« Back

COVID-19 14.07.2020 12:20

КЛИНИК ҚЎЛЛАНМА: коронавирусдан уйда қандай даволаниш мумкин?

Коронавирус инфекциясининг енгил кўриниши билан касалланиб, уйда даволанаётган бемор ўзини қандай тутиши керак, у билан бирга яшаётганлар нималарга эътибор бериши зарур, вазиятни назорат остида ушлаб туришда нима ёрдам беради? Энди бу каби саволларга Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан ишлаб чиқилган Клиник қўлланмадан жавоб топиш мумкин.

Бу ҳақда Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, уйда даволаниш жараёнида, яъни касаллик аломатларининг бутунлай йўқолиб кетгунига қадар ёрдам кўрсатиш бўйича бемор билан шифокор ўртасида ўзаро муносабат йўлга қўйилган бўлиши зарур.

Сўнгги таҳлиллар коронавирусга чалинган беморларнинг 40 фоизида касаллик енгил кечаётганини кўрсатган. Демак, COVID-19 инфекцияси юқтиргани тасдиқланган ёки шундай эҳтимол мавжудлиги шубҳа қилинаётган фуқаролар вирус янада тарқалишининг олиш мақсадида уйда ўзини ўзи яккалаши зарур.

Клиник қўлланмада касалликнинг енгил кечишига хос бўлган асосий белгилар сифатида тана ҳароратининг 38 даражадан ошиши (ёки ҳароратнинг кўтарилмаслиги), терлаш, умумий ҳолсизлик, йўтал, тумов, томоқ, бош оғриғи, томоқ қичиши, кўнгил айниши ёки диарея, тананинг қақшаши, таъм ва ҳид сезишнинг бузилиши келтирилган. Бундай ҳолатда бемор уйда даволаниши мумкин.

Бемор ва унинг оила аъзолари учун тавсияларда беморни парвариш қиладиган шахслар сони чегараланган бўлиши лозимлиги айтилган. Бунда соғлиғи мустаҳкам, асоратли касалликларсиз ёки иммунитети паст бўлмаган бир киши танлаш маъқуллиги тавсия қилинади.

Клиник қўлланмага мувофиқ, беморнинг тана ҳарорати кўтарилганда шифокор тавсияси билан овқатлантириш ва сув балансини ушлаб туриш зарур.

Симптоматик даволаш қуйидагиларни кўзда тутади: тана ҳароратини тушириш учун парацетамол, ибупрофен, комплекс терапия учун ринит ёки ринофарингит, бурун-димоғ орқали қўлланиладиган деконгестантлар, нафас йўлларининг яллиғланиши терапияси учун мукоактив, бронхолитик ва бошқа дори воситаларини қўллаш мумкин.

Касалликнинг енгил турида яхши овқатланиш керак бўлади. Кўп сув ичиш тавсия этилади. Бу организмдан заҳарларни қувиб чиқариш, шиллиқ пардани намлаб туриш ва томоқ-бурундаги ажратмаларнинг ажралишини енгиллаштириш учун зарур.

Зудлик билан тиббий ёрдам талаб қилинадиган хавотирли аломатларга эътибор қаратиш керак. Жумладан, бош айланиши, нафас олишнинг оғирлашиши, кўкракда оғриқ пайдо бўлиши, организмнинг қуриб кетиши каби ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.

ЎзА