« Back

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланади 05.05.2020 20:45

ТОШКЕНТ – ФРОНТ ОРҚАСИДАГИ ҚАҲРАМОН ШАҲАР

2.“БУНДА БОР ҲАРОРАТ, МУҲАББАТ, ШАФҚАТ”

Қирғин уруш миллионлаб одамлар турмушини бузди, фарзандларни ота-оналаридан жудо этиб, оилаларни пароканда қилди. Душманнинг шиддатли ҳужуми, янги-янги ҳудудлар босиб олиниши хавфини, бу жойларда яшаб келганларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш заруратини туғдирди.

1941 йил 26 сентябрда Давлат мудофаа қўмитаси Эвакуация бўйича кенгаш ҳузурида Аҳолини эвакуация қилиш бўйича бошқарма ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилган. Ушбу Бошқарма зиммасига фронт чегараси ҳудудларидаги аҳолини эвакуация қилишни ташкил этиш вазифаси юкланган. Маҳаллий ҳокимият  органлари кўчириб келинаётган аҳолини қабул қилиб олиши, уларни жойлаштириши, иш билан таъминлаши керак бўлган.

Душманнинг шиддатли ҳужуми туфайли аҳолининг эвакуациясини фавқулодда вазиятларда амалга оширишга тўғри келган. Кўчирилаётган одамларга  йўлга отланиш учун атиги бир неча соат вақт берилган. Уларнинг кўпчилиги турар жойларини вақтинча, атиги бир неча ойга ташлаб кетяпмиз деган умидда  ўзлари билан кўп нарса олмаган. Урушнинг биринчи ойларида эвакуация қилинган аҳолининг аксарият қисми фақат ёз кийимларида бўлган, холос. Бу қишда уларнинг ҳаммасини иссиқ кийим билан таъминлашда жиддий муаммоларни келтириб чиқарган. Шу сабабли 1941-1942 йилларнинг қишида кўчириб келинган аҳолининг ишга чиқа олмаслигига, боларни эса мактабга ўқишга  бораолмаслигига сабаб бўлган.

Корхоналар ва ташкилотлар эвакуация қилинганида, қоида бўйича, уларнинг жамоалари аъзолари ўз оилалари билан бирга кўчирилган. Аммо ота-оналаридан жудо бўлганларни, болалар уйлари ва интернатлари тарбияланувчиларини ҳам кўчириш керак бўлган. Эвакуация бўйича  қўмита 1941 йил 19 августда Москва шаҳридан болалар муассасаларининг 10 минг 550 нафар, бир ой ҳам ўтмасдан – 13 сентябрда яна 60 минг нафар тарбияланувчиларни эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган. Айни пайтда Ленинград шаҳри раҳбарияти 1941 йилнинг август ойида  250 минг нафар аёл ва болани, кейин – 1942 йилда қамалда қолган шаҳардан яна 250 минг етим болани эвакуация қилишни ташкил этган.

Ўзбек халқи ўзининг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатларини ёрқин намоён этиб, урушнинг дастлабки ойларидан бошлаб Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия, Болтиқбўйи республикаларидан эвакуация қилинган бир миллиондан кўпроқ кишини, шу жумладан, 200 минг нафардан кўпроқ етим болаларни ўз бағрига олган.

Машҳур рус шоираси Юлия Друнина шунинг учун “Тошкентни эзгулик юлдузи” деб таърифлаган:

Шаҳарлар фалакка  учиб кетганда 
Ва дарахтлар кўкка тик кўтарилганда,
Олисда улуғвор, кўҳна  Тошкент,
Эзгулик юлдузидек порлаб турарди.
Ҳа, у чиндан ҳам эзгулик юлдузи эди
Ва дунёда энг саҳий шаҳар номин олганди.
Қаҳр кулфатига дучор аёлу болалар
У томон оқиб келаверарди.

 

image003

image005

Уруш йилларида аҳолининг фронт орқасига эвакуация қилиниши

 

Азал-азалдан халқ орасида “Тошкентнинг донини чўқиган қуш Хиротдан ҳам қайтиб келади” деган мақол овоза бўлган. ХХ асрнинг 30-йилларидаги очапчилик пайтида Александр Неверов.нинг “Тошкент – нон шаҳри” қиссаси эълон қилингач, Ўзбекистон пойтахти кўпчиликни ўзига оҳанграбодек тортарди. Германия қўшинлари собиқ Иттифоқ ғарбидаги катта ҳудудларни босиб олганидан кейин юртимизда жонини сақлашга талпинганлар беҳисоб эди.

Кўчириб келтирилганларни қабул қилиш, жойлаштириш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш республика раҳбариятининг доимий диққат марказида бўлди. Республикада ташкил этилган эвакуация пунктларнинг маълумотига кўра, Ўзбекистонга 1941 йил 15 декабрга қадар 525 минг нафар аҳоли кўчириб келиниши ва жойлаштирилиши режалаштирилган. Аммо бу санага келиб уларнинг сони  665 минг 419 нафарга етган.

Белоруссиядан эвакуация қилинган  Елена Бобер ўша кунларни хотирлар экан шундай дейди: “Ўзбеклар бизга бирор нарса бўйича бирор марта таъна қилмаган. Улар жуда камбағал яшаркан, аммо ҳамиша топган-тутганини биз билан бўлишган. Ўшанда ҳеч ким миллатнинг фарқига бормаган. Ўзбеклар ёки  руслар, украинликлар ёки яҳудийлар бўлсин – биз ҳаммамиз оға-инни, опа-сингил эдик”.

Буни ўша воқеаларнинг жонли гувоҳи бўлган  машҳур болалар ёзувчиси Корней Чуковский ҳам тасдиқлайди: “Авваллари ҳақиқатан ҳам  ҳеч қачон бошқа миллатга, бошқа турмуш тарзига, бошқа тилга, бошқа табиатга, бошқа ўлкага мансуб одамлар қочоқларга чин юракдан муҳаббатини изҳор этганига ва ҳурмат  кўрсатганига дуч келинмаган. Бу тарихда биринчи марта бўлмоқда. Халқлар дўстлиги қанадай катта аҳамиятга эга эканлигини яхши билардим, аммо бу шу қадар ҳаяжонли, самимий, шу қадар нафис бўлиши мумкинлиги ҳаёлимга ҳам келмаганди”.

Таассуфки, уруш йилларида қатор миллат вакиллари бўлган Бирор айбсиз аҳоли ноқонуний, суд қилинмасдан турар жойларидан мажбурий кўчириб юборилган. Хусусан, душман билан ҳамкорлик қилиш айби тиқиштирилиб, 1943-1944 йилларда Ўзбекистонга 175 минг нафар чеченлар, 150 минг нафар қрим татарлари, 4500 нафар болқорлар, арманлар, месхети турклари кўчириб келинган. Ўзбек халқи бу айбсиз айбдорларга ҳам ҳар тарафлама мурувват кўрсатган. Уларга турар жой ажратилган, меҳнатга лаёқатлилари иш билан таъминланган, фарзандлари мактабларда ўқишларини давом эттирган. 

Эвакуация қилинганлар шаҳар ва қишлоқ туманларига жойлаштирилган. Қисқа муддат ичидаТошкент вилоятида 5414,  Андижон вилоятига 100 минг, Самарқанд вилоятига 165 минг, Сурхондарё вилоятида 20 минг, Наманган вилоятига 53 минг 600 киши жойлаштирилган.

Республикада кўчириб келинган аҳолига бир йўла пул, озиқ-овқат маҳсулотлари, кенг истеъмол моллари берилган. Жумладан, Андижон вилоятининг ўзида 50 минг нафар эвакуация қилинган аҳоли жойлаштирилган. Вилоят корхоналари, жамоа хўжаликлари уларга мунтазам инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб келганлар. Хусусан, биргина Хўжаобод туманида 1942 йилнинг январь-март ойларида бу ерда жойлаштирган аҳоли учун 534 килограмм гуруч, 1330 килограмм буғдой, 1527 килограмм қанд, 19880 килограмм ун, шунингдек кийим-кечаклар тўрланган. Фарғона  вилояти ижроия қўмитаси эса  1941 йилнинг декабрь ойида туманларга эвакуация қилинган фуқароларга тарқатиш учун 140 минг сўм пул ажратган. 1942 йилнинг январь ойида эса кўчириб келинган аҳоли нон билан таъминланган.

Исроиллик Марк Фукс уруш йилларида  ўзбек халқининг яҳудий миллатига мансуб қочоқларга кўрсатган меҳр-оқбатини шундай баҳолаган: “Агар “жаҳоннинг тақводор халқи”номи берилиши керак бўлса, биринчи навбатда, бу олий унвонга ўзбек халқи муносибдир. Бутун бир халқнинг шундай меҳрибонлик фазилати ўта ноёблиги билан эркин дунё инсонпарварлик ҳамжамиятининг энг тўридан жой олиши учун кафолатдир. Ўзбекистоннинг умуман қочоқларни, шу жумладан яҳудийларни бошпана билан таъминлаш,  оёққа турғизиш, маҳаллий шароитга мослаштириш  бўйича  ноёб тажрибаси инсониятнинг олтин фондидан жой олиши муқаррарлиги билан бирга  бошқалар томонидан ўрганиш, таҳлил этиш, энг яхши маънода  тақлид этиш учун ибратдир”.

Уруш давом этаётган пайтда тирикчилик ўтказиш маҳаллий аҳолига ҳам, эвакуация қилинган оилаларга ҳам жуда оғир кечган. Таниқли  ашулачи Иосиф Кобзон  ўзининг “Я сам себя судья” (“Ўзим ўзимга ҳакамман”) хотира асарида 4 ёшлигида оиласи билан Янгийўл шаҳрига кўчиб келган даврларни ёдга олади. Улар пахсали уйда хонадон эгалари билан бир хонада яшашган. Икки оилани фақат парда ажратиб турган. Бу хонадонда имконияти туғилиб қоллганда тандирда нон ёпилганида байрам бўлиб кетган. Иосиф ҳали мактаб остонасидан хатламсиданоқ, жазирама пайтларда кўчада сув сотиб, оиласининг тирикчилигига ҳиссасини қўшган. Улар шаҳардаги ёғ-мой заводи олдида яшаганликлари учун  кунжара олишга муваффақ бўлишган. Кунжарага гиёҳлар қўшиб нон пиширишган.

Уруш туфайли туғилган юртларидан қочишга мажбур бўлган бу юз минглаб оилалар Ўзбекистонда  фақат бошпана топмасдан, дарҳол иш билан таъминланганлар. Ўзбек халқи уларни ўз хонадонлари тўрига жойлаштибгина эмас, шунингдек сўнгги бурда  нонини ҳам улар билан баҳам кўрган.

Ўша йиллари онаси Ўзбекистонга эвакуация қилинган Россия халқ артисти Юрий Стоянов буни шундай таърифлайди:

- Онам ўзбек ўқитувчиси оиласига тушган, унинг еттита фарзанди бўлган. Мен 1943 йилда  мактабга бориш вақти келганда, уйидан жой берган ўқитувчи яккаю ягона  дастурхонидан сумка, унинг турмуш ўртоғи эса деразадаги биттагина пардадан куйлак тикиб берган. Ҳақиқатан ҳам  ўзбеклар – ноёб, доно, буюк ва жуда камтарин халқ[1].

 

image007 image009

Тошкентга эвакуация қилинган болалар, 1941 йил

 

Иттифоқ Халқ комиссарлиги кенгашининг 1941 йил 27 июндаги қарорига мувофиқ 15 ёшгача бўлган болалар биринчи навбатда эвакуация қилиниши керак эди.Фронт ёнидаги жойлардан, бироз кейинроқ қамалда қолган Ленинграддан болалар ташкилий равишда олиб чиқиларди. Аммо бошқа эвакуация қилинаётган фуқаролар билан йўлда ота-онаси жудо бўлган болалар ҳам келарди.  Бу одамлар йўлда вафот этган ёки оғир хасталикка учраганлиги учун йўлда поезддан тушириб қолинган бўларди. Баъзан бир поездда ана шундай 500 нафаргача бола бўларди. Уларнинг  кўпчилиги на ота-онасининг фамилияси,  на ўзининг исмини биларди. Бунинг устига улар узоқ йўлда оч қолганларидан оёқда ҳам тура олмасди.

Болажон халқимиз етим қолган, ота-онасидан айрилган кичкинтойларга алоҳида меҳр-муҳаббат кўрсатди.  Ўзбекларнинг бу фазилати ўзлари ҳам юртимиздан бошпана топган машҳур адибларни ҳайратга солган.  Машҳур болалар шоири Корней Чуковскийнинг гувоҳлик беришича, у “Тошкентга келиб, болалар уйларининг олдида бола олиш учун навбатда турган одамларни кўриб, ҳайратга тушган”[2].

Ана шу манзара рус ёзувчиси Константин Симоновнинг “Тириклар ва ўликлар” романида ҳам ўз ифодасини топган:

“...оқшомларнинг бирида вокзал ёнидаги майдонда бир неча минг эвакуация қилинган болалар ётганини кўриш мумкин эди. Эрталаб эса ана шу очиқ майдонда тунаган минглаб болалардан ҳеч ким қолмабди: одамлар уларнинг ҳаммасини ўз қанотлари остига олишибди”.

Уруш йилларида халқимизнинг кўпдан-кўпжажжи ўғил-қизларни ўз қанотлари остига олиб, уларни  ўз фарзандлари қатори ювиб-тараб, парвариш қилшлари Ғафур Ғуломнинг  машҳур «Сен етим эмассан» шеърида инсонпарварлик мадҳиясидек янграган.

Ана шу асарнинг яратилиши тарихи ҳақида Ғафур Ғуломнинг рафиқаси Муҳаррам ая қуйидагиларни ҳикоя қилиб берган: «1941 йилнинг куз ойларида фронт ичкарисидан қарилар, ота-онасиз қолган болалар Тошкентга вагон-вагон келтирила бошланди. Болалар келадиган кунлари Ғафур ака, албатта, вокзалга чиқардилар. У ерда етим, мурғак, нимжон болаларнинг аҳволини кўриб, қаттиқ изтиробга тушар, юраклари эзилиб кетганидан бир неча болани ўз тарбияларига ҳам олмоқчи бўлганлар. 1941 йилнинг июль ойида Яшар исмли 5 ёшли ўғлимиз вафот этган эди. Ўн етти ёшли, Ғафур акага ўғилдек бўлиб қолган Жўрахон исмли укам урушга кетиб ҳалок бўлганди. Икки ўғлидан кетма-кет ажралиш уларга қаттиқ таъсир қилганди. Ғафур Ғулом ота-онадан ёш етим қолганлари, уч сингилларига ота ўрнида ота бўлиб уларни тарбия қилишда моддий-маънавий эзилганлари сабабли етимликнинг оғир фожиаси уларнинг юракларида ўчмас из қолдирганди. Етим болаларнинг аянчли аҳволи кўнгилларини пора-пора қилиб юборар, айниқса, вокзалдан қайтганларидан сўнг тинч-осойишталигини йўқотиб, безовта бўлиб юрардилар...

Бир куни мен чиқсам, китобхона уйнинг чироғи ёқилган, Ғафур ака шеър ёзмоқдалар. Эшикни очиб секингина салом бериб ичкарига кирдим. У киши шунчалик ҳаяжонланиб кетганларидан ҳаттоки менинг хонага кирганимни ҳам, салом берганимни ҳам сезмадилар. Астагина тепаларига яқинлашдим. Қўлларида шеър битилган қоғоз билан менга қарадилар. Шеърни аста ўқий бошладим, лекин бир саҳифа шеърни охиригача ўқий олмай йиғлаб юбордим. Чунки битилган сатрлар кишини йиғлатмасдан қўймасди. «Сен етим эмассан» шеъри шу тариқа ёзила бош¬лаган эди. Узоқ ёзилди. Баъзи кунлар бир сатр ҳам ёзмай Бедил ўқиб ўтирар эдилар. Гоҳида эса бир-икки қоғоз ёзардилар. Шеърни 7 декабрда ёзиб тугатганлар, тугатганларидан кейин эса нашрга беришга шошилмадилар. Негадир кўнгиллари тўлмаётган эди. Шеърни бир неча марта қайта ишладилар. Январь ойининг охирларида газета редакциясига олиб бордилар. Шеър 1942 йилнинг 1 февралида «Қизил Ўзбекистон» газетасида босилиб чиқди»[3].

Кўп ўтмай ушбу шеър Светлана Сомова таржимасида рус тилида марказий газеталарда эълон қилингач,  тез орада жанггоҳларда қўлма-қўл бўлиб тарқалиб кетган. Ўзбекистонга ҳарбий қисм командирларидан  «Ўзбек халқи фарзандларимизга меҳрибонлик кўрсатиб, ўз бағрига олаётган экан, деган юпанч билан аскарларимиз душманга қарши нафрат билан жангга киришди” деган мазмунда хатлар келган.

Фронт чегарасидан кўчиришга муваффақ бўлмаган болаларнинг фожиали тақдирини қуйидаги машъум статистика маълумотларидан билса бўлади. Белоруссия Халқ комиссарлари кенгашининг раиси С.Билинскийнинг 1942 йил 1 июндаги маълумотларига кўра, ушбу республикадан 35минг 850 нафар бола эвакуация қилинган.   Яд Вашем мемориал институтининг аниқлашича,  Белоруссиянинг 10 та  вилоятидан кўчиришга улгурилмаган 56397 бола 1941-1944 йилларда ҳалок бўлган.

Ўзи ленинградлик бўлган Маргарита Меркулова туғилган шаҳри болаларининг Тошкентда қандай кутиб олингани тўғрисида шундай ҳикоя қилади:

- Отам “Вулкан” заволининг директори бўлганлиги учун у ва эвакуация қилинаётган корхонамиз  билан 1941 йилнинг августида шаҳримизни тарк этдик. Бир ой ўтгач заводимиз Тошкентда маҳсулот ишлаб чиқара бошлаган.

Ўзим мактабнинг 9-синфида ўқирдим. Биз Тошкент вокзалида жанговар навбатчилик қилардик. Поездлар асосан кечаси келарди. Тун соат 2-3 да Ленинграддан келган болалар қайси вагонларда эканлиги эълон қилинарди. Ўша вагонлар томон ўзиздаги  санитарлар  носилкалари ва дорилар билан югуриб борардик. Вагонлардан оёқда аранг турган 4-14 ёшли болаларни олиб чиқардик.

Биз биринчи навбатда вокзалнинг ўзида уларга бўтқа ва ярим кружка иссиқ сув берардик. Уларга бундан кўп нарса  бериб бўлмасди, бунга врачлар йўл қўймасди. Кейин уларнинг кийим-боши дезинфекция қилинарди ва  болаларни Тошкентнинг ҳозирга Нукус кўчасидаги ҳаммомга олиб борардик. Шундан сўнг болалар яна вокзалга келтирилиб, тунни шу ерда ўтказишарди.

Болалар Ўзбекистонга нақадар машаққат билан етиб келганликларини украиналик ўқувчи В. Мирошниченконинг ўз  кундалигида қайд этган ҳолат далолат беради: ”Темир йўлнинг тўхташ пунктида кунига 200 грамм нон ва қуруқ шўрва беришарди. Тамом!.. Товар вагонда 65 бола келардик, кечаси ётишга полда ҳам жой етишмасди. Кундузи чидаса бўларди  - 20-30 та бола вагон тепасига чиқиб оларди. Ҳеч ёдимдан кўтарилмайди: бир сафар поезд узоқ вақт тўхтамади. Шунинг учун  вагондаги ҳамма болаларга заҳирадан бир буханка нон беришди. Яъни ҳар биримизга  эртанги кунгача бир буханка ноннинг олтмиш бешдан бир урвоғи тегди...”[4]

Кўчириб келтирилган болаларнинг 15 ёшгача бўлганлари – болалар уйлари, мактаб-интернатларга жойлаштирилиб, уларда ўқув-тарбия ишлари йўллга қўйиларди. Фабрика-завод таълими мактаблари, ҳунар ва темир йўл билим юртларининг собиқ талабалари ўқишни давом эттириши учун республика завод-фабрика мактабларида ўқишга жалб этилди. 15 ёшдан катта бўлган болалар эса ишлаб чиқаришга ишга жойлаштирилди.

1941 йилнинг 1 октябридан 1942 йилнинг 1 октябригача ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга 78 та болалар уйининг 43 минг тарбияланувчилари эвакуация қилиниши ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу болалр уйларининг 50 таси республикада сақланиб қолинган. Уларнинг 13 таси - Андижон вилоятида,   10 таси-  Фарғона шаҳрида, 9 тандаси  – Наманган ва Бухоро вилоятларида, 5 таси – Тошкент шаҳрида,  4 таси - Самарқанд вилоятида  жойлаштирилган.Қолган 28 та болалар уйининг тарбияланувчилари Ўзбекистондаги мавжуд болалар уйларига жойлаштирилган[5].

Бундан ташқари Ўзбекистонда қочқин поляк ва испан болалари учун ҳам болалар уйлари ташкил этилган. Самарқандда Москвадан юборилган поляк болалари учун болалар уйи, 120 нафар испан болалари учун эса интернат ташкил этилган.

1942 йилнинг 2 январида республика матбуотида Тошкент шаҳар хотин-қизларининг Ўзбекистон  аёлларига мурожаати эълон қилинган. Улар барча аёлларни эвакуация қилинган болаларга оналардек ғамхўрлик қилишга чақирган.

А.С.Пушкин номидаги Ленинград давлат университети тарих кафедрасининг профессори, тарих фанлари доктори Николай Козлов бу ҳақда шундай хотирлайди: “Ўзбекистон хотин-қизларининг мамлакат аёлларига эвакуация қилинган болаларга оналик меҳрини кўрсатиш даъватига минглаб оилалар ҳамдард бўлдилар. Улар темир йўл вокзалларига келиб, кўчириб келинган болаларни ўзлари билан олиб кетишарди. Бухоро вилоятидан эса оилалар асраб олиш учун болалар етишмаётганлигини, улар бошқа шаҳар ва вилоятларда қолган бўлса, ўзларига юборишларини сўраб мурожаат қилишган.

Болаларни асраб олганлар уйларининг тўрини кўчириб келинганларга беришар, ўзлари оч бўлсалар ҳам сўнгги бурда нонини улар  қўлига тутқазарди. Бирор оилада асраб олинган болалар  билан боғлиқ можарони эшитмаганмиз”[6].

Республика раҳбарияти болалар уйлари тарбияланувчиларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатган. Буни 1942 йилда махсус “Болалар уйларини марказлаштирилган тартибда  таъминлаш  тўғрисида”, 1943 йилнинг апрелида “Эвакуация қилинган фуқароларнинг болаларини овқатлантиришни ташкил этиш тўғрисида”, 1943 йилнинг июнида “Болалар уйларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг қўшимча манбаларини ташкил этиш тўғрисида” қарорлар қабул қилинганлиги яққол далолат беради.

Ушбу қарорларга мувофиқ, республикада озиқ-овқат ниҳоятда танқис бўлган бир шароитда эвакуация қилинган ҳар бир болага кунига 470 грамм нон, 56 грамм балиқ, 15 грамм қандолат маҳсулотлари, 32 грамм сариёғ, 20 грамм қанд ажратилган[7].

Болалар уйларидан бири 1942 йилнинг ёзида Москва шаҳри Бош ҳарбий саноат қурилиш ташкилоти томонидан Тошкентда ҳарбий қурувчиларнинг эвакуация қилинган фарзандлари учун болалар уйи ташкил этиш тўғрисидаги қарори бўйича ташкил этилган. Пойтахтдаги Эски шаҳарнинг Соғбон кўчасида очилган ушбу болалар уйи директори этиб кейинчалик иттифоқ Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган А.П. Хлебушкина тайинланган. Антонина Павловна ўша пайтларда Ўзбекистонга келтирилаётган болаларни қабул қилиб олувчи фаоллардан бири бўлган. Унинг ҳикоя қилишича,  темир йўл вокзалида кутиб олинаётган увоққина болалар кўпроқ кексайган чол ва кампирларни эслатган. Уларни болалар уйига етказиб оборгунча қошиқ билан овқатлантиришга, тарбиячилар ўз қонларини уларга бериб, оёққа турғазишга тўғри келган.

Антонина Павловнанинг ўзигақамалда қолган  Ленинграддан олиб чиқилган16 нафар болани  Клин шаҳри вокзалидан душман самолётлари бомбардировкалари остида 16 кун давомида  Тошкентга олиб келишга  ҳам тўғри келган[8].

Қамалда қолган Ленинграддаги болаларга Ўзбекистон  мактабларининг ўқувчилари ҳам ёрдам кўрсатишган. 1942 йил 10 майда Тошкентдаги Пушкин номли 115-мактаб ўқувчилари республикадаги барча мактаб ўқувчиларига қамалдаги Ленинград шаҳри  болаларига ёрдам кўрсатиш чақириғи билан чиққан. Натижада  ушбу мактаб ўқувчилари икки куннинг ўзида 7 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, дарсликлар, ўқув қуроллари  тўплашган.  Тошкентлик ўқувчиларнинг даъвати кенг қўллаб-қувватланган. Масалан, Бухоро вилояти мактаб ўқувчилари ҳам икки кунда 1618 сўм йиғишган. Умумн, Ўзбекистон мактаб ўқувчилари ленинградлик болалар учун 2 миллион сўм пул, 250 тонна озиқ-овқат, 10 мингтадан кўпроқ кийим-кечак тўплаб, уларга жўнатганлар.

Болалар уйлари корхоналар, жамоа хўжаликлари томонидан васийликка олинган. Ушбу васийлик кенгашларига бевосита завод ва фабрикаларнинг директорлари, жамоа хўжаликларининг раислари раҳбарлик қилган. Васийлар мунтазам равишда болалар уйларидан хабар олиб турган, уларга зарур ёрдам кўрсатган.

Болалар уйларининг тарбияланувчиларига санаториялар ва ёзги лагерларда дам олиш учун йўлланмалар берилган. Биргина 1942 йилда 4 минг нафардан кўпроқ тарбияланувчи бу оромгоҳларда дам олиб, саломатликларини тиклаган. Тошкент шаҳрига  эвакуация қилинганларнинг  6 минг фарзанди махсус ошхоналарда овқатлантирилган.

Уруш йилларида Ўзбекистонда болалар уйлари тарбияланувчиларига ёрдам кўрсатиш бўйича  ойликлар ҳам эълон қилинган. Жумладан, 1944 йилда ўтказилган ана шундай ойликда болалар  уйлари тарбияланувчилари  учун 300 минг сўм пул, 160 метр газмол, 22 мингта кийим-кечак ва бошқа зарур нарсалар тўпланган.

Республика аҳолисининг болалар уйларининг тарбияланувчиларига меҳрибончиликлариданурушнинг биринчи йилиёқ улар учун 2 миллион сўм пул, 27 тонна қуруқ мева, 82 мингта болалар кийими, кўп миқдорда озиқ-овқат тўпланганлиги далолат беради[9].

Машҳур ёзувчи А.Н.Толстой ўзбек халқининг кўчириб келинган болаларга кўрсатаётган меҳрибонликларига юқори баҳо бериб, Ўзбекистоннинг бу ташаббуси бошқа республикаларга ҳам ибрат бўлиши кераклиги уқтирган: “Ўзбекистон эвакуация қилинган болаларни ўз бағрига олишнинг ташаббускори бўлди. Ўзбек халқи учун серфарзандлик, болаларга алоҳида меҳр билан муносабатда бўлиш хос. Улар болалар тўғрисида тўлқинланиб гапирадилар. Ишонамизки, Ўзбекистоннинг бу ташаббусини бошқа республикалар ҳам қўллаб-қувватлайди. Улуғ Ватанимизнинг биронта боласи ҳам “Мени олишмади. Мен  мадорсиз ҳолда яшаш учун якка ўзим курашишга мажбур бўлдим”, деб ўксиниб, биздан гина қилмаслиги керак”.

Уруш йилларида ўзбек оилалари жами 4,5 минг нафардан зиёд етим болаларни асраб олишган. Айниқса Шоаҳмад ва Баҳри Шомаҳмудовларнинг  олий инсонийлик фазилати бутун жаҳонда тилларда достон бўлган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак меҳр-мурувват ва оқибат кўрсатган ана шу оиланинг жасоратини алоҳида қайд этиб ўтар экан, “Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда”, дея таъкидлаган.

Оддий ўзбек темирчиси Шоаҳмад ота Шомаҳмудов ва Баҳри опа инсонпарварликни улуғловчи оила сифатида катта жасорат, қаҳрамонлик, меҳрибонлик фазилатининг ёрқин намунаси сифатида турли миллатлар тарихида абадий муҳрлашган.“Миллий қадриятгина одамларни буюк дўстлик сари чорлаб, қалб ва тафаккурга садоқат ва жасорат туйғусини ҳадя этади, одамийликни улуғлашга имкон яратади, - деб эътироф этган машҳур рус шоираси Анна Ахматова. -  Инсонпарварликнинг юксак даражаси Шоаҳмад ва Баҳри аяларнинг қонимасмиди? Дунё остин-устун бўлаётган бир паллада шу қадар меҳрга зор норасидани яхши инсонлар қилиб етиштира олган бу икки зотни энг улуғ Ота ва энг улуғ Она дегимиз келмайдими?!” деган сатрларни битган.

Уруш бошланганда Шоаҳмад Шомаҳмудов (1890-1970) ва унинг хотини Баҳри Акромова (1903-1987) Тошкентдаги Тельман номли артелда темир тобловчи бўлганлар. Улар бошпанасиз қолган турли миллат вакиллари бўлган 14 болани ўз тарбиясига олишган. Бу фарзандлари: Ҳабиба, Володя, Шуҳрат-рус, Ҳамидулла-украин, Рафиқ, Рахматулла-татар, Холида-молдаван, Самуғ-чуваш, Йўлдош, Эргаш- яҳудий, Ҳалима-қозоқ, Қоравой, Ниғмат, Муаззам, Хакима, Улуғбек – ўзбек миллатига мансуб бўлганлар.

- Уруш бошланганида бомбардимонда ота-онамдан ажралганимни, аскарлар билан окопда бир ҳафта яшаганимни, улар мени қаҳва ва нон билан сийлашганини эслайман, - хотирлайди Шоаҳмад ота ва Баҳри онанинг катта қизи Ҳолида ая (Ольга) Шомаҳмудова. -  Ҳамма ёқда уруш, ёнғин, ваҳима… ўқ товушлари эшитилиб турарди. Кейин бир гуруҳ етим қолган болалар билан қўшиб кемага чиқариб юборишди. Сўнг поездга, машинага ўтқазиб, Тошкентдаги 41-болалар уйига олиб келишди.

Болалар уйига келишимиз билан олдимизга бир тоғорада олма, бир тоғорада қулупнай қўйишди. Хоналар иссиқ, тагимизда чиройли гиламлар тўшалган эди. Кейин биз билан келган болаларнинг ҳаммасини янги ота-оналари олиб кетишди. Фақат бир каттароқ бола билан мен қолдик. Қачон бизни ҳам олиб кетишар экан, деб кутдик.

Кейин Баҳри онам келди. Қўлида яна бир ёш бола ҳам бор эди. У рўмолини олиб, менинг бошимга ўради ва қўлимдан ушлаб олиб кетди. Уйларига келганимизда қўлимга битта конфет ва кичкина пиёлада оқ чой (ширчой) берди. У ерда мендан олдин келган Самуғ, Неъмат, Рафиқ ва бошқа болалар ҳам бор эди. Баҳри онам: «Мана бу – даданг, мен – ойинг, булар – ака-укаларинг», – деб ҳаммани менга таништирди. Ҳеч қулоғимдан кетмайди унинг меҳр билан айтган сўзлари.

Баҳри онам етимлик уқубатларини ўз бошидан кечирган. Уч ёшида отаси, ўн етти ёшида онасидан айрилган. Ўзининг ҳам фарзандлари бўлмаган. Шунинг учун ҳам бизга ўз боласидек меҳр кўрсатар, тарбия берарди. Қўлимга супурги олиб, секин-секин уй супуришни, ҳовлига, сигирга қарашни ўргандим.

Отам ҳам бизга меҳрибон, жуда меҳнаткаш инсон эди. Ундан темирчиликни, деҳқончиликни, онамдан рўзғор тутишни, тикиш-бичишни ўргандик.

Урушдан кейин акам қидириб келиб, олиб кетмоқчи бўлганди. Мен кўнмадим. Чунки менинг Ватаним — шу ер! Ўзбекистонда меҳр-оқибат кўрдим, меҳрибон инсонларимни, бахтимни топдим. Ахир бундай юрт яна қаерда бор?![10]

Темирчи Шомаҳмудовларнинг улкан оиласи ҳақидаги хабар узоқ-узоқларга, ҳатто фронтгача етиб борган экан. Бу ҳақда эшитган катта лейтенант Левицкий Шоаҳмад отага бир неча юз сўм пул юборган. Бу  у оладиган маошнинг анча қисмини ташкил этган. Лейтенант токи тирик экан, яна пул юбориб туришини ваъда берган. Левицкий болаларни вояга етказишга қандай қилиб бўлса-да, ҳисса қўшишни истаган.

Бундай болажон, саҳоватпеша инсонлар Ўзбекистонда кам эмасди.  Жумладан Ҳамид Самадов - 13, Фотима Қосимовалар оиласи – 10, бухоролик Жўраев ҳамда Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафар болани асраб олишган. Ўзбекистон раҳбарларидан Усмон Юсупов ва Йўлдош Оҳунбобоевлар оиласи ҳам етим болаларни ўз тарбиясига олганлар.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридан бўлган Ҳамид урушнинг дастлабки кунлариданоқ армия сафида алоқачи, сўнг пулемётчи бўлиб хизмат қилган. 1944 йил февралда жанглардан бирида яраланиб, 2-гуруҳ ногирони сифатида уйига қайтган.

У Каттақўрғон вокзалида ёғоч уйча ичида совуқдан яшириниб ўтирган болага кўзи тушган. Болакай унга: «Амаки, нон беринг», — деб илтижо қилган. Ҳамид  йўл халтасидаги бир бўлак нонини унга берган. Болакай нонни емасдан: «Амаки, яна нон беринг» деган.Ҳамиднинг унга раҳми келиб, ўзи билан уйига олиб келган.

Ҳамидни ота-онаси хурсандчилик билан кутиб олишган. Лекин уни ёш бола билан кўриб: «Ҳа болам, ҳамма уруш қилаётганда, сен уйландингми?», деб сўрашган. Ҳамид бўлган воқеани айтиб берган.

Ҳамид  кейин ҳам кўчада қаровсиз қолган болани кўрса, чидаб тура олмаган: уйига олиб келаверган. Бир сафар уч болани, яна бир сафар бошқа бир болакайни кучуги билан бирга уйига бошлаб келган.

Урушдаги жасорати учун Қизил Юлдуз ордени ва медаллар билан мукофотланган Ҳамид Самадов ҳали уйланмаган бўлишига қарамай 13 болани фарзандликка олиб, уларни асраб-авайлаб тарбиялаган. Улар ҳам турли миллат вакиллари: Қўчқор-туркман, Нурмуҳаммад-тожик, Донат, Иван, Лиза- рус, Евгений -белорус, Керим-татар, Арслон, Рашид, Мирали, Карим, Мурод – рус бўлган[11].

 

image011

Шомаҳмудовларнинг катта оиласи

 

image013

Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида Шомаҳмудовларга ўрнатилган ҳайкал

 

Ҳақиқатан ҳам буюк шоиримиз Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” мадҳиясида янграганидек: “Бунда бор: ҳарорат, муҳаббат, шафқат”.

Эзгулик асло унутилмайди. Ёзувчи Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романи, «Ўзбекфильм» киностудиясининг «Сен етим эмассан» бадиий фильми яратилишига Шомаҳмудовлар оиласи ҳаёти асос бўлган. Бу оила шарафига Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида Халқлар дўстлиги монументи ўрнатилган.Шоаҳмад ота «Ҳурмат белгиси» ордени билан мукофотланган, Баҳри она эса «Қаҳрамон она» деб эътироф этилган. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Обиназар”, “Жарариқ” маҳаллалари ҳудудида жойлашган “Тошкўча” кўчасига Шоаҳмад Шомаҳмудов номи берилган.

Каттақўрғонлик Ҳамид Самадов, самарқандлик  Фотима Қосимовалар оиласи, бухоролик Жўраев ҳамда Ашурхўжаевларга ҳам ўз юртларида шундай иззат-икром кўрсатилишига лойиқ деган фикрдамиз.

Анна Ахматова ўз эсдаликларида шундай деб  ёзади: “Бир заводда ёки  кинофильм суратга олинаётган жойда ўзбек ва руслар, белорус ва молдаванлар, украин ваи поляклар, литвалик ва греклар, курдлар ва болгарларни учратиш мумкин эди. Немислар томонидан босиб олинган жойлардаги етим болалар эса бу ерда ўзларининг янги ота-оналарини топди. Азалдан кўп болали оилалар рус ва украин, молдаван ва поляк, грек ва болгар болаларини асраб оларди, уларга бошпана берарди, сўнгги бурда нони, қанти, пиёладаги сути, охирги қошиқ ошини баҳам кўрарди. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмайди деб ишонгинг келади...”

 

image015

Каттақўрғонлик Ҳамид ака Саматов асраб олган болалари билан

 

Эркин ЭРНАЗАРОВ, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

(Давоми бор)


[1] Юрий Стоянов- «Я искренне приглашаю всех полюбить эту удивительную страну – Узбекистан» //https://uzdaily.uz/ru/post/47489

[2] «Страна спасения» в Великой Отечественной //  https://ia-centr.ru/experts/alisher-sabirov/strana-spaseniya-v-velikoy-otechestvennoy-iz-istorii-evakuatsii-detey-v-uzbekistan/

[3] Л.Илҳомжонов. Бағрикенгликни ифодалаган шеър // ”Китоб дунёси”, 2019 йил 29 май

[4]Сошников Н. Дорогой вековой: исторический очерк. - Краснодар, 1997. - С. 27.

[5]Турдиев С. Улуғ Ватан уруши йилларида Ўзбекистон меҳнаткашларининг кўчириб келтирилган болаларга ғамхўрлиги. — Тошкент: Фан, 1987.

[6]Последним куском хлеба. Как узбеки спасали эвакуриванних // https://uz.sputniknews.ru/society/ 20190927/12509211/Delilis-poslednim-kuskom-khleba-kak-uzbeki-spasali-evakuirovannykh-v-gody-voyny.html

[7] Саидова Г. Ш. Жизнь эвакуированных детей в Узбекистане в годы Второй мировой войны // Молодой ученый. — 2013. — №12. — С. 757-760.

[8] Эгамбердиева А. М. Милосердие, великодушие как неотъемлемая часть национального богатства (на примере Второй мировой войны) // Молодой ученый. — 2015. — №4. — С. 532-535

[9]Мария Яновская.Эвакуация жизни: Как жили в Ташкенте во время войны. Воспоминания современников // https://www.fergananews.com/articles/8540

[10] Манзура Бекчанова. Ҳолида Шомаҳмудова:«Уруш пайти ҳам оқ нон еганмиз» // http://manzur.uz

[11] История семьи Саматовых: как узбекский фронтовик вырастил 13 приемных детей // https://uz.sputniknews.ru/society/ 20180508/8150711/samatov-usinovlenie.html