« Back

COVID-19 08.09.2020 13:18

COVID-19га қарши курашда Ўзбекистон минтақа давлатларига ўрнак бўлди

Туркиянинг етакчи нашрларидан бири – “Haberturk” Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар минтақа давлатларига ўрнак бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

Коронавирус хуружи яна кучайиши туфайли кўплаб мамлакатларда ушбу касалликка чалинганлар ва ўлганлар сони ортмоқда. Ўзбекистон эса ўзининг дастлабки чоралари билан эътиборга тушган эди.

Коронавирус пандемиясининг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати бошқа мамлакатлардан фарқли равишда Наврўз каби оммавий байрамлар ва мактаблар фаолиятини тўхтатди. Бошқа мамлакатлар билан ҳаво ва қуруқлик йўллари ёпилди, поездлар қатнови тўхтатилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пандемия бошланиши билан фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган жами 14 банддан иборат қарорни имзолади.

Эпидемия бутун дунёга тарқалиши билан Ўзбекистон ҳукуматининг унга қарши ўз вақтида кураш бошлагани минтақа мамлакатларига қараганда йўқотишлар жуда оз бўлишини таъминлади. Эпидемия тарқалиш тезлиги пасайиб вазият бироз яхшилангандан сўнг, яна касалланиш кўрсаткичи орта бошлади. Янги ҳолатлар сонининг кўпайиши ҳукуматни карантин чораларини яна кучайтиришга мажбур қилди. Мамлакатда пандемиянинг тарқалиш тезлигини камайтириш мақсадида вазият назоратга олинди.

Мамлакат ҳукумати томонидан ажратилган маблағлар тиббиёт тизимини мустаҳкамлашга, шахсий гигиена воситалари ва бошқа тиббий асбоб-ускуналар харид қилишга сарфланди.

Инқирозга қарши чоралар доирасида Молия вазирлиги томонидан 10 триллион сўм (1 миллиард АҚШ доллари) миқдорида Инқирозга қарши кураш жамғармаси ташкил этилди. Бугунги кунга қадар ушбу фонддан 5 293 миллиард сўм (520 миллион доллар) миқдорида маблағ сарфланган. Бундан ташқари, коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш учун қўшимча инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 746 миллиард сўм (74 миллион доллар), қўшимча инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 1 741 миллиард сўм (170 миллион доллар), аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун 641 миллиард сўм (62 миллион доллар), иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2 166 миллиард сўм (210 миллион доллар) ажратилди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида 500 мингдан ортиқ корхона ва 8 миллион нафар фуқарога кўмак берилди, вилоятларда бу кўрсаткич 30 триллион сўмни (3 миллиард АҚШ доллари) ташкил этди.

Бугунги кунда минтақадаги давлатлар билан таққослаганда, Ўзбекистонда коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи юқори, янги ҳолатлар нисбатан кам. Мамлакатда касалликка чалиниш ҳар юз минг кишига 35 нафардан тўғри келган бўлса, бу кўрсаткич Россияда 484, Беларусда 681, Қозоғистонда 291, Қирғизистонда 143 ва Арманистонда 1024 кишини ташкил этмоқда. 34 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда касалланиш кўрсаткичи 18,5 миллион аҳолига эга бўлган Қозоғистонга нисбатан 5 баравар кам.

Мамлакатда коронавирус инфекциясидан ўлим даражаси жуда паст – 0,4 фоиз. Бу Қирғизистон ва Қозоғистон каби қўшни давлатларга қараганда 2-3 баравар кам дегани. Ушбу кўрсаткич Россияда 1,5, АҚШда 4, Бразилия ва Ҳиндистонда 3 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон бунга қандай эришди?

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган фуқароларни аниқлаш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш тўлалигича давлатнинг зиммасида. Коронавирусга қарши курашга жами 1,7 триллион сўм (1,7 миллиард доллар) ажратилди. Ҳар бир беморга ўртача 32,3 миллион сўм (3200 доллар), интенсив терапия йўли билан даволанувчилар учун 64,4 миллион сўм (6300 доллар) сарфланади. Fair Health маълумотларига кўра, АҚШда коронавирус билан касалланганлар учун 73,3 минг доллар, агар уларнинг суғуртаси бўлмаса, 38 минг доллар сарфланади.

Пандемия даврида Ўзбекистон ҳукумати соғлиқни сақлаш ходимлари учун 878 минг дона комбинезонлар етказиб берди. Шу билан бирга Тошкент шаҳридаги 4 637 ўринли 16 та тиббий марказларнинг 3 580 та ўрнини COVID-19 билан касалланганларга ажратди. Вилоятларда коронавирус билан касалланганлар учун жами 3 367 ўринли 22 та шифохона ажратилган. Пандемия даврида 7 130 та захира ўрин фойдаланишга топширилди, Тошкентда очилган юқумли касалликлар шифохонасида тахминан 2000 нафар беморни даволаш имконияти яратилди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб 10 минг кишига мўлжалланган карантин марказлари ташкил этилди.

Иқтисодиёт доимий қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун аввал даромад солиғини нолга туширди. Соғлиқни сақлаш ва божхона тўловлари, айниқса, пандемиядан зарар кўрганлар учун тўловлар муддатлари кечиктирилди. Кичик ва ўрта бизнес корхоналари рағбатлантирилди, тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинди.

Ушбу даврда хизмат кўрсатиш соҳасида 60 фоиз ва ишлаб чиқариш соҳасида 77 фоиз корхоналар фаолияти сақлаб қолинди. Май ойи ўрталаридан бошлаб кичик ва ўрта бизнесга етадиган зарарнинг олдини олиш бўйича босқичма-босқич чоралар кўрилмоқда.

Мавжуд корхоналар фаолиятини рағбатлантириш ва янгиларини очиш орқали 3 ой ичида 374 минг киши иш билан таъминланди. 33 минг кам таъминланган оилага ва 27 минг ишсиз фуқарога 10 миллиард сўм (1 миллион АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Халқаро институтлар маълумотларига кўра, пандемия туфайли барча мамлакатларда иқтисодий ўсиш пасайган, Ўзбекистонда эса ўсиш кўрсаткичи сақланиб қолмоқда. Жаҳон банкининг апрель ойидаги маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 1,6, Fich Ratings талқинига кўра 2 фоизни ташкил этади. ЕТТБнинг май ойидаги маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 1,5 фоизга ўсиши мумкин.

Умуман, пандемия бошлангандан сўнг мамлакатда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли иқтисодий инқироз бир ойдан ошмади. Ўзбекистонда карантин чекловларни босқичма-босқич юмшатиш ва ҳаётни тиклаш жараёни давом этмоқда.

Ташқи савдо алоқалари тўхтаб қолгани йўқ

Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда жадал суръатларда ривожланмоқда. Мамлакат бўйлаб ташқи савдо алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш катта аҳамиятга эга. Шу ўринда, йирик иқтисодиётга эга Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан ҳамкор мамлакатлар орасида биринчи ўринда туришини қайд этиш жоиз. Ҳамкорлик доирасидаги икки томонлама муносабатлар кўламини қуйидаги рақамларда ҳам кўриш мумкин: 2019 йилда икки мамлакатнинг ўзаро савдо ҳажми 2018 йилга нисбатан 44 фоиз ўсган.

Пандемияга қарамай, қайд этилган юқори кўрсаткичлар ўзаро муносабатлар узоқ муддатли стратегик аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг амалий ва узоқни кўзлаб юритаётган иқтисодий сиёсати самараси экани ва мавжуд салбий вазият вақтинчалик эканидан далолат беради.

Ўзбекистоннинг ички ва ташқи иқтисодий сиёсати дунё ҳамжамияти эътиборини тортмоқда. Экспертлар Ўзбекистоннинг ўзгараётгани ва ташқи сиёсатдаги ютуқларини эътироф этмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатнинг жаҳон ҳамжамияти билан бирлаша бошлаганини англатади.

Манба: Haberturk
ЎзА