« Back

COVID-19 14.04.2020 12:12

Ҳамшира касалхонадаги “қизил ҳудуд” ҳақида гапириб берди

Хитойнинг Хошэньшань шаҳридаги ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси олтинчи департаменти беморлик бўлими тиббий ходими Чэнь Минь хоним икки ой мобайнида “қизил ҳудуд”да қандай ишлаганини ОАВга гапириб берди.

“Қизил ҳудуд” дегани, бу – шифохонанинг ўта оғир аҳволдаги беморлар ётқизиладиган юқумли касалликлар бўлими.

Ҳозир, Миннинг таъкидлашича, бир неча ой олдин коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан тўлиб-тошган палаталар бўшаб қолди. У бир гал анча кекса бир жуфтликни олиб келишганини эслади. Эркак борган сари ҳолдан тояр, аёл эса бундан хавотирга тушарди. Ҳамшира бир амаллаб қариянинг ўғли билан телефон орқали боғланди ва ота-болани сўзлаштирди. Барибир, чолнинг саломатлиги яхшиланмади ва у вафот этди. Ўғил эса тиббий ходимга иши ва оғир меҳнати учун миннатдорлик билдирди.

Минь, шунингдек мижозларидан бири яқинда туғилган куни экани ва шу муносабат билан шарбат ичгиси келаётганини айтган. У эса ҳамкасблари билан маслаҳатлашиб, беморга нафақат ширин ичимлик, балки ул-бул егулик ҳам олиб кириб берди.

“Йигит ўзини жуда бахтиёр сезарди, чунки шунчаки илтимосини биз бу қадар жиддий қабул қилишимизни кутмаган экан”, — дейди Чэнь.

Ўша мижозимиз туғилган кун инсон учун алоҳида аҳамиятга эга, унутилмас кун эканини таъкидлади. Шу билан бирга шифокорлар ҳам тез орада ўз оилалари бағрига қайтишига умид билдирди.

Яна бир бемор Альцгеймер касаллигига чалинган аёл қандай қилиб овқатланиш кераклигини унутган эди. Шу боис унга таомни едириб қўйишарди. Кунларнинг бирида аёл Миндан “ўзингиз ҳам тушлик қилдингизми”, дея сўраб қолди.

“Оддийгина сўзлар, бироқ мен жуда тўлқинланиб кетдим. Аввалига йиғлай бошладим, кейин эса кулиб юбордим. Ахир, шунча кун ўтса-да, онахон мени эслаб қолибди. Бундан ҳам ёқимли нима бўлиши мумкин?” — дея ўз ҳис-туйғуларини изҳор қилган тиббий хизматчи.

Миннинг айтишича, бўшаб қолган палаталар — шунинг ўзи тиббий ходимлар учун энг катта мукофот.

“Бу эпидемияни кўргани кўзим йўқ, аммо касаллик билан курашганимдан фахрланаман”, — таъкидлайди ҳамшира.

Унинг эътирофича, кишилар барча қийинчиликларни меҳр-муҳаббат, масъулият билан енгиб ўтишга муваффақ бўлишди.
“Бу баҳор ёдимда умрбод қолади!” — деб ҳикоясини тугатган Минь.

ЎзА