« Back

COVID-19 24.07.2020 12:43

Карантин қоидаларининг бузилиши - унинг чўзилиши демакдир!

Карантин қоидаларини бузувчилар бўлгани учун юртимизда коронавирусни юқтирганлар ва шу касалликдан вафот этганлар сони ошиб бормоқда. Бу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси шанба ва якшанба кунлари учун карантин қоидаларини кучайтирди, қоидабузарларга нисбатан жарима миқдорини оширди.

Шанба куни балкондан кўчага қараганимда бирорта машинани, бекорчиликдан тентираб юрганларни кўрмадим. Демак, одамлар қоидабузарларга енгил жазо берилаётгани учун карантин қоидаларини бузаётган экан-да.

Ҳолбуки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида бундай ачинарли аҳволни танқид қилган эдилар: «Суд-ҳуқуқ соҳасига доир асосий қонун ва кодекслар бундан 20-25 йил илгари қабул қилинган бўлиб, ҳозирги давр талабларига жавоб бермайди... Ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш зарур... Тизимда жамоат тартибини сақлаш, жиноятларга қарши курашиш ва давлат хизматларини кўрсатиш фаолиятига доир аниқ мезонлар белгиланмаган».

Ўша вақтда юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурарди. Лекин бу вақтда Хитойнинг коронавирус касаллиги тарқалган ҳудудида карантин эълон қилинганди. Коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш учун Хитойнинг бошқа ҳудудларида ҳам карантин эълон қилишга тайёргарлик кўрилаётганди. Бошқа давлатлар Хитойдан келаётган йўловчиларни карантинга олишаётганди ва ўзларида карантин жорий этиш ҳақида ўйлашаётганди.

Бутун дунёга таҳдид солаётган коронавирус хавфининг олдини олиш мақсадида Президентимиз 29 январь куниёқ «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида»ги фармойишни қабул қилди. Бу Олий Мажлиснинг «Ўзбекистон Республикасида карантин даврида амалда бўладиган жиноят ва маъмурий жавобгарлик кодекси» лойиҳаси устида иш бошлашини тақозо этарди.

Бирин-кетин бошқа давлатларда карантин эълон қилинди. Кутилгандек, бу ҳол юртимизни ҳам четлаб ўтиб кетмади. Бошқа давлатлар парламентлари қизғин ишга киришди. Украина Радаси дарҳол карантин даврида амал қиладиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва бу қонун 18 мартдан кучга кирди. Бу қонунда тинчлик-осойишталик кунларидаги қонунга нисбатан ҳуқуқбузарлик учун тайинланадиган жазо-жавобгарлик бирмунча оширилди.

Ҳатто бир хил ҳуқуқбузарлик учун оддий фуқарога нисбатан мансабдор шахсларга 10-15 баравар кўпроқ жазо белгиланди. Россия Думаси бироз кечикиб бўлсада 25 март куни шундай қонунни қабул қилди. Бундай қонунлар бошқа давлатларда ҳам ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Филиппин Президенти эса полиция ходимларига карантин қоидаларини бузганларни отишига буйруқ берди. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, карантин қоидасини бузганлар коронавирус касаллигини тарқатиб, ўнлаб, юзлаб бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлиши мумкин.

Юртимизда карантин даврида амал қиладиган кодекс қабул қилинмагани учун қоидабузарларга Президентимиз Мурожаатида танқид қилган ҳозирги давр талабига жавоб бермайдиган кодекс моддаларига асосан жавобгарлик белгилана бошланди. Карантин даврида ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган милиция ходимларига зўравонлик қилиб, тақиқланган ҳудуддан ўтган ҳуқуқбузарга 15 сутка қамоқ ва жарима белгиланди. Агар у бундай ҳуқуқбузарлик Филиппинда содир этганда иш судгача етиб борармиди? Ҳуқуқбузарлар орасида милиция ходимини ҳақорат қилган ва қўрқитмоқчи бўлган депутатнинг борлиги ачинарли ҳолдир.

Ижтимоий тармоқларда унга 10 сутка қамоқ жазоси белгиланганлиги айтилди. Лекин у бундай ҳуқуқбузарликни Украинада содир этганда мансабдор шахс бўлгани учун депутатлик муддатининг кўпроқ қисмини ўша 10 сутка ўтирган жойида ўтказарди. Комиссиянинг шанба ва якшанба кунлари учун карантин қоидаларини кучайтиргани барчани сергакликка ундагани яққол сезилди. Демак, Олий Мажлис карантин давридаги қоидабузарликларни теран таҳлил қилган ҳолда «Ўзбекистон Республикасида карантин даврида амалда бўладиган жиноят ва маъмурий жавобгарлик кодекси»ни қабул қилса айни муддао бўларди. Ундаги карантин қоидаларини бузганларга нисбатан белгиланадиган жиноий ва маъмурий жавобгарликлар одамларни ҳушёр торттирарди.

Ҳозирги карантин даврида қанчадан-қанча эҳтиёжманд, кам таъминланган, қаровчиси йўқ оилаларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Лекин кимлар ёрдам сўраяпти, бу жиддий ўйлайдиган масала. Ижтимоий тармоқда COVID-19 Маркази вакилининг сўзларини эшитганда оғир хаёлга толдим. У битта манзилга борганимизда ҳашаматли дарвозани кўрганда адашдик деб ўйлаган. Дарвоза очилганда «Малибу» машинасини кўрган.

Кошона эгаси Марказ берган озиқ-овқатни индамасдан олиб қолган. Кейин «Ласетти» машинаси бор ёрдам сўраганга озиқ-овқат топширилган. Уйи европача таъмирланган, икки ўғли хорижда озиқ-овқат тармоғи эгаси бўлган тўрт мучаси соғ ота ҳам шундай ёрдамни олишдан бош тортмаган. Маҳаллада гап ётмайди, дея бежиз айтилмаган. Ўзига тўқ кимсаларнинг моддий ёрдам олиши шундай ёрдамга жуда муҳтож кишиларни жунбишга келтиради, аҳоли ўртасида ваҳима уйғотади.

Марказ ўз вазифасини ҳалол бажараяпти – ёрдам сўралган манзилга зарурий озиқ-овқат маҳсулотларни белгиланган тартибда етказиб бераяпти. Аммо карантин даври ёрдам сўраётганларнинг мақсадини аниқлайдиган ташкилотлар ҳам ўз вазифасини ҳалол бажаришини талаб қилмоқда. Негаки, карантин шароитида учқунни аланга олдирмасдан ўчириш лозим. Чунки ёрдам сўраётганларни ҳаммаси моддий ёрдамга муҳтож бўлгани учун кўмак сўраяпти деб ҳеч ким айта олмайди.

Ҳозир қимматбаҳо қўл телефони борлар Марказга бемалол қўнғироқ қилишмоқда. Камбағаллигидан ҳатто уй телефони ҳам йўқлар эса қўнғироқ қилиша олмаяпти. Бундай ижтимоий адолатсизликка барҳам бериш учун моддий ёрдамни почта орқали қилинадиган мурожаат асосида ташкил этиш керакдир. Шунда мурожаат этувчи моддий ёрдамга муҳтожлиги тўғрисидаги ҳужжатларни ҳам тақдим этиш имкониятига эга бўлади.

Моддий ёрдамга мурожаат расмий ҳужжат бўлиши учун давлат тилида ёзилиши лозим. Расмий ҳужжат мақомидаги мурожаат эса албатта кўриб чиқилади. Бундай тарзда моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш адолатли бўлиши билан бирга асоссиз мурожаатлар сонини камайтирарди. Муҳими, моддий ёрдам олаётган ногиронлар, боқувчисини йўқотган кексалар ва эҳтиёжманд оилалар сонини оширарди.

Қабул қилиниши лозим бўлган кодексда карантин даврида моддий ёрдам кўрсатиш тартибига ҳам эътибор қаратилиши керак. Ҳозирги вақтда мурожаат қилган борки, моддий ёрдам олаяпти (ҳатто бир неча марта). Ҳуқуқий ҳужжатда ўзига тўқ одамларнинг моддий ёрдам сўраши аҳоли ўртасида ваҳима уйғотишга ҳаракат, тамагирлик, масъул шахслар ишига халақит бериш, моддий ёрдамга муҳтожлар ўртасида давлат сиёсатига ишончсизлик уйғотиш каби қатор айблар қўйилиши белгиланиши зарур.

Нега мен куйиниб моддий ёрдамга мазахўрак бўлган ўзига тўқ кишиларнинг танобини тортиш керак деяпман? Фақат шундай қилинсагина саховатпеша юртдошларимиз кўрсатадиган моддий ёрдамлар мазахўраклар ўртасида хомталаш бўлмасдан бус-бутун ҳолида ҳақиқий эгаларига – ногиронларга, боқувчисини йўқотган кексаларга, эҳтиёжманд оилаларга етиб боради.

Афсуски, ҳозирги пайтда айрим кимсалар бирор фойдали иш қилиш ҳақида эмас, эртадан-кечгача қаерга моддий ёрдам сўраб мурожаат этсам экан дея ўйлайдиган бўлиб қолди. Модомики, карантин даврида амал қиладиган қонунимиз йўқ экан, ўн тўрт асрдан буён инсониятни эзгуликка ундаб келаётган муқаддас Қуръон оятларидан ибрат олайлик. Карантин даврида миш-миш тарқатиб, ёлғон тўқиб, одамлар ўртасига фитна солишга уринаётган кимсалар учраб турибди.

Муқаддас китобда шундай ёзилган: «Одамларни алдаб, фитна солиш ўлдиришдан ёмонроқдир» (Қуръони карим. Алоуддин Мансур таржимаси. Тошкент, «Чўлпон», 1992 йил. 28-бет). Биз карантин давридаги фитначилар қилмишларини шу мезондан келиб чиқиб қоралашимиз лозим. Ҳозирги кунда эҳтиёжманд кишиларга саховат ва кўмак кўрсатиляпти. Бу борада ҳам Китобда йўл-йўриқ кўрсатилган: «Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз.

Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган – паст-нопокларни танламангиз»(Ўша китоб, 40-бет). Ёки «Эҳсонлар бирор ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли, билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақир-камбағаллар учундир. Уларнинг фақирликларини сиймоларидан билиб оласиз. Улар тиланиб туриб олмайдилар»(Ўша китоб, 41-бет).

Албатта, Порталга ёзиб, ҳокимлик, маҳалла, Марказ телефонларига тинмай қўнғироқ қилиб ёрдам сўраётганларни, шу даргоҳларнинг остонасида ўтириб чор-ночорлигидан нолиётганлар арзини ҳам диққат билан тинглашимиз керак. Лекин тиланиб туриб олмайдиган фақирларни топишимиз ва уларга кўпроқ эҳсон кўрсатиш карантин даврининг асосий талабидир. Улар моддий ёрдамимизга тиланиб юрганларга нисбатан кўпроқ муҳтождирлар. Унутмайлик, улар ор-номусли, шарм-ҳаёли бўлганлари учун ҳеч қачон ёрдам сўрамайдилар.

Ҳозирги карантин даврида шуни доимо ёдда тутайлик: коронавирус – жуда хавфли юқумли касаллик. Бу касалликка қарши туришда озгина беғамлик ҳам панд беради. Дунё ахборот воситалари хабарларига назар ташланг, саломатлигини муҳофаза қиладиган қанча мутахассислари бўлишига қарамасдан давлат президентлари, бош вазирлари, ҳатто соғлиқни сақлаш вазирлари коронавирусга чалинди. Ҳа, бепарво бўлганни коронавирус аяб ўтирмайди.

Ниқоб тақмасдан тезгина кўчага чиқиб келаман деб ўйламанг, коронавирус сиздан бир неча баравар тезроқ ҳаракат қилади. Умуман карантин қоидаларини бузиш мумкин эмас. Сизга атрофингиздаги одамлар индамасдир, аммо коронавирус қоидабузарни кечирмайди. Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 14 миллиондан, шу касалликдан вафот этганлар сони 600 минг нафардан ошиб кетди. Улар ҳам коронавирусга чалинмайман дея ўйлаган, касалликдан тузалиб кетишига умид қилган. Лекин коронавирус уларнинг ўйларига ҳам, илтижоларига ҳам қулоқ солмади.

Коронавирусга қарши вакцина ҳали топилгани йўқ. Бироқ, ҳар биримизда коронавирусни юқтирмаслик имконияти бор. Бунинг учун карантин қоидаларига сўзсиз амал қилишимиз керак. Карантин қоидаларининг бузилиши карантиннинг чўзилиши демакдир. Энг афсусланарлиси, бу коронавирусга чалинганлар сонини оширади... Агар ҳаммамиз ҳамжиҳатликда карантин қоидаларига риоя этсак, юртимизда коронавирус тарқалиши олдини оламиз, тинч-осойишта кунларни яқинлаштирамиз. Унутманг, коронавирус пандемияси давридаги долзарб вазифамиз – карантин қоидаларига беками-кўст амал қилган ҳолда халқимизни қаторидан хато қилмасдан соғ-омон олиб ўтишдир.

Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист