« Back

COVID-19 08.06.2020 13:43

САЛОМАТЛИК ВА ИҚТИСОДИЙ ҲОЛАТНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ЁРДАМ

Канаданинг Маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ўзбекистоннинг икки минтақаси – Сирдарё ва Қорақалпоғистонда иқтисодий имкониятлар ва тоза сувдан баҳраманд бўлиш шароитларини яхшилашга ёрдам бермоқда.

Тошкент – Канада Ҳукумати Канада элчихонаси қошидаги Маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали Сирдарё вилоятидаги ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги Орол денгизи минтақасидаги иқтисодий ҳолатни ривожлантириш бўйича BMTTDнинг фаолиятини кенгайтириш учун маблағ ажратди.

Таклиф этилаётган молиявий ёрдам Сирдарё вилоятида аёллар раҳбарлигидаги қишлоқ уй хўжаликларининг аъзолари учун иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Қорақалпоғистонда тоза сувдан ва хавфсиз дезинфексия воситаларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида COVID-19 пандемиясига чидамлиликни оширишга кўмак беради.  Ушбу молиялаштириш бошқа донорлардан олинаётган маблағлар билан биргаликда Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси оқибатларини бартараф этиш мақсадида яратилган BMTTDнинг Тезкор жавоб чоралари механизми томонидан ишлатилади.

Кичик бизнеснинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган муҳим ўрнини ҳамда COVID-19 пандемиясининг ушбу соҳага бўлган таъсирини инобатга олган ҳолда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш миллий даражадаги устувор вазифага айланди. Мазкур ҳаракат Сирдарёда аёллар раҳбарлик қилувчи корхоналарни, жумладан макарон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни, сартарошхона ва гўзаллик салонларини, тикув устахоналари ва ҳунармандликка ўргатиш марказларини яратиш орқали аёллар раҳбарлигидаги уй хўжаликлари аъзолари учун ишга жойлашиш ва таълим олиш имкониятларини яхшилашга имкон беради. Шунингдек, санитария мақсадларида тоза сувдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш учун ишлатилади ва шу орқали Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган аёллар раҳбарлигидаги уй хўжаликлари ва мактабларда COVID-19 инфексияси тарқалишининг олдини олишга кўмак беради. Қорақалпоғистонда сув саёз қудуқлар ва коллектор-дренаж тизимларидан олинади, шундан сўнг қайта осмос жараёни ёрдамида тозаланади. Ҳосил бўлган тузли чиқиндига COVID-19 вирусига қарши самарали ва хавфсиз дезинфексия воситаси бўлган гипохлорит натрий олиш учун гидролиз ускунаси орқали ишлов берилади. Сирдарёда тоза сувдан фойдаланиш имконияти мавжуд қудуқларни реконструксия қилиш ва янги сув тақсимлаш тизимини қуриш орқали таъминланади.

Мазкур ташаббуслар аёллар раҳбарлик қилувчи Қорақалпоғистон яйлов кооперативлари уюшмаси каби жамоатчилик ташкилотларининг аёл раҳбарлари билан ҳамкорликда, шунингдек, эҳтиёжларни баҳолаш бўйича тадқиқотларнинг натижаларини инобатга олган ҳолда режалаштирилди. Ушбу ҳамкорлар лойиҳа натижаларига эришишга кўмак беришда муҳим вазифа бажарадилар ҳамда жамоалардаги аҳолини ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш, ва шу орқали лойиҳанинг барқарорлигини таъминлашга ёрдам берадилар.

Мазкур ташаббус, шунингдек, аёллар учун камида 100та иш ўринларини яратишга ҳамда 1500 нафардан кам бўлмаган ишсиз аёлларни бозорда талабгор ва уларга кўпроқ иқтисодий мустақилликка эришишга ёрдам берувчи кўникмаларга ўргатишга имкон беради.

Канада элчихонаси ва BMTTD 2015 йилдан буён Канаданинг Маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ҳамкорлик қилиб келмоқдалар ва хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Мисол учун, яқинда BMTTDнинг “Ўзбекистоннинг қурғочил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимга чидамлилигини таъминлаш” лойиҳасига ҳам кўмак берилди (2020 йил май ойида). BMTTD Ўзбекистонда тинчиликни сақлаш ва ривожланишни тезлаштириш мақсадида Жамғарма билан яқин ҳамкорликда ишлашни давом эттиради.

Ўзбекистон Республикасида БМТ тараққиёт дастурининг матбуот хизмати