« Back

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланади 04.05.2020 18:59

ТОШКЕНТ – ФРОНТ ОРҚАСИДАГИ ҚАҲРАМОН ШАҲАР

Инсоният  тарихида мисли кўрилмаган фожиали, ўша пайтда мавжуд 73 давлатнинг 62 таси иштирок этган, дунёнинг икки ҳарбий-сиёсий иттифоқи ўртасидаги Иккинчи жаҳон уруши расман 1939 йилнинг 1 сентябрида бошланган деб ҳисобланади. Ушбу қирғинбарот уруш Европа, Осиё ва Африка қитъалари, курраи заминимизнинг барча океанларида олиб борилди, унда жаҳон тарихида биринчи марта ядро бомбаси қўлланди.

Аммо ана шу санадан анча илгари – 1931 йилда Япония Манчжурия ва Шимолий Хитойга бостириб кирган, 1937 йилда япон-хитой уруши бошланиб кетган эди. Биринчи жаҳон уруши якунлари бўйича қабул қилинган Версаль шартномасидан ўзини таҳқирлаган деб ҳисоблаган Германия қўшинлари 1939 йилнинг ана шу 1 сентябрида Польшанинг давлат чегарасидан ўтган. 3 сентябрда эса  Англия, Франция, Австралия ва Янги Зеландия Германияга қарши уруш эълон қилган. Бу Иккинчи жаҳон урушини бошлаб берган.

Ушбу қирғин кўламларидан ҳарбий ҳаракатлар 40 давлатнинг ҳудудида олиб борилганлиги, мамлакатларнинг қуролли кучларига 110 миллион киши сафарбар этилганлиги, қурбонлар эса 60-65 миллион кишига етганлиги далолат беради[1].

1941 йилнинг баҳорига келиб Германия Дания, Норвегия, Бельгия, Голландия, Люксембург, Франция, Югославия ва Грецияни забт этиб бўлган эди.  22 июнда эса немис қўшинлари собиқ Совет Иттифоқига бостириб кирди. Бу пайтда Италия, Венгрия, Руминия, Финляндия, Словакия, Хорватия Германия томонида жанг қилар эди. Қисқа муддат – уч ойнинг ўзида  фашистлар Литва, Латвия, Эстония, Белоруссияни,  Украина ва Молдованинг катта қисмини босиб олган, Ленинградни қамал қилган, Москва остоналарида турар эди.

Немисларнинг шиддатли ғолибона ҳужуми собиқ Иттифоқни танг аҳволга солиб қўйган эди. Мамлакат ўзининг жуда муҳим  хомашё ва саноат марказлари – Донбасс ва Криворог темир руда ҳавзалари, Украина ва Россия жанубидаги озиқ-овқат манбаларидан маҳрум бўлган эди. Бу ҳудудларда 31850 та машинасозлик, тоғ-кон, металлургия, тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат саноати корхоналари бўлган, мамлакат аҳолисининг 40 фоизи истиқомат қилган. Миллионлаб фуқаролар душман босиб олган ҳудудларда қолган, уларнинг меҳнатга лаёқатли юзлаб минг нафарлари Германияга қул қилиб олиб кетилган.

Қудратли душман билан жанг олиб бориш учун мамлакат ғарбидаги саноат корхоналари, аҳоли, моддий ва маънавий бойликларни хавфсиз ҳудудлар – Шарққа, шунингдек,  Марказий Осиё республикаларига ниҳоятда шошилинч кўчириш талаб қилинаётганди. Бу икки босқичда – 1941  йилда – Белоруссия, Украина, Болтиқбўйи республикаларидан, Москва ва Ленинграддан, 1942 йилда – мамлакат Европа қисмининг жанубидан амалга оширилди.  Натижада 2593 та йирик саноат корхонаси, шу жумладан барча мудофаа, машинасозлик, металлургия, электр техника саноатининг завод ва фабрикалари эвакуация қилинди.

Айни пайтда ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудлардаги аҳолини ҳам шошилинч хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш талаб этилаётганди. Қонли уруш давом этаётган ўта мураккаб шароитларда Болтиқбўйи республикаларидан – 120 минг, Молдавиядан – 300 минг, Белоруссиядан -1 миллион, Украинадан – 3,5 миллион, Ленинграддан – 1,7 миллион, Москвадан – 2 миллион кишини эвакуация қилишга муваффақ бўлинди[2].

Кўчирилаётган корхоналар, эвакуация қилинаётган аҳолининг салмоқли қисмини Ўзбекистон қабул қилиб олди.

Инсоният тарихидаги бу  энг даҳшатли уруш  юртдошларимизни ҳам ўз гирдобига тортган. Ўзбекистонда 15 та дивизия ва бригада тузилган, бир ярим миллиондан ортиқ ватандошларимиз жангу жадалларда  қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди жанг майдонларида  ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларидаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Уларнинг орасида 280 нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамони, 82 нафари мақоми Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига тенглаштириладиган учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлган.

Ўзбек халқининг фронт орқасидаги матонати ва инсонпарварлигини ҳам  алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!” деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Республикамиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди.

Юртимиздан жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғлар, ҳарбий-санитария поездлари, юзлаб дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.

Ўзбекистон аҳли уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллионга яқин инсонга бошпана бериб, ўз нонини улар билан баҳам кўрди. Айниқса, ота-онаси, оиласидан жудо бўлган 200 минг нафар бегуноҳ болаларни “Сен етим эмассан!” деб бағрига босиб, меҳр-мурувват кўрсатди”[3].

Кўчириб келинган завод ва фабрикалар асбоб-ускуналарининг кўпчилиги тўғридан-тўғри очиқ осмон остида ўрнатилар, бир неча ҳафта, ой давомида фронт учун қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришга киришиларди. Ишчиларнинг асосий қисми хотин-қизлар ва ўсмир ёшлардан иборат бўлиб, улар деярли куну тун меҳнат қиларди.

Халқимиз фақат меҳнатда қаҳрамонлик кўрсатиб қолмасдан неча йиллар давомида пешона эвази ҳисобига ишлаб топган пуллари, қимматбаҳо буюмларини республикада ташкил этилган Мудофаа жамғармасига икки қўллаб топширарди. “Фронт учун, ғалаба учун” умумхалқ ҳаракатига ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам ўз ҳиссаларини қўшарди. Улар тўплаган темир-терсак, ишлаб топган пуллари ҳисобидан яратилган қурол-аслаҳа фронтга жўнатиларди.

Уруш йилларида, айниқса ўзбек халқининг бағрикенглиги, меҳр-муруввати тилларда достон бўлди. Етимларни ўз бағрига олган, сўнгги бурда нонини улар билан баҳам кўрган, туққан фарзандларидек меҳрибонлик билан тарбия қилган ўнлаб, юзлаб оилаларнинг асл инсонпарвалик ибрати жаҳонни ҳайратга солди.

Ўша йилларда Ўзбекистон мамлакатнинг фан, маданият ва санъат арбоблари учун иккинчи ватанларига айланди, заминимизда оламшумул ихтиролар кашф қилинди, янги роман ва қиссалар,  шеър ва поэмалар битилди,  сара санъат асарлари  яратилди. Айни пайтда республика жанг майдонларида жароҳатланган аскарларга иккинчи умр бахш этган шифохонага ҳам айланди. Бу ерда минглаб жангчилар даволаниб, сафга қайтди.

Ўз вақтида “Тошкент – нон шаҳри” шуҳратига сазовор бўлган  Ўзбекистон пойтахти, бутун республика аҳолиснинг  Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги меҳнат жасоратлари ва юксак инсонпарварлик фазилатларини муносиб баҳолаётган диёримизда жон сақлаганлар, уларнинг фарзандлари, олим ва зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари Тошкентга фронт орқасидаги қаҳрамон шаҳар номини бериш таклифини илгари сурдилар. Амалиётда ҳозирча бундай унвон таъсис этилмаган бўлса ҳам пойтахтимиз, умуман Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг  Иккинчи жаҳон урушидаги матонати ва жасорати, чексиз бағрикенглигига  берилган ана шундай баҳо ниҳоятда  диққатга сазоворлиги шубҳасиздир.

1. ИНСОННИНГ МИСЛИ КЎРИЛМАГАН МАТОНАТИ ТЎҒРИСИДА ҚИССА

Ўз вақтида АҚШ олимлари урушда ғалаба қозониш нимага – армиянинг қандай жанг қилишига ёки фронт орқасининг самарали ишлашига боғлиқлигини аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказганлар. Уларнинг изланишлари урушдаги муваффақиятнинг 15 фоизини армия, 85 фоизини эса фронт орқаси таъминланишини кўрсатган. Собиқ Иттифоқда бундай тадқиқотлар ўтказилмаган, аммо фронт орқаси буюк Ғалабанинг мустаҳкам пойдевори бўлганлиги шубҳасиздир.

Душман босиб олиш хавфи бўлган Иттифоқ ғарбидан 1941 ва 1942 йилларда Ўзбекистонга ҳаммаси бўлиб 100 тага яқин саноат корхонаси, шу жумладан 48 та машинасозлик, металл ишлаш, кимё ва бошқа ҳарбий техника ва маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик заводларнинг асбоб-ускуналари, мутахассислар ва ишчиларнинг бир қисми билан кўчириб келтирилган. Улар орасида собиқ Иттифоқда энг йириклардан ҳисобланган Ленинград тўқимачиликмашиналари заводи, «Қизил Оқсой», Ростов қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, Сумск компрессор ва Днепропетровск карборунд, Москвадаги «Электрокабель» ва «Подъёмник», Харьков станоксозлик, кўтарма кранлар, Темир йўллар халқ комиссарлигинингмашинасозлик, Чкалов номидаги авиация, «Красний путь», Киевдаги «Транссигнал»  ва “Кинап” заводлари, Сталинград кимё комбинати ва бошқа  саноат корхоналари  бор эди. Завод ва фабрикаларнинг 55 таси  – Тошкент шаҳри ва вилояти, 22 таси – Фарғона водийсида, 14 таси – Самарқандда, иккитаси Бухорода жойлаштирилган. Кўчириб келинган машина ва ускуналардан фойдаланган ҳолда яна 47 та маҳаллий корхона  ташкил этилган[4].

Эвакуация қилинган саноат корхоналарини жойлаштириш, улар асбоб-ускуналарини монтаж қилиш, фойдаланишга топшириш учун республикада махсус Давлат иқтисодиёт комиссияси ташкил этилган.Кўчириб келинган корхоналар учун мавжуд бинолар шошилинч бўшатиб берилган ёки асбоб-ускуналар янгидан қурилган биноларга зудлик билан жойлаштирилиб,  монтаж қилинган. Улар ишчи кучи, хом ашё, зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган ва қисқа муддатда фронт учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Уруш республика саноатини ҳарбий изга солиш, мавжудва кўчириб келтирилган корхоналарда қурол-яроғларнинг муҳим турлари – самолётлар, танклар, бронепоездлар, авиабомбалар, тўп ва замбараклар, гранаталар, миналар, снарядлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйишни талаб этарди. Бунинг учун етарли даражада металл қирқувчи станоклар ва аниқ ўлчовчи асбоблар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, нодир металлар қазиб олишни кучайтириш ҳамда қора ва рангли металлургия саноатини яратиш, электр энергетика базасини кенгайтириш, нефть қазиб олишни 2-3 баравар ошириш, кўмир қазиб олишни жадаллаштириш, йирик қурилиш материалларини ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, қисқа муддатда минглаб малакали ишчилар тайёрлаш зарур эди.

1941 йилнинг охиридаёқ кўчириб келинган корхоналарнинг 50 тасидан ортиғи ишга туширлган. Хусусан, Ростов қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи бу ерга етибкелганидан кейин орадан 25 кун, «Қизил Оқсой» заводи  эса 29 кун ўтганда ишга туширилиб, маҳсулот бера бошлаган.Чкалов номидаги авиация заводида жанговар самолётлар, Ростов қишлоқ машинасозлиги заводида “Катюша” ва миномёт снарядлари, Колчугинскдан келтирилган кабель заводида ҳарбий алоқа маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланган.1942 йилнинг биринчи ярмида  эвакуация қилинган завод ва фабрикаларнинг ҳаммаси тўла қувват билан ишлай бошлаган.

Маҳаллий саноат корхоналари- Тошкент  қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводи қурол, Андижондаги “Коммунар”, Қурилиш машинасозлиги заводлари самолётлар ва танклар учун бутловчи қисмлар, Қўқон тикувчилик фабрикаси ҳарбий формакийим-кечаклари ишлаб чиқара бошлаган. 1941 йилнинг декабрига келиб республикадаги 137 корхонанинг 64 таси ҳарбий изга ўтказилиб, фронт учун қурол-яроғ ва ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Кўчириб келтирилган  корхоналарда  ўрта ҳисобда ўз ишчи ва муҳандис-техник ходимларининг сони  20 фоизни ташкил этган. Уларнинг қолган 80 фоизини маҳаллий ишчи ва техник ходимлар билан таъминлаш керак бўлган. Ҳолбуки, Ўзбекистонда кўп минглаб тажрибали ишчиларнинг фронтга сафарбар этилиши   республикадаги мавжуд  завод ва фабрикаларда малакали ишчилар сонининг кескин қисқаришига олиб келганди. Шунинг учун  меҳнатга лаёқатли аёллар, ўсмир ёшлар, пенсионерлар  ишчилар сафига жалб этилган. Жумладан, 1941 йилнинг охиригача Тошкентдаги саноат корхоналарига 1213 хотин-қиз ишга жойлаштирилган.

1942 йилнинг февраль ойида 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркаклар, 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган хотин-қизлар саноат ишлаб чиқаришига сафарбар этилиши эълон қилинган. Ишлаб чиқаришдан ўзбошимчалик билан кетиб қолиш учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.

Ёшларни касбга ўргатиш учун 1942 йил охирига келиб 15 та ҳунар мактабига қўшимча равишда 31 та фабрика-завод мактаблари очилган, Шунингдек, қисқа курсларда ишчиларни оммавий касбларга ўқитиш, якка тартибда ва бригада усулида шогирдларни тайёрлаш йўлга қўйилган. Икки йил давомида Ўзбекистонда оммавий касбдаги 305,7 мингга яқин  саноат ишчилари тайёрланган, шундан 73 минг нафари бевосита ишлаб чиқариш жараёнида ҳунар эгаллаган.

Уруш болалар ва ўсмирларни ҳам тез улғайтирган.

– Биз ўйинқароқ бола эдик, –- меҳнат фаҳрийси В.И.Крапивний ўша кунларни ёдга олади. – Отам “Чирчиққурилиш” трестининг темир йўл хўжалигида ишларди. У бир кун ишдан келиб, мени чақирди. Отам: “Ўғлим, ишчиларимизнинг кўпчилиги фронтга кетган. Иш кўп, одам йўқ. Энди ўйинларингни йиғиштириб, эртага ўртоқларинг билан трестга келинг. Ишга, касб-ҳунарга  ўрганасизлар” деди.  Отам  айтганидек қилдик. Мени паровоз депосида электр пайвандчига шогирд қилиб  олишди. Ярим йил ўтар-ўтмас мустақил ишлай бошладим. Тез орада 5-разрядли электр пайвандчи бўлдим, энг масъулиятли топшитриқларни бажаришни уддасидан чиқа бошладим.

Кўчириб келинган саноат корхоналаридаги иш жараёнини Чкалов номидаги авиасозлик заводи мисолида тасаввур этиш мумкин. Москва яқинидаги Химки шаҳарчасида жойлашган ушбу корхона 1941 йилнинг декабрида эвакуация қилинган. Корхонанинг 17 та эшелонига ортилган асбоб-ускуналари  фашистларнинг бомбардировкалари остида Тошкентга йўл олган. Биринчи эшелон 1941 йил 20 ноябрда етиб келган. Ҳар бир эшелон келиши билан жиҳозлар қиш пайтида очиқ майдонда  монтаж қилина бошлаган ва бир йўла самолёт қисмларини йиғишга киришилган. Заводнинг деворлари кейин кўтарилган. Бу ерда йиғилган биринчи самолёт 1942 йил 7 январда – яъни биринчи эшелон Тошкентга етиб келганидан кейин атиги 48 кун ўтиши билан осмонга кўтарилган.

Расмий равишда 12 соатлик иш вақти белгиланган. Амалда иш жараёни узлукксиз – куну тун давом этган.  Ишчи-хизматчилар бевосита цехларда бир неча соат мизғиб олишган.

Уруш йилларида Тошкентдаги Юқори частотали ток заводида ишлаган Зинаида Куликова шундай ҳикоя қилади:

– Уруш бошланганида мен энди 6-синфни тугаллаган эдим. Турмуш жуда қийинлашиб кетди, кун кечириш учун  корхона ёки жамоа хўжалигида ишлаш зарур эди.  Шу ёшда бўлишимга қарамасдан заводга монтажчининг шогирди сифатида ишга киришимга тўғри келган. Шу билан бирга кечки мактабда ўқишни давом эттирганман. Заводда бутун уруш давомида – 1941 йилдан 1946  йилгача ишлаганман.

Саноат корхоналарининг тўла қувват билан куну тун ишлашини   фронтдаги вазият ҳам талаб қилган. Давлат мудофаа қўмитаси ўзининг 1942 йил 24 февралдаги 1340-сонли буйруғи билан  Чкалов номидаги авиасозлик заводи учун “Дуглас” (ПС-84) самолётлари ишлаб чиқариш сони бўйича қуйидаги топшириқни берган:

1942 йилнинг март ойида - 30 самолёт;

1942 йилнинг апрель ойида - 40 самолёт;

1942 йилнинг май ойида - 50 самолёт;

1942 йилнинг июнь ойида - 60 самолёт ишлаб чиқариш.

Ушбу топшириқ сўзсиз бажарилган, албатта. 1942-1945 йиллада Тошкентга кўчириб келинган Чкалов номидаги авиасозлик заводидан фронтга 2258 та самолет жўнатилган.

1942 йил сентябрида ПС-84  самолётининг номланиши Ли-2 деб ўзгартирилган. Ли – корхона бош муҳандиси Борис Павлович Лисунов номининг қичқартирилган шакли эди. Бу бош муҳандиснинг “Дуглас” самолётини модернизация қилишдаги улкан ҳиссасига берилган муносиб баҳо бўлган.

Бош директор М.М.Титаренко раҳбарлигида эвакуация қилинган Ростов қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводининг асбоб-ускуналари ортилган эшелонлар Тошкентга етиб келганидан сўнг 33 кун ўтиши билан маҳсулот ишлаб чиқаришга киришилган. Ҳолбуки, корхона жиҳозлари кўплиги сабабли бу корхона шаҳарнинг уч қисмида  жойлаштирилган, жиҳозларнинг бир қисми эса Чирчиққа жўнатилган. Умуман, уч ой мобайнида яланг жойда 12 минг квадрат метрни ташкил этган завод цехлари қад кўтарган.

Ростов қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи цехларидан бирининг раҳбари И.Виноградовнинг гувоҳлик беришича, Ростовда корхона барпо этилаётганда  чўян қуйиш цехи қурилиши учун икки  йил вақт керак бўлган. Тошкентда эса бу цех корхона кўчириб келинганидан 35 кундан кейин биринчи чўян қуйилишига эришилган. Бундай меҳнат жасоратларига бошқа саноат корхоналарида ҳам дуч келиш мумкин эди.

Эвакуация қилинган завод ва фабрикалар тўла қувват билан ишлаши учун уларни хомашё, электр қуввати билан таъминлаш талаб қилинган. Уруш шароитларида янги кўмир, нефть, қора ва рангли металл конлари очилган.  1942 йилда  Бекободда металлургия заводи қурилишига киришилган. Ўзбекистоннинг бу биринчи металлургия заводи 1944 йилда дастлабки металл маҳсулотлари  ишлаб чиқара  бошлаган.

1940 йилнинг охирларида Қурама тоғ тизмасида дастлабки кўмир қазиб оладиган шахта қурилган. Уруш йилларида Ангрен кўмир конида яна учта шахта ва очиқ усулда кўмир қазиб олинадиган карьер,  Қизилқия кўмир кони фойдаланишга топширилган. Бу 1945 йилга келганда 1940 йилдагига нисбатан 30 мартадан кўпроқ, яъни 103 миллион тонна кўмир қазиб олинишини таъминлаган.

Вольфрам, молибден, мис ва олтин конларининг топилиши Ўзбекистонда рангли металлар саноати барпо этилишига замин яратган.  Уруш йилларида «Чуқурлангар», «Толмозор», «Наймон», «Шаҳрихон-Хўжаобод», «Жанубий Оламушук» ва бошқа янги нефть конлари ишга туширилиши билан бир қаторда Фарғона водийсидаги мавжуд  «Андижон», «Полвонтош», «Чангартош», «Чимён» нефть конларининг қуввати кескин оширилган. Бу уруш йилларида нефть ишлаб чиқаришни тўрт бараварга ошириб, 1945 йилда 478 минг тоннага етказилишини таъминлаган.

Фронтни ёқилғи билан таъминлашда республикада нефть геология-қидирув, нефть саноатининг қурилиш-монтаж, шунингдек иккита нефть қазиб олиш  трестлари,  бурғалаш қурилмалари ишлаб чиқариш бўйича асбобсозлик, нефть машинасозлиги заводларининг барпо этилиши катта аҳамиятга эга бўлган.

 

image001  image002

Шарққа йўл олган эшелонлар

 

image003

Тошкент авиация заводида фронт учун самолётлар ишлаб чиқариш жараёни, 1943 йил

 

image005

Тошкентдаги мудофаа корхонасида снарядлар ишлаб чиқариш

 

Горький ва Сталинград шаҳарларидаги кимё заводларининг  кўчириб келинган   жиҳозлари негизида Чирчиқ электркимё комбинатининг иккинчи навбати ишга туширилган. Бу ерда фронт учун ниҳоятда муҳим аммиак ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. 1943 йилда эса Қува кимё, Қўқон суперфосфат, Фарғона гидролиз заводлари ҳам маҳсулот ишлаб чиқара бошлаган. Республикада кимё маҳсулотлари 1940 йилга нисбатан олти маротабадан ҳам кўпроққа ортган.

Тошкент темир йўл транспортчилари кўчириб келтирилаётган корхоналарнинг асбоб-ускуналарини ва миллионлаб кишиларни, жанговар техника ва қурол-яроғларни Шарқдан Ғарбга ўз вақтида тўхтовсиз ўтказиб туриш вазифасини   бажарганлар. Шу билан бирга  Ўзбекистонда янги темир йўллар қурилиши жадал олиб борилган, 1941-1945 йилларда темир йўллар узунлиги икки   бараварга ортган. Тошкент-Ангрен, Бойсун-Отқулоқ-Турангли, Тошкент товар станцияси темир йўллари қурилиб ишга туширилган.

Янги корхоналарни узлуксиз электр таъминотини йўлга қўйиш учун  Тошкент шаҳри ва вилоятида Салар, Қуйи Бўзсув, Товоқсой, Оққовоқ, Оқтепа, Қибрай, шунингдек 30 тага яқин кичик қишлоқ гидроэлектр станциялари фойдаланишга топширилган.

Айниқса, Фарҳод гидроэлектр станциясининг қурилиши катта аҳамиятга эга бўлган.  Унинг лойиҳаси мисли кўрилмаган муддат – икки ой ичида тайёрланган. Ушбу лойиҳани ишлаб чиқишда республиканинг таниқли ирригаторлари, техника фанлари докторлари, профессорлар А.Н.Аскоченский ва В.В.Пославский бевосита иштирок этганлар. Уларга Иттифоқнинг етакчи энегетиклари, академиклар Г.О.Графтио ва  Б.Е.Веденеев маслаҳатчи бўлганлар.

 ГЭС умумхалқ қурилишига айланиб, 10 ой ичида Сирдарёни тўсишга муваффақ бўлинган. Фарҳод ГЭСи қурилиши умумхалқ ҳашарида Қашқадарё қишлоқ меҳнаткашлари ҳам фаол иштирок этган. Ўша пайтда ушбу вилоят штабининг бошлиғи бўлган Петр Степанович Непорожний бу суронли кунларни қуйидагича хотирлайди:

– Фарҳод ГЭСи қурилишидаги вазият фронтдагидан деярли фарқ қилмасди. Бу умумхалқ ҳашарига Қашқадарёдан 7 минг киши сафарбар этилган эди. Уларнинг ҳаммаси ертўлаларга жойлаштирилганди. Иш кечаю кундуз олиб бориларди. Ҳар бир  бригада ўзлари учун овқатни ўзлари тайёрларди.  Туманлардан юбориладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб турар, шунга қарамасдан ҳеч ким ишдан бўйин товламасди.

Қурилиш ишлари қўлда бажариларди. Ишонасизми-йўқми биз беш йил ичида замбиллар билан 20 миллион куб метр тупроқни қазиб, бир неча ўн метр тепага олиб чиқиб тўкканмиз.

Янги гидроэлектр станцияларининг ишга туширилиши республикада электр қуввати ҳосил қилишни 1943 йилда 1940 йилга қараганда уч ярим баробарга оширган.

 

 

image007 image009

Фарҳод ГЭСининг қурилиши, 1943 йил

 

1941 йилнинг26 июлидан бошлаб мажбурий иш вақтига қўшимча ишлаш жорий этилган. Ҳамма катта ёшдагилар учун олти кунлик иш ҳафтасида 11 соатлик иш куни белгиланган, меҳнат таътиллари бекор қилинган. Саноат корхоналари ишчи ва хизматчилари аслида ярим оч ҳолда ишлаган. Ишчи-хизматчилар карточка бўйича кунига 400-500 грамм нон олган. Бошқа маҳсулотлар – гўшт, балиқ, ёғ, ёрма, макарон  учун ҳам карточка жорий этилган. Қишлоқ аҳолиси учун эса карточка умуман берилмаган.

Ўзбекистондан фронтга 2258 та самолёт, 5 та бронепоезд, 1,7 мингта авиация мотори, шунча миқдорда миномёт, 22 миллион мина, 560 мингта снаряд, 330 мингта парашют, 100 минг километрдан узунроқ сим ва бошқа ҳарбий маҳсулотлар жўнатилган[5].

Буюк Ғалабага қишлоқ меҳнаткашлари ҳам ўзларининг улкан ҳиссасини қўшганлар. Улар олдида саноатни хом ашё, аҳолини озиқ-овқат билан  таъминлашдек улкан ва мураккаб  масъулияти турарди. Ўша пайтда республика қишлоқ хўжалиги асосан пахта етиштиришга ихтисослашган бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг салмоқли қисми бошқа республикалардан етказиб берилар эди. Эндиликда эса  нафақат  маҳаллий аҳолини, шунингдек кўчириб келинган бир миллионга яқин кишини ҳам боқиш керак эди. Буннинг устига  жамоа хўжаликлари деҳқонларининг асосий қисми  фронтга ва ҳарбий саноат корхоналарида ишлашга сафарбар этилганди. Шу билан бирга республикадаги машина-трактор станцияларининг тракторлари, автомобиллар, қишлоқ хўжалик машиналари, ҳатто отларнинг бир қисми  армия эҳтиёжлари учун олиб кетилган эди.

Бундай шароитда қишлоқ хўжалиги соҳасида энг кам миқдордаги мажбурий меҳнат кунлари миқдори  1,5 бараварга оширилган, 12 ёшдан бошлаб ўсмирлар учун ҳам меҳнат кунлари белгиланган.

Уруш йилларида республика деҳқончилигининг таркиби тубдан ўзгарган. Асосий тармоқ сифатида пахтачилик сақлаб қолиниши билан бирга дон, қанд лавлаги, каноп, пилла, сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш  чоралари кўрилган. Бунинг учун  қўриқ, лалмикор ерлар, тўқайлар ўзлаштирилган. Экин майдонларини кенгайтириш мақсадида Шимолий Тошкент, Юқори Чирчиқ, Шимолий Фарғона, Сўх-Шоҳимардон, Учқўрғон каналлари, Косонсой ва Каттақўрғон сув омборлари қурилган.Фақат 1941-1943 йилларнинг ўзида Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг майдони 560,8 минг гектарга оширилган, ҳашар йўли билан 149,6 миллион кубометр ирригация ишлари бажарилган.

Самарқанд, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари лавлаги етиштиришга ихтисослаштирилган. Қисқа муддатда Зирабулоқ, Қўқон, Янгийўл қандолат  заводлари қурилган. Натижада уруш йилларида Иттифоқда ишлаб чиқарилган шакарнинг тўртдан бир қисми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.

 

image011

Уруш йилларида. Пахта терими

 

Умуман, уруш йилларида республикамизнинг қишлоқ меҳнаткашлари давлатга 4,8 миллион тонна пахта, 1 миллион тоннадан зиёд дон, 195 минг тонна шоли, 108 минг тонна картошка, 374 минг тонна сабзавот ва мева,57,5 минг тонна узум, 159,3 минг тонна гўшт ва бошқа маҳсулотлар топширган[6].

Ўзбекистондан фронтга мунтазам совғалар жўнатиб турилган. Жумладан, 1942 йилнинг 15 февралида Жанубий-Ғарбий фронтга Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари меҳнаткашларининг “Ҳамма нарса - фронт учун, ҳамма нарса - ғалаба учун” шиорига бурканган, жангчиларга 3 вагон гўшт, 2 вагон гуруч, 13 вагон қуруқ мева, 2 вагон анор, 4 вагон сабзавот маҳсулотлари, 8 вагон узум ортилган эшелони йўлга чиққан.Ўша куниёқ Тошкентдан ҳам жангчиларга Ўзбекистон меҳнаткашларининг 2 эшелонга ортилган совғаси жўнатилган.

2 мартда ушбу эшелонлар ва бу ерга совға-саломлар келтирган Ўзбекистон Олий Кенгаши Раиси  Йўлдош Охунбобоев бошчилигидаги делегация аъзоларини  Жанубий-Ғарбий фронт қўмондони, генерал-лейтенант Костенко кутиб олган. Қўмондон шу заҳотиёқ ўз қўшинларига “Ўзбек халқи шарафига душманга ўт оч!” деб буйруқ берган.

Ўзбекистон аҳолисининг ўзи уруш шароитларида оч-наҳор яшаётганларига қарамасдан уруш кулфатини бошидан кечирган мамлакат ҳудудларига мунтазам озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатиб турган. 1943 йилда Андижондан Ленинградга 8 минг тонна ун, 5496 килограмм дон, 1160 килограмм гуруч, 8150 килограмм қуруқ мева, 418 та қўй, Қорақалпоғистондан эса  224916 сўм нақд пул, 21614 килограмм буғдой, 5819  килограмм гўшт, 3700 килограмм гуруч, Мўйнақ балиқ комбинатининг 20 миллионта гўшт ва балиқ консерваси юборилган. 1944 йилнинг биринчи ярмида республикадан  Украинага 300 тонна дон, 15 минг бош мол ва қўй юборган.

Ўзбекистонликлар Мудофаа жамғармасига ҳам ўзларининг катта миқдордаги пул маблағлари ва бойликларини – 650 миллион сўм, 22 миллион сўмлик қимматбаҳо буюмлари ва 55 килограмм олтин ва кумуш куюмларини топширган. Биргина Тамара хонимнинг ўзи Мудофаа жамғармасига 50 минг сўм пул топширган.

Ушбу маблағлар ҳисобига тайёрланган “Ўзбекистон” ва “Қизил Шарқ” зирҳли поездлар, авиа эскадрильялари, танк колонналари фронтга жўнатилган.

Уруш фаҳрийси генерал  И.А.Вовченконинг “Танкчилар” хотира асарида, жумладан Ўзбекистондан юборилган танк колоннасининг жангчилар томонидан  кутиб олиниши шундай тасвирланган:

“Смоленск ўрмонларида жойлашган  бизнинг ҳарбий корпус  янги танклар олди. Ҳар бир танкнинг  башнясига “Ўзбекистоннинг 20 йиллиги” ёзуви ва Ўзбекистон герби туширилган эди. Мен аскарлар янги танкларини олаётган жойга келиб, алоҳида тиббий-санитария батальони командири майор Айраметовни учратдим. У танклардаги ёзув ва гербни қўли билан силарди. Унинг ҳаяжонини  англаётгандим. Ахир бу танклар Ўзбекистон меҳнаткашлари томонидан тўпланган маблағ ҳисобидан ишлаб чиқилган эди-да! Танклар келганидан қисмдаги ҳамма жангчилар, шу жумладан яна икки ўзбекистонлик  хабар топиб, бу ерга югуриб келишди.

- Ҳа, юртдошларингизни учратдингизми: - сўрадим  майор ва икки ўзбекистонликдан.

- Ҳа, ўртоқ генерал. Менга Самарқанддан танк учун пул йиғаётганликлари ҳақида ёзиб юборишганди. Қаранг, танклар етиб келибди.

- Танклардан қадрдон чўлларимизнинг иси келяпти, - деди старшина Исом.

- Йўқ, кўк чойнинг, - суҳбатга қўшилди Сергей Арутюнов. – Бугун, биз, самарқандликлар учун унутилмас кун.

- Сиз ҳам Самарқандданмисиз? – сўрадим мен.

- Ҳа, учаламиз ҳам Самарқандданмиз, - жавоб берди майор Айраметов.

- Танклар учун юртдошларингизга мингдан-минг раҳмат! Олий Бош Қўмондоннинг буйруғи билан бу танклар корпусимизнинг энг жанговар қисмига берилганини уйингиздагиларга ёзиб юборинг.

- Албатта ёзиб юборамиз.

Бироздан кейин  аскарлар “ўттиз тўртинчи” ва “КВ” танклари олдида саф тортишди ва душманга қарши мардонавор жанг қилишга қасамёд қилишди”.

 

image013

“Ўзбекистон” танк колоннаси фронтга йўл олмоқда

 

image015

Ўзбекистон ёшларининг маблағи ҳисобига  яратилган зирҳли поезд

 

Ўзбек санъаткорлари уруш йилларида фронт аскарлари, шунингдек меҳнат жамоаларига маданий хизмат кўрсатганлар. Ўзбекистонда санъаткорлардан тузилган 30 тадан ортиқ концерт бригадалари фронтдаги жанговар ҳарбий қисмларнинг аскар ва зобитлари учун 400 дан кўпроқ концерт берганлар. Шунингдек, улар  республикада жойлаштирилган ҳарбий қисм ва госпиталларда 25 мингта концерт уюштирганлар. Бу тадбирларда атоқли санъаткорларТамарахоним, Ҳалима Носирова, Сора Эшонтўраева, Мукаррама Турғунбоева, Олим Хўжаев, Гавҳар Раҳимова, Муҳиддин Қори Ёқубов, Карим Зокиров, Шукур Бурхонов,Аброр Ҳидоятов, Лутфихоним Саримсоқова, Аббос Бакиров, Коммуна Исмоилова ва бошқалар фаол қатнашганлар.

Ўзбекистон душмандан озод қилинган ҳудудлар аҳолисига  ҳам биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзган. Украина, Белоруссия ва Россиянинг душмандан озод қилинган ҳудудларига 800  шифокор, 13 минг темир йўлчи, 2000 трактор ва автомобиль, 8 минг от, 170 минг қўй ҳамда турли дастгоҳ ва жиҳозлар, шу жумладан Сталинградга - 93 та, Харьковга – 40 та, Донбассга – 30 та паровоз юборилган. Тошкент темир йўл жамоаси   бу ҳудуларга, шунингдек таъмирланган 40 мингта товар ва 4 мингта йўловчи    вагон жўнатган. Республиканинг ўзида малакали касб эгалари урушга кетганлиги учун мутахассислар етишмаётган бўлса ҳам 1943 йилда, жумладан Ставрополь ўлкасига 1595 нафар тракторчи,  50 нафар комбайнчи, 245 нафар трактор бригадалари жўнатилган.

Республикага кўчириб келтирилган корхоналар, илмий ва маданий муассасалар, ўқув юртларини ўз ўрнига қайтариш, улар биноларни тиклаш, корхоналар асбоб-ускуналарини  жойлаштиришда ҳам ўзбекистонликлар фаол иштирок этган. Фақат 1943 йилнинг ўзида ўзбекистонликлардан 60 минг нафарга яқин киши Свердловск, Челябинск, Москва, Иванов ва бошқа вилоятларда ана шу ишларни амалга оширишга сафарбар этилган.

Ўзбекистоннинг 540 муҳандис, техник ва бошқа мутахассислардан иборат махсус алоқачилар батальони тузилиб, у зарур асбоб-ускуна ва материаллар билан таъминланиб, Ғарбга жўнатилган. Батальон алоқачилари Россия, Украинада кўплаб алоқа воситаларини тиклашда фаол қатнашган. Шунингдек, республика фабрика-завод таълими мактабларини, ҳунар-ўқув юртларини эндигина тамомлаб чиққан 15 минг ёш 1943–1945-йилларда Донбасс, Киев, Ленинград ва Урал корхоналари, қурилишлари ва темир йўлларида ишлаш учун жўнатилган[7].

Умуман, эвакуация туфайли уруш йилларида собиқ Иттифоқда20,4 миллион қочқин, 2700 тадан ортиқ корхона ҳамда улкак саноат, илмий ва ижодий салоҳият сақлаб қолинган. Бу буюк ишга Ўзбекистон ва унинг халқи қўшган ҳисса беқиёсдир.

 

image017

Тамарахоним фронтда жангчилар учун концертда, 1944 йил

 

Бу ҳақда уруш йилларида собиқ Иттифоқида яшаган, Би-би-си ва “Санди таймс” газетасининг мухбири бўлган таниқли инглиз публицисти Александр Верт шундай деб эътироф этган: “Қандай қилиб бутун корхоналар ва миллионлаб одамлар Шарққа олиб чиқиб кетилгани,  қандай қилиб  тасаввур этиб бўлмайдиган машаққатли шароитларда корхоналарнинг ниҳоятда қисқа муддатда тиклангани ва  1942 йил мобайнида уларда ишлаб чиқаришнинг улкан даражада оширилганлиги тўғрисидаги қисса – бу, энг аввало, инсоннинг мисли кўрилмаган матонати тўғрисидаги қиссадир”.

Эркин ЭРНАЗАРОВ, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

(Давоми бор)


[1] Великая Отечественная война 1941–1945 годов. В 12 т. Т. 2. Происхождение и начало войны. — М.: Кучково поле, 2012. — 1008 с.

[2]Куманёв Г. А. Война и эвакуация в СССР. 1941—1942 годы // Новая и новейшая история. — 2006. — № 6.

[3]Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи // ЎзА, 2019 йил 9 май

[4] Куманёв Г. А. Война и эвакуация в СССР. 1941—1942 годы // Новая и новейшая история. — 2006. — № 6.

[5] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. М.Жўраев, Р.Нуриллин, С.Камолов ва бошқалар. – Т.: “Шарқ”. 2000.

[6] Победа над фашизмом в 1945 году: ее значение для народов СНГ и мира. Материалы международной конференции. Москва, 8–9 апреля 2010 г. — М.: 2011. — 352 с.

[7] Вклад Узбекистана в победу во второй мировой войне //http://vsemirnaya-istoriya.ru/index.php? catid=7:totalitarniyperiod&id=74: vkladuzbekistana&Itemid=2&option=com_content&view=article