« Back

COVID-19 10.07.2020 12:45

Карантин чўзилгани эҳтиёжманд оилаларни қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин

Прокурорлар секторларида бундай оилаларга кўмаклашиш билан бирга, уларда тирикчилик манбаи ҳосил бўлишига имконият яратиб бериш ишлари кенгайтирилади.

Бутун дунёда бўлгани каби сўнгги кунларда юртимизда ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ аҳвол мураккаблашмоқда. Карантин чоралари муддатларининг узайиб бораётгани аҳоли, жумладан, эҳтиёжманд оилаларни қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин.

Шу боис бундай оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг вакилларини ишга жойлаштириш, шу йўл билан уларда тирикчилик манбаи ҳосил бўлишига имконият яратиб бериш ишлари янада жадаллаштириштирилади.

Бош прокуратурада ҳудудий прокуратура органлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган селектор йиғилишида шу ҳақда сўз борди. Йиғилишда Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 8 июль куни ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ҳамда эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг бандлигини таъминлашни янада кучайтириш чораларини белгилаб олинди.

Бош прокурор Н.Йўлдошев бошқарган мажлисда айрим секторлар томонидан эҳтиёжманд оилалар аъзоларини барқарор ва истиқболли ишга жойлаштиришга етарли эътибор берилмаётгани танқид қилинди.

Оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва жамоат ишларига ҳамда инвестиция, агросаноат, қурилиш лойиҳалари асосида иш ўринларига эҳтиёжманд оилалар аъзоларини жалб этиш, бўш турган давлат объектларидан фойдаланиш бўйича ишлар суст йўлга қўйилганлиги айтиб ўтилди.

Аҳолини ҳунармандликка жалб этиш борасида Сурхондарё ҳамда такрорий экин экиш учун ер ажратиш борасида Андижон вилоятларининг ижобий тажрибалари алоҳида эътироф этилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда барча прокурорлардан секторлар ҳудудида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва бу фаолиятнинг устувор йўналишлари ҳақида аҳоли тўлиқ тасаввурга эга бўлиши мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш топширилди. Жойлардаги секторлар штабларида “call-center” марказлари ташкил этган ҳолда маълумотлар киритиш жараёнини қатъий кунлик назоратга олиш талаби қўйилди.

Секторларда ишсиз ёшларни “устоз-шогирд” тамойили асосида касбга ўргатиш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Бу борада ҳар бир масъул прокурор ходимнинг шахсий жавобгарлиги масаласи белгиланди.

Йиғилишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни тезкор бартараф этишга қаратилган аниқ вазифалар қўйилди. Шунингдек, секторлар раҳбарлари ҳудудларда карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, инфекциянинг аҳоли орасида кенг тарқалишига йўл қўймасликка ҳам масъул эканлиги алоҳида қайд этилди.

Муаттар Рўзибоева,
ЎзА