« Back

Брифинг 05.04.2020 14:12

ДОЛЗАРБ САВОЛЛАРГА ТЕЗКОР ЖАВОБЛАР

АОКА штабида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Қуйида брифинг давомида муҳим саволларга қайтарилган жавоблар тақдим этилади.

〰️〰️〰️〰️〰️
❓Вирус ҳавода, аниқроғи, лифт ёки кўп хонадонли уйларнинг зиналарида қанча вақт сақланиб қолади?

❗️Бу саволга аниқ жавоб йўқ. Бироқ агар кимдир лифтда акса урса ва сиз шу пайт лифтга кирсангиз, ўша ҳаводан нафас оласиз. Вирус зарралари оғирлиги сабаб ҳавода узоқ қолмайди — бор-йўғи бир неча дақиқа. Лекин жиҳозларнинг юзаларида, айниқса металл буюмларда вирус СОАТЛАБ сақланиши мумкин, баъзан 10 соат ҳам.
Эътибор қаратинг — эшик тутқичи, лифт тугмасида вирус бўлиши мумкин. Лифт тугмаларини тирсак ёки мушт билан босиш мумкин. Агар бармоғингизда боссангиз, вирус қўлингизга ўтса, Сиз кўз, бурун ёки оғизга тегизиш билан вирусни юқтирасиз.
Шунинг учун эшик тутқичини ушлаган, лифт тугмасини босган бўлсангиз, уйга киришингиз билан қўлингизни 20 сония совунлаб ювишингиз шарт.

〰️〰️〰️〰️〰️
❓Ҳаво ҳарорати 40 даража иссиқ бўлганда коронавирус атмосфера ҳавосида нобуд бўлиши ростми?

❗️Афсуски, йўқ. Сингапур университетининг medRxiv порталидаги маълумотларга кўра, вируснинг сезувчанлик хусусияти аниқ белгиланган, яъни у цельсий шкаласи бўйича 70 даражага тенглаштирилган. Таъкидлаш лозимки, коронавируснинг турли юзаларда яшвчанлиги турлича: масалан, қоғозда 3 соат, кийимда 2 кун, шиша юзасида 4 кун, пластикда 7 кун сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам дезинфекция қилиш ўта муҳим.

〰️〰️〰️〰️〰️
❓Фарзандим Тошкент шаҳрида туғилди. Туғруқхонадан чиқадиган пайтимда карантин сабаб вилоятлараро йўллар ёпилди. Мен бошқа вилоятликман, туғруқ жараёнида қийинчиликлар бўлганли сабаб ёлғиз қийналяпман. Уйга қандай етиб олсам бўлади?

❗️Республика махсус комиссиясининг инфекция тарқалиши олдини олиш мақсадида коронавирусга қарши курашиш бўйича қарорига кўра карантин вақтида шахсий автомобилда ҳаракатланиш тақиқланади. Бунинг учун сиз Давлат хизматлари марказига махсус рухсатнома олиш учун мурожаат қилишингиз зарур.

〰️〰️〰️〰️〰️
❓Барча йирик супермаркет ва бозорларда тана ҳароратини ўлчаш ва инфекция ташувчиларини аниқлаш учун тепловизор қўйса бўладими?

❗️Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 6 апрелдан эътиборан деҳқон бозорлари ва супермаркетларда ҲАР БИР ФУҚАРОНИНГ тана ҳарорати ўлчанади. Агар ҳарорат 37 даража ва ундан юқори бўлса, унинг объектга кириши ТАҚИҚЛАНАДИ. Бу фуқароларга шошилинч равишда тез ёрдам хизматига мурожаат қилиш тавсия этилади.

〰️〰️〰️〰️〰️
❓Мен шифокор-психиатрман. Тошкент шаҳрида яшайман, лекин Сирдарёдаги "Мурувват уйи"да ишлайман. Карантин сабаб мен 1 ҳафта узлуксиз кечаю-кундуз шифохонада ишладим ва маъмурият билан келишувга кўра 1 ҳафта уйда бўлдим. Сўнгра яна шифохонага қайтганимда ходимлар СЭС чақиришди ва мени мажбурий тарзда, текширувларсиз ва COVID-19 га тест синовларисиз уйга, карантинга жўнатишди. СЭС ва маъмурият ходимларининг бу ҳаракатлари қонунийми?

❗️Коронавирус карантини муддати 14 кунлик изоляциядан сўнг, касаллик аломатлари бўлмаганда ва изоляциянинг 10-кунида олинган лаборатория текширувлари манфий натижаси аниқланганда тугайди. Лаборатория текшируви натижалари бўйича яшаш жойи амбулатория поликлиникаси томонидан маълумотнома берилади.  Уй карантини даврида ойлик маош сақланиб қолади.