« Back

Бунёдкорлик 10.08.2020 13:06

Заҳматли меҳнатнинг юксак эътирофи

Мамлакатимизда ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади. Президентимиз заҳматкаш қурувчиларга йўллаган табригида ҳам уларга алоҳида миннатдорлик билдириб, касб байрами билан қутлади.

Ҳатто ҳозирги пандемия шароитида ҳам карантин талабларига амал қилган ҳолда барча қурилиш объектларида иш тўхтагани йўқ. Соҳа фидойиларининг тинимсиз меҳнати ва олиб бораётган саъй-ҳаракатлари туфайли бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда.

Бунёдкорлик халқимизга азалий мерос

Аслида бунёдкорлик халқимизга аждодлардан мерос. Кўп асрлик тарихга эга муборак қадамжоларимиз, гўзал меъморий обидаларимизнинг донғи етти иқлимга танилган. Шу сабабли Буюк ипак йўлида жойлашган Самарқанд, Бухоро, Хива жаҳон тамаддунида муҳим ўрин эгаллаган. Буюк бобомиз Амир Темурнинг “Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” деган пурмаъно сўзлари замирида ҳам ана шу ҳақиқат ўз аксини топган.

Ўтган йиллар давомида азим пойтахтимиздан тортиб энг чекка ҳудудларнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Кенг ва равон йўллар, бири-биридан гўзал осмонўпар биноларни кўрганингизда қурувчиларнинг маҳоратига қойил қолмасдан илож йўқ. Айниқса, туман ва қишлоқларда аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни юртдошларимиз чуқур миннатдорлик билан эътироф этади.

– Бинокорлик миллий анъаналаримиз асосида давом этаётгани, соҳага замонавий билим ва тажрибалар кенг татбиқ қилинаётгани бизни хурсанд қилади, – дейди “Ижод-ижод” қурилиш корхонаси раҳбари Алишер Раҳмонов. – Қурилиш соҳасида иш бошлаганимга 24 йил бўлди. Шу касб туфайли эл орасида обрў топдик. Биз миллий услубдаги биноларни қурамиз. Ўтган вақт давомида Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё ва бошқа кўплаб вилоятлардаги тарихий обидалар, масжидлар, маданият марказларини қуриш, пардозлаш, таъмирлаш ва реставрация ишларида қатнашдик. Айни кунларда Ислом цивилизацияси маркази учун зарур қурилиш материалларини тайёрлаяпмиз. Давлатимиз томонидан соҳа ходимларининг меҳнати алоҳида эътироф этилгани бизга янада куч-ғайрат бағишлайди. Ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.

Қурилишдаги ислоҳотлар жамият фаровонлигига хизмат қилади

2020 йилда қурилиш соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони 38 минг 718 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6,5 мингтага кўпайган. Жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизда жами 43 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107 фоиздан зиёдни ташкил этган. Мазкур рақамлардан кўриниб турибдики, йил сайин мамлакатимизда қурилиш майдонлари кенгаймоқда. Бу эса аҳолига қулай турмуш шароитини яратиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш ва давлатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурилиши бўйича 2020 йилда республика бўйича жами 12 минг 4 та уй қурилиши мўлжалланган бўлиб, шундан 8 минг 4 таси “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК иштирокида, 4 минг таси янги тартибда қурилади. Шунингдек, шаҳарларда аҳолига арзон кўп квартирали уй-жойлар қурилиши борасида бу йил жами 18 минг 10 та уй қурилиши белгиланган. Шундан 4 минг 256 таси “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК иштирокида, 13 минг 754 тасини янги тартибда қуриш режалаштирилган.

Тадбиркорлар (хусусий сектор) томонидан банк кредити ва ўз маблағлари ҳисобидан замон талаблари асосида жами 298 та кўп қаватли уй-жой қуриш мўлжалланган. Ҳозирга қадар мазкур турар жойлар бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда.

Бундан ташқари, 2020 йил учун инвестиция дастурига киритилган 2 минг 379 та объектни бунёд этиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жумладан, 477 та умумтаълим мактаби, 427 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 216 та соғлиқни сақлаш, 5 та олий таълим, 29 та жисмоний тарбия ва спорт объекти, 11 та олимпия захиралари мактаб-интернати ва бошқа шу кабиларни келтириш мумкин.

Қайд этиш керакки, мазкур бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини оширишда қўл келувчи базальт, сунъий толали иситиш қурилмалари, иссиқлик етказиб берувчи тизимлар каби кўплаб энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқаришни янада кенгайтириб, аҳоли бандлигини ҳам таъминламоқда.

Замонавий “City”лар дунё тан олган услубда қад кўтармоқда

Бу каби ислоҳотларнинг аксарияти янгича руҳда, кенг кўламда замонавий кўринишда амалга оширилмоқда. Жумладан, пойтахтимизда “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши ишлари жадал олиб борилмоқда. Эътиборлиси, қурилиш ишларига давлат маблағлари жалб қилинмаган. Янги маскан жаҳон стандартларига мос равишда 3 йилда битказилиши режалаштирилган. Ҳудудда қурилаётган дастлабки объектлардан бири беш юлдузли меҳмонхона ва “Конгресс холл“ ҳисобланади. “Tashkent City” пойтахтимиз меҳмонлари, тадбиркорлар ва халқимизга хизмат кўрсатади. Ҳудуддаги 80 гектар майдонда бизнес марказ, саноат парки, савдо мажмуалари, конференция заллари, ресторан ва маданий марказлар, кўп қаватли уйлар жадал суръатда қурилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, объектлар қурилишида ностандарт ишланмалар ва архитекторлик лойиҳаларидан фойдаланилган. “Hilton” меҳмонхонаси мустаҳкамлигини таъминлаш учун 37 метргача бўлган чуқурликка 378 дан ортиқ қозиқ ўрнатилди. “Конгресс холл“ остидаги тупроқ мустаҳкамланиши пурковчи цементлаш технологияси ёрдамида амалга оширилди. Мазкур бинонинг остига 3 минг 900 қозиқ ўрнатилган. Бундай технологияни амалиётга қўллашда, аввало, грунтнинг мураккаб таркиби ва бинонинг оғир вазни алоҳида эътиборга олинган.

Ҳозир пойтахтимиз қиёфаси тубдан янгиланишида ҳам мазкур бунёдкорлик ишлари асосий ўрин эгаллайди. Хусусан, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод каби бир қатор туманларда ҳам жаҳон андозасига мос замонавий масканлар барпо этилмоқда.

Ҳудудлар шаҳарсозлигида бош режаларни ишлаб чиқиш муҳим

Аввало ҳудудларимизни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантиришнинг асоси нимадан бошланади? Шунга қисқача тўхталиб ўтсак. Энг аввало, ҳар битта аҳоли пунктини (шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овуллар) мукаммал ва истиқболли ривожлантиришни кўзлаган ҳолда бош режалар ишлаб чиқилиши лозим. Маълумот тариқасида рақамларга назар соладиган бўлсак, ҳозир жами 1 минг 200 та шаҳар ва шаҳарча мавжуд бўлиб, шундан 91 фоизининг бош режалари ишлаб чиқилган. Ушбу бош режалар асосида йўл, сув, инженерлик тармоқлари аҳоли яшаши учун уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ҳудуднинг салоҳиятига қараб ишлаб чиқариш объектлари қурилиши ташкил этилади.

Ҳозир бу қурилиш жараёнлари асосан тадбиркорларимиз, маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан амалга оширилмоқда. Ваҳоланки, бу қурилиш ишларини амалга оширишнинг қонунчилигимизда белгилаб қуйилган тартиб-тамойиллари мавжуд

– Биз биламизки, авваллари бу жараёнлар маҳаллий ҳокимият органлари ва тегишли ташкилотлар билан тўғридан-тўғри мурожаат орқали амалга ошириларди, – дейди Қурилиш вазирлиги ҳудудларни архитекетура ва шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш бошқармаси мутахассиси Жаҳонгир Анваров. – Мазкур жараёнда кўплаб ҳужжатлар талаб этилиши эса кишиларга ноқулайликлар туғдираётган эди. Шунингдек, айрим бюрократик тўсқинликлар юзага келишига сабаб бўларди. Ҳозирги кунга келиб бу жараёнлар батамом соддалаштирилди. Қурилиш вазирлиги томонидан бу каби оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бунда аввало соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилгани муҳим аҳамият касб этди.

Соҳада олиб борилаётган бундай ислоҳотлар, ҳудудлар кўркига ўзгача жило бергувчи улкан қурилишлар замирида халқимиз турмуши фаровонлигини ошириш мақсади мужассам.

Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА