« Back

Божхона 16.06.2020 12:55

Божхона тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириши тўғрисида»ги фармони республикада, жумладан, айнан божхона тизимида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида комплекс тарзда янгича мазмун ва шаклда божхона фаолиятини ташкил этишга ҳамда тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қиладиган муҳим тарихий ҳужжат бўлди.

Сабаби, ушбу фармон Жаҳон савдо ташкилоти, Умумжаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ва тавсиялари асосида божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб таомилларини соддалаштириш мақсадида, миллий қонунчиликка имплементация қилиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бевосита натижасидир.

Мазкур фармон билан божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг 2020-2023 йилларга мўлжалланган Концепцияси ҳамда концепцияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган. «Ягона дарча» божхона ахборот тизимини жорий этилиши, божхона юк дакларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилиши, темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларини ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш каби аниқ вазифалар белгиланган.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитасига қўшимча вазифалар ҳам юклатилган, божхона аудитини амалга ошириш, Давлат чегара ўтиш пунктларида, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, товарлар импорти ва экспорти тузилмаси ҳамда динамикасини таҳлил қилиш ҳамда манфаатдор идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш каби устувор вазифалар белгиланган.

Божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг 2020-2023 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга оширилиши натижасида, Давлат бюджетига божхона тўловлари тушуми ҳар йили 25%га оширилади. Чегара ўтиш пунктларининг ҳудудларини кенгайтириш ва модернизация қилиш натижасида, йўловчилар ва уларни юкларини ўтказиш имконияти 3 баробарга оширилади.

«Ягона дарча» божхона ахборот тизимини такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви муддати, экспортда 5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқартирилади. Замонавий техника воситалари ва усулларини қўллаш натижасида, Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини харажатларини қисқартирилиши эвазига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда юқори поғонага кўтарилишига эришилади ҳамда божхона расмийлаштируви ва назоратини соддалаштириш ва инсон омили аралашувини камайтириш каби муҳим натижаларга эришилади.

Шунингдек, Божхона аудити ва хавфни бошқариш тизимларини амалиётга жорий этиш механизмлари такомиллаштирилади. Божхона расмийлаштируви жараёнида товарларга тегишли ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган усуллари ишлаб чиқилади. Божхона расмийлаштирувига тақдим этиладиган ҳужжатлар оптималлаштирилади ва соддалаштирилади. Давлат хизматларини кўрсатиш тизими божхона амалиётига жорий этиш механизмлари яратилади. Божхона органларининг хизмат кўрсатиш тизими халқаро ISO -стандарт талабларига мослаштириш чоралари кўрилади.

Божхона тизимида 2020-2023 йилларда амалга ошириладиган айрим вазифалар...

Мазкур фармон билан, Божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, жумладан, Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги Киота конвенциясига қўшилиш, умуман жами: 6 та Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаси, 3 та Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши белгиланган.

Ташқи иқтисодий фаолиятни тариф ва нотариф усуллари билан тартибга солишни соддалаштириш, Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими (таянч докторантура ва мустақил тадқиқот институти)ни ташкил этиш; Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтини Умумжаҳон божхона ташкилотининг “PICARD” (Божхона академик тадқиқотлари ва ривожланиш соҳасида ҳамкорлик) дастурининг профессионал стандартларига мувофиқ аккредитациядан ўтказиш; ДБҚ Божхона институтида ТИФ иштирокчилари учун божхона иши бўйича пуллик ўқув курсларини ташкил этиш амалиётини жорий этиш, Ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб этиш белгиланган. Мазкур фармонда, божхона органлари учун олий малакали, илмий даражали, илмий ва илмий педагог кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор берилган.

Божхона органларини кўп томонлама минтақавий ва халқаро ташкилотлар (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, Умумжаҳон божхона ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ва бошқалар) фаолиятидаги иштирокини фаоллаштириш ҳамда хорижий чет эл грантларини жалб этиш каби устувор вазифалар белгиланган.

Давлат божхона органларида тизимли ислоҳотлар олиб борилиши натижасида инсон омиллари аралашувисиз тўлиқ автоматлаштирилган божхона расмийлаштирувига эришилади; Божхона органларининг хизмат кўрсатиш тизими халқаро ISO - стандарти талабларига мослаштирилади; Божхона органларининг ташкилий бошқарув фаолияти такомиллаштирилади; Контрафакт ва фальсификация қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари ҳамда Интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилади. Мазкур фармон билан белгилаб берилган долзарб вазифаларни амалга оширилиши натижасида, Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига, йўловчиларга ҳамда тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратилади.

Мамлакатда фаол инвестиция муҳитини яратиш ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш ҳамда хорижлик инвесторларни жалб этишда албатта, бу олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ўзини ижобий натижаларини беради.

Қурбонқул КАРИМҚУЛОВ,
ДБҚ Божхона институти кафедра мудири, техника фанлари доктори, профессор