« Back

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланади 06.05.2020 14:47

ТОШКЕНТ- ФРОНТ ОРҚАСИДАГИ ҚАҲРАМОН ШАҲАР

3. ИЛОҲИЙ МЕҲР ОҚҚАН ДИЁР

1941 йил октябрь ойининг ўрталарига келиб немис қўшинлари Москва остоналарига яқинлашиб қолган эди. Иттифоқ пойтахтида танг аҳвол ҳукм сура бошлаганди. Метро ёпилаётганди, жамоат транспортида тирбандлик одат тусига кирган, магазинларда озиқ-овқат маҳсулотлари  пештахталарга қўйилмасданоқ қўлма-қўл бўлиб кетарди.

Иттифоқ ҳукумати олдида халқ хўжалигини ҳарбий изга солиб юбориш билан бирга мамлакатнинг илмий ва маданий салоҳиятини сақлаб қолиш вазифаси ҳам турарди. Уруш бошланиши арафасида Иттифоқда 1820 та илмий муассаса бўлиб, уларда 360 мин нафардан кўпроқ илмий ходимлар ишларди.  Мамлакат Фанлар академияси биринчи навбатда фронт яқинидаги муҳим мудофаа аҳамиятига эга бўлган муассасалар – физика-математика, кимё, техника институтлари ва лабораторияларини эвакуация қилиш чораларини кўрган.

 

image001

Тошкентга эвакуация қилинган фан ва санъат намояндалари

 

1941 йилнинг кузида Тошкентга Иттифоқ Фанлар академиясининг 22 та илмий-тадқиқот институти, 16 та олий таълим муассасаси, 2 та кутубхона эвакуация қилинган. Уруш йилларида Тошкент том маънода Ўрта Осиёнинг илмий марказига айланган. Республикага эвакуация қилинган  Иттифоқ  Фанлар академиясининг  тупроқшунослик, иқтисодиёт, жаҳон хўжалиги ва жаҳон сиёсати, сейсмология,тарих, ҳуқуқ, шарқшунослик, жаҳон адабиёти, моддий маданият ва бошқа институтларининг   таниқли 375 аъзоси ва мутахассислари ўзбек олимлари билан ҳамкорликда тадқиқот ишларини олиб боришган.

– Тошкент бизни ғоят меҳмондўстлик билан қадрдонларидек кутиб олган, – хотирлайди россиялик машҳур тарихчи, академик Милица Нечкина. – Пушкин кўчасидаги чиройли бино – балет мактаби (уни Тамарахоним институти деб ҳам аташарди) бизга бошпана сифатида берилган. Бу ерга Москва, Ленинград, Киевдан машҳур олимлар кела бошлаган. Ўшанда республика пойтахти “Тошкент Афинаси” номини олган.  Яъни Тошкент қадимий даврларда олимларни ўз қучоғига олиб, илм  марказига айланганАфинага қиёсланган[1].

Республика раҳбарияти олимлар ўз тадқиқотларини давом эттиришлари учун ҳамма шарт-шароитларни яратиб беришган. Масалан, уруш пайтида электр ниҳоятда тақчил бўлган. Маҳаллий аҳолига электр иситиш асбобларидан фойдаланиш  ман этилган. Бизга эса электрдан ҳам илмий, ҳам маиший мақсадларда фойдаланишга рухсат берилган.

Ўзбек олимлари эвакуация қилинган Иттифоқ илмий муассасаларидаги ҳамкасблари билан биргаликда  илмий-тадқиқот изланишларини, биринчи навбатда,  фронт учун ниҳоятда муҳим ҳисобланган янги рангли ва қора металлар, нефть ва газ конларини очиш, энегетика манбаларини кўпайтириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экинзорларни кенгайтириш,  деҳқончилик ва чорвачилик самарадорлигини оширишга йўналтирилишган.

Ўша йилларда Ўзбекистон илмий муҳандис-техник жамиятининг ташкил этилиши катта аҳамият касб этган. Ушбу жамият 16 академик, 20 нафардан кўпроқ фан доктори, 80 нафар профессорни ҳамда 2 минг нафарга яқин муҳандислар, агрономлар, техникларни бирлаштирган. Биргина 1943 йилнинг ўзида ушбу жамият аъзолари корхоналар ва жамоа хўжаликлари учун 1600 тадан кўпроқ илмий маслаҳатлар тайёрлаган. Уларнинг амалиётга жорий этилиши фронт учун қурол-аслаҳаларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, умуман саноат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва уларнинг  сифатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилган.

Тошкент математика мактабининг асосчилари ҳисобланган В.И. Романовский ва  Т.А.Саримсоқов, уларнинг ҳамкасблари М.Камолов, Н.Назаров ва бошқалар эвакуация қилинган олимлар билан ҳамкорликда  эҳтимоллар назарияси ва  статистика математикаси соҳасида янги ихтиролар яратишган. Уларнинг илмий изланишлари ҳарбий техника, авиацияни такомиллаштириш, ўқ-дори сифатиини яхшилашда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган.

Геолог олим Н.М.Абдуллаев бошчилигидаги илмий ходимлар олиб борилган тадқиқотлар натижасида қалайи, вольфрам, молибден, ўтга чидамли элементлар, нодир металлар ва бошқа турдаги хом ашё конлари топилган ва ўзлаштирилган. А.С.Уклонский раҳбарлик қилган  геолог олимлар гуруҳининг темир конини топиши, Ўзбекимстон металлургия комбинати қурилишини лойиҳалаштириш ва фойдаланишга туширишдаги хизматлари катта  бўлган. Д.М.Богданов ва муҳандис Г.К.Чикризовлар Ангренда қидирув ишларига бошчилик қилганлар ва кўмир конининг бой заҳираларини топиб, янги шахталарни ишга туширишга муҳим ҳисса қўшганлар.

Уруш йилларида энегетика соҳасида илмий тадқиқотларни кучайтириш ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган. Ўзбек олимлари ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардан эвакуация қилинган ҳамкасблари билан гидротехника иншоатларида ҳамда саноат корхоналарида энергия йўқотилишини камайтириш бўйича самарали изланишларни амалга оширишган.

Ўрта Осиё (ҳозирги Ўзбекистон миллий) давлат университетининг кимё факультетида дори-дармонлар ишлаб чиқариш йўлган қўйилган. Унинг негизида Тошкент фармацевтика заводи  ташкил этилган.

Бутуниттифоқ пахтачилик илмий-тадиқиқот институтининг олимлари  пахтанинг янги навларини яратиш соҳасида самарали изланишлар олиб борган. Селекционерлар С.С.Канаш ва А.И.Автономов бошчилигидаги илмий ходимлар вилт касаллигини юқтирмайдиган янги нав яратган. Л.В.Румшевич яратган Ф-108 юқори ҳосилли, шунингдек, бошқа узун толали навлар пахтачиликнинг ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган. 1944 йилда Ўзбекистонда экилиб келинган Америка пахта навлари тўла  янги навлар билан алмаштирилган.

Республика олимлари Самарқандда жойлаштирилган Тимирязев номидаги қишлоқ хўжалик академияси ходимлари билан ҳамкорликда ғўза, буғдой ва қанд лавлагини алмашлаб экиш усулини жорий этганлар. Улар Ўзбекистон шароитида қанд лавлагидан мўл ҳосил олиш бўйича самарали тадқиқотлар ҳам олиб борганлар.

1943 йилда мавжуд Республика Фан қўмитаси негизида  Ўзбекистон Фанлар академиясини ташкил этиш тўғриссида қарор қабул қилинган. Унинг таркибига 210 нафар илмий ходим, шу жумладан таркибида 100 нафарга яқин фан доктори ва номзоди  бўлган 10 та илмий-тадқиқот институти киритилган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг  президенти этиб физика-математика фанлари доктори, профессор Т.Н.Қори-Ниёзий сайланган. Фанлар академиясининг таркибига республиканинг атоқли олимлари - физика-математика фанлари докторлари Т.А.Саримсоқов ва  В.И. Романовский. Қишлоқ хўжалик фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Р.Р. Шредер, геология-минералогия фанлари доктори А.С. Уклонский, адиблар Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон ва бошқалар киритилган. Ёзувчи Садриддин Айний, халқ усталари Уста Ширин Муродов ва Юсуфали Мусаев Ўзбекистон Фанлар академиясининг фаҳрий аъзолари этиб сайланган.

Уруш йилларида халқ таълими, айниқса олий ўқув юртлари оғир синовлардан ўтган. Уларнинг кўпчилик профессор-ўқитувчилири, ҳарбий чақирув ёшидаги талабалар фронтга сафарбар этилган. Ўзбекистон  Москва, Ленинград, Киев, Харьков, Воронеж, Одесса ва бошқа шаҳарлардан 1941–1943-йилларда кўчириб келтирилган олий ўқув юртлари билан 7 та ҳарбий академияни ҳам қабул қилиб олган. Уларнинг ихтисосликлар йўналишлари яқин бўлган баъзилари, шунингдек факультетлари, кафедралари ўзаро ёки республика олий ўқув юртлари билан бирлаштирилган. Жумладан, Самарқанд кооператив институти билан Тошкент молия-иқтисодиёт институти, Тошкент ва Самарқанд тиббиёт институтлари, Ўзбекистон ва Ўрта Осиё давлат университетлари бирлаштирилган. Уларнинг бўшаган биноларига ҳарбий муассасалар, госпиталлар жойлаштирилган.

Эвакуация қилинган москвалик, ленинградлик, Иттифоқ бошқа шаҳарлари олий таълим муассасаларининг  профессор-ўқитувчилари ўзбек талабаларига янги курслар бўйича дарс ўтишган, маҳаллий миллат вакилларидан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга кўмаклашган. Улар халқ хўжалиги ва ҳарбий аҳамиятга молик мавзуларда тадқиқот ишларини ҳам йўлга қўйган. Олий таълим муассасаларида, шунингдек  янги мутахасисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш  амалга оширилган.

1945 йилда республикадаги олий ўқув юртларининг сони 1940 йилга нисбатан учтага кўпайиб, 33 тани ташкил этган. Улардаги талабалар сони эса 19,1 мингдан 21,2 минг кишига ортган. Уруш йилларида 10 минг нафардан кўпроқ олий малакали ва 3,7 минг нафарга яқин ўрта махсус маълумотли мутахассис тайёрланган.

Ўзбекистонда уруш йилларида Иттифоқнинг  ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудларидаги олимлар билан бир қаторда  маданият, санъат ва адабиёт арбоблари учун ҳам бошпана тақдим этилибгина қолмадан, уларнинг ўз ижодларини давом эттиришлари  учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Юртимизг улар учун нажот қўрғонига айланган.

 “Москва жуда даҳшатли, - деб ёзали машҳур рус шоираси, ўша вақтда Елабуга шаҳрига эвакуация қилинган, 1941 йилнинг августида вафот этган Марина Цветаеванинг ўғли, 16 ёшли бўлган, 1944 йилда фронтда ҳалок бўлган Георгий  Эфрос. – Жисмоний йўқ қилиниш хавфи жуда юқори”. Шунинг учун  таниши - шоир ва таржимон А.С.Кочетков ҳамда унинг рафиқаси билан Тошкентга жўнатилаётган эшелонга жойлашишга муваффақ бўлган.

Эвакуация қилиниб, жонларини сақлаб қолган фан, маданият, санъат ва адабиёт арбобларига катта эътибор билан қаралган. Уларга махсус паёк (маълум миқдордаги озиқ-овқат) берилган, эвакуация қилинганлар ошхоналарга ҳам бириктириб қўйилган.

– 1942 йилда Самарқандга Москва, Ленинград, Киев, Харьковнинг санъатшунослик институтлари ҳам эвакуация қилинган, – деб ёзади ўз эсдаликларида 1937 йилда Марказий Осиёга сургун қилинган, уруш йиллари Самарқандда яшаган санъатшунослик доктори Лазарь Ремпель. – Улар Регистондаги мадрасага ва темир йўл вокзали яқинидаги мактаблар биносига жойлаштирилган. Менга ушбу олий таълим муассасаларида санъат назарияси ва Шарқ мамлакатлари санъатидан  дарс  беришни топширишди. Яъни урушга қарамасдан бўлажак санъатшуносларни тайёрлаш давом этаётганди. Буни маҳаллий аҳоли ҳам қўллаб-қувватларди. Талабаларга асқотади деб жамоа хўжалигидан бизга эчки совға қилишган. Уни соғиб, сути билан талабаларни сийлаганмиз..

Фарғонада таваллуд топган, Петербург университети ва олий бадиий билим юртида таҳсил олган, 1920 йилда Ўрта Осиё санъат музейининг директори бўлган, жаҳон тасвирий санъати дурдоналари қаторидан ўрин олган, ҳозирги пайтда Москвадаги Третьяков галереясида сақланаётган “Анор чойхонаси” асарининг муаллифи А.Н.Волковнинг ўғли – Александр Волков ўша суронлар кунларни шундай хотирлайди:

– 1941 йилда Тошкентда дастлабки эвакуация қилинганлар пайдо бўлди. Шаҳримизга биринчи эшелонлар келиши билан отам  темир йўл вокзалига йўл олди ва уйимзга эвакуация қилинган бир гуруҳ рассомларни бошлаб келди. Уйимизда бир вақтлар отам ўқитган ҳайкалтарош Дмитрий Шварц рафиқаси ва фарзанди билан, рассом Короткова, венгриялик санъатшунос Дурас ва бошқа рассомлар яшай бошлади. Отам улар учун ўз устахонасини бўшатиб берди. Устахона уйимиздаги хоналарга нисбатан бирмунча каттароқ бўлганлиги учун улар бу ерда бемалол жойлашишди.

Уруш йиллари бўлишига қарамадан Тошкентда таниқли рассомлар ва ҳайкалтарошлар И.Э.Грабарь, Д.С.Моор, С.В.Герасимов, В.А.Фаворский  ва бошқалар томонидан 25 та бадиий кўргазма, шу жумладан “Ватаннинг қаҳрамонона ҳимояси”, “Улуғ Ватан урушининг икки йили”, “ Ўзбекистон Улуғ Ватан урушида” ва бошқалар ташкил этилган.

Москвадаги Шарқ давлат музейида 2015 йилда Буюк Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб “Осиё уйи. Рассомлар Ўзбекистонда (1941-1945)” кўргазмаси намойиш қилинган эди. Унда ҳам ўзбек, ҳам уруш йилларида Тошкент ёки Самарқандга эвакуация қилинган Владимир Фаворский, Александр Волков, Роберт Фальк, Амшей Нюренберг, Павел Беньков ва бошқа  рассомларнинг  уруш йилларида яратган асарлари намойиш қилинган.

Композиторлар М.Штейнберг, О.Чишко, Б.Арапов, В.Волошинов, Ю.Тюлин ва бошқалар томонидан яратилган мусиқа асарлари ўзбек мусиқа санъатини ривожлантиришга хизмат қилган. А.Козловскмй “Улуғбек” операсини, композитор Т.Содиқов билан эса “Даврон ота” мусиқа драмасини яратган. Уларнинг  ўзбек санъатига қўшган катта ҳиссалапри учун М.Штейнбергга Ўзбекистон халқ артисти, Ю.Тюлин, Х.Кушнарёв, О.Чишко, Б.Арапов, И.Мусин, М.Семёновга республикада хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонлари берилган..

Қонли уруш давом этаётганига қарамасдан  Тошкентда маданий ҳаёт жўшқинлигини йўқотмаган.Ўзбекистонда уруш йилларида 37 та маҳаллий ва 15 та эвакуация қилинган театр фаолият олиб борган. Бу 15 театрнинг 12 таси Украина театрлари бўлган. Бу ерда Ленинград консерваторияси, Москванинг “Ленком”,яҳудийлар театрлариўз спектаклларини намойиш қилар, таниқли пианиночи Павел Серебряковнинг концертлари ўтказиларди.

Москвадаги яҳудийлар театрининг бадиий раҳбари  Михоэлс Владимир Луговский билан биргаликда Тошкентда чақноқ “Олой бозори” спектаклини саҳналаштиришган. Бу пьесада ҳатто машҳур рус ёзувчиси, “қизил князь” деб улуғланадиган Алексей Толстой этикдўз ролини ижро этган. Спектаклдан тушган маблағ болалар уйига ўтказилган.

 

image003

Алексей Толстой Тамара хонимга дастхат ёзиб, китобини совға қилмоқда

 

1944 йилда Ўзбекистон опера ва балет театрида балет студияси ташкил этилган. Бу ерда М.Турғунбоева, У.Комилов ва бошқа ўзбек педагоглари билан таниқли балетмейстерлар Е.К.Обухова, А.Н.Обухова, П.К.Йоркин, В.Н. Вильтзак ва бошқалар дарс берган.

Кўчириб келинган санъат арбобларининг ташаббуси билан  1942 йилнинг март ойида Ўзбекистон театрлари ижодий ходимлари учун малака ошириш курслари ҳам ташкил этилган. Бу курсларга театр артистлари, режиссерлари, композиторлари, рассомлари, дирижерлари жалб этилган.Уруш йилларида Ўзбекистондаги театрлар сони 34 тадан 46 тага етган. Улар ўзбек, рус,қорақалпоқ,  қозоқ, уйғур,  корейс ва яҳудий тилларда спектакллар намойиш қилишган.

Уруш йилларида Ўзбекистонга  Михаил Ромм, Григорий Козинцев, Леонид Трауберг, Александр Зархи каби атоқли кино режиссёрлари ҳам эвакуация қилинган. Улар Тошкент киностудиясида ўзбек режиссёрлари И. Ағзамов, Н. Ғаниев, К.Ёрматов, С.Муҳамедов ва бошқалар билан биргаликда 10 та бадиий фильм, шу жумладан ўша йиллари жуда машҳур бўлиб кетган “Икки жангчи”, “Тоҳир ва Зуҳра” ва “Насриддин Бухорода”, «Александр Пархоменко»  кинофильмларини суратга олишган. Кинофильмларда Фаина Раневская, Аркадий Райкин, Лев Свердлин, Леонид Броневой ва бошқа таниқли артистлар роль ўйнаган.

Ижодкор зиёлиларнинг Тошкентга эвакуацияси 1941 йилнинг 16 октябрь куни, Германия қўшинлари Москва остоналарида турган пайтда бошланган. Ёзувчилар, рассомлар, театр арбоблари ва артистлар турли жойлардан 24 соат ичида бу ерга тўпланган. Масалан, ёзувчи  Михаил Зошченкони Ленинграддан олиб келишган. Машҳур адиблар Алексей Толстой, Корней Чуковский оилалари билан эвакуация қилинган.  Тошкентга йўл олганлар орасида жуда таниқли театр ва кино артистлари Любовь Орлова ва   Фаина Раевская ҳам бўлган.

1941 йилнинг ноябрь ойида қамалда қолган Ленинграддан Ўзбекистонга машҳур адиблар Алексей Толстой, Всеволод Иванов, Корней Чуковский, Борис Лавренев, Илья Эренбург, Борис Горбатов эвакуация қилинган. Кейинчалик республикага  академик Виктор Жирмунский, шунингдек Якуб Колас, Мариэтта Шагинян, Василий Ян, Всеволод Иванов, Борис Горбатов, Николай Погодин, Ефим Дорош,Владимир Луговской, Илья Сельвинский, Иосиф Уткин, моҳир кино санъаткорлари Михаил Ромм, Иосиф Хейфиц, Александр Зархи, Григорий Козинцев, Леонид Трауберг ва яна кўплаб бошқа ижодкорлар ҳам кўчирилган[2].

Қамалда қолган Ленинграддан Чистополь шаҳрига кўчирилган, душман бу ҳудудга ҳам  бостириб кириш хавфи туғилгандан кейин минг азоб билан Тошкентга келишга муваффақ бўлган Анна Ахматова бу ерда яшаган пайтда эвакуация қилинганлар, шахсан ўзига кўрсатилган меҳр-оқибатга миннатдорчилик сифатида  инсонпарварлик, эзгулик, меҳрибонлик азалдан ўзбек халқига   хос бўлганлигини Ўзбекистонга бағишланган шеърида мадҳ этган:

Етти юз йил келмадим, бу ер
Ўзгармабди ҳеч қанча, бироқ...
Оқаётир Илоҳий меҳр
Ҳаёл етмас чўққиларда оҳ.

 

 

image004

Анна Ахматова, Тошкент, 1942 йил

 

Тошкентни умумиттифоқ адабиёт маркази деб ҳам атай бошлашан. Бу бежиз эмасди. 1942 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюмасидаги 195 адибнинг 135 нафари эвакуация қилинган ёзувчилар бўлган.

Оренбург давлат университети Жанубий Урал тарихи ва этнографияси имий-тадқиқот институтининг директори, тарих фанлари доктори Веналий Амелинтаъкидлаганидек,  “Ўзбекистон Россия, Украина, Белоруссия илмий-бадиий энг истеъдодли зиёлиларинмуқаррар ҳалокатдан сақлаб қолганини ёдда сақлаш муҳимдир. Шу билан бирга ана шу жойдан, фронтдан олисда жанггоҳларга қурол-аслаҳа узлуксиз етказиб турилди. Мамлактнинг мудофаасига улкан ҳиссаси учун миннатдорчилик тарих хотирасида, уруш фожиасини бошидан ўтказганлар хотирасида абадул-абад қолади”.

Таниқли адабиётшунос Александр Дейч эса ўз эсдаликларида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси Ҳамид Олимжоннинг эвакуация қилинган адибларга: “Биз Тошкент сизлар учун шунчака вокзалнинг кутиш зали эмас, балки бутун умр хотирангизда қоладиган қадрдон уйингиз бўлишини истардик” деган сўзларини келтиради.

Ўзбекистонга кўчириб келтирилган рус, украин, белорус, молдован ва бошқа миллатларга мансуб ёзувчи ва шоирларнинг  республикамиз адиблари билан  ҳамкорлиги янада юқори даражага кўтарилган. Уруш йилларида ўзбек адабиётининг мумтоз асарлари – Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин” достонлари, Заҳириддин Бобур, Фурқат ва Муқимийнинг шеърлари, “Алпомиш” ва “Гўр ўғли” халқ достонлари рус тилига таржима қилинган, Ғафур Ғулом, Зулфия, Мақсуд Шайхзода, Уйғуннинг рус тилидаги шеърий тўпламлари нашр этилган. “Биз енгамиз!” деган альманах, “Ўзбекистон шоирлари – фронтга” номидаги антология чиқарилган.  Ҳамид Олимжон, Уйғун, Собир Абдулла, Николай Погодинлар  ҳаммуаллифликда “Ўзбекистон қиличи” мусиқали драмасини  яратган. Адабиётшунос академик Виктор Жирмунский Ҳоди Зарипов билан “Ўзбек халқ қаҳрамонона достони” монографиясини тайёрлаган.

Тошкентда Болалар бадиий ижодиёти уйи ҳам ташкил этилган. Бу ерда маҳаллий ва эвакуация қилинган оилаларнинг болалари шуғулланган. Улар билан  машҳур санъат ва адабиёт намояндалари – шоира Анна Ахматова, Иттифоқ халқ артисти, яҳудийлар театрининг бадиий раҳбари  Соломон  Михоэлс ва бошқалар машғулот ўтказишган.

Болалар бадиий ижодиёти уйи тўгаракларининг аъзолари  ўз кўргазмасини ҳам ташкил этган. Бу кўргазма аввал Тошкентда, кейин эса Америка Қўшма Штатларида жуда муваффақиятли намойиш қилинган.  Айниқса ёш рассомлар Игорь Юсуфов ва Мария Эльконинанинг асарлари катта қизиқиш уйғотган. АҚШда внв шу кўргазма намойиш қилинганини   “Огонёк” журнали, “Комсомольская правда” газетаси кенг ёритган.

Статистика маълумотларига кўра, уруш йилларида совет қўшинларининг жангларда ярадор бўлган 14,5 миллион нафар аскар ва зобитларидан 10,5 миллион нафари ҳарбий госпиталларда даволаниб, яна армия сафига қайтган.  Иккинчи жаҳон урушида қатнашган мамлакатларнинг бирортаси бундай натижага эришмаган. Маршал  И.Х.Багранян миллионлаб ярадор бўлган жангчиларни яна сафга қайтариш Қкролли Кучлар жанговар ҳолатини сақлаб туришнинг асосий омилидир деб уқтирган[3].

Уруш йиллари Ўзбекистон фронтда ярадор бўлган жангчиларга иккинчи ҳаёт бахш этган улкан сиҳатгоҳга ҳам айланган.  1941 йилнинг 1 октябридаёқ республика соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги тизимида 14 минг 950 ўринга эга бўлган 47 госпиталь ташкил этилган. Шу билан бирга Москва, Калинин, Ростов ва бошқа шаҳарлардан 15 минг 900 ўринга эга бўлган 48 госпиталь кўчириб келтирилган. Шу тарзда 1942 йилнинг охирига келиб республика ҳудудида 39 минг 140 ўринга эга бўлган 113 та эвакуация госпиталлари жойлаштирилган эди.

Тошкентдаги госпиталларнинг етакчи хирурги профессор, Россиянинг хизмат кўрсатган фан арбоби, Давлат мукофотининг лауреати Николай Алексеевич Богораз  бўлган.У 1920 йилда Ростов шаҳрида йўловчилар билан тўла трамвай вагонидан трамвай вагонидан сакраб тушиб, икки оёғидан ажралади. Шунга қарамасдан у  амалиётчи хирург сифатида йилига юзлаб операция қилар, тиббиёт фанида кашфиётлар яратарди.

Уруш йилларида у  Тошкентда у педагогика институти биносида жойлашган ҳарбий госпиталда фанера билан тўсилган бир хонада оиласи билан турарди. Бу унга жанг майдонларидан олиб келинган ярадор аскар ва зобитларни дарҳол опреация қилишга киришиш имкониятини яратарди.

Профессор операциялар қилиш билан бирга илмий тадқиқотларини ҳам давом эттирарда. 1943 йилда унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби фаҳрий унвони берилган.

Жангчиларни даволашни ташкил этиш ва амалга оширишга тиббиёт соҳаси профессорларидаг М.И.Слоним, М.С.Астров, П.Ф.Архангельский, Л.Я.Шаргородский, Г.Н.Терехов, У.А.Кристанов, А.А.Аковбян, Ф.Ф.Детенгоф, Г.М.Фрейдович, Я.Я.Гордон, Г.А.Буссель, доцент Э.А.Фракман ва бошқалар ҳам катта ҳисса қўшганлар.

 

image005

Тошкентдаги ҳарбий госпиталда

 

Эвакупция қилинган ҳарбий госпиталларни тиббиёт асобоблари, аппаратлари, жиҳозлари билан таъминлашга республиканинг даволаш ва илмий муассасалари, айниқса Тошкент тиббиёт институти клиникаси катта ёрдам кўрсатган..

Ўзбекистонлик 18 минг 48о нафардан кўпроқ  донор ярадорлар учун қон бериб турган. Республикадаги 750 дан ортиқ корхона ва жамоа хўжаликлари ҳарбий госпиталларни оталиққа олиб, даволанаётган жангчиларга мунтазам  ғамхўрлик қилган.

Уруш йилларида бу госпиталларнинг жуда самарали фаолият олиб борганлигидан  164 минг 382 ярадор жангчи келтирилган бўлиб, улардан 87 фоизи даволаниб чиққанлиги яққол далолат беради.

Эркин ЭРНАЗАРОВ, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

(Давоми бор)

 


[1] Сабиров А.Т. Роль «Ташкентских Афин» в сбережении науки и культуры СССР // "Общая Победа. К 65-летию Победы в Великой отечественной войне 1941 - 1945 годов" ( материалы международной конференции, Москва, 23 - 24 апреля 2010 г.). - М. Издательский центр РГГУ.- 2010.

[2]Рязанцева Ю. А. Эвакуация писателей в Ташкент в 1941 году [Текст] // Исторические исследования: материалы VI Междунар. науч. конф. (г. Москва, июнь 2018 г.). — М.: Буки-Веди, 2018. — С.107.

[3] Чиж И.М. Вклад медицинской службы в Победу в Великой Отечественной войне // Воен.-мед. журн. - 1995. - № 5. - С. 5.