кўмак бериш мақсадида ташкил қилинади.

Келгусидаги устувор вазифаларимиздан яна бири, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи сингари халқаро ташкилотлар билан интеграциялашувида ўз йўналишида тегишли тадбирларни амалга ошириш ҳисобланади. Ҳозирда мазкур йўналишда ЖСТнинг Савдо процедарларини соддалаштириш тўғрисидаги Битими ва ЕОИИнинг ягона божхона зонаси фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинмоқда.

Фарҳод ОЛИМЖОНОВ, 
Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи