« Back

COVID-19 28.04.2020 12:30

Эпидемиологлар маслаҳатлашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги ҳамда АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) экспертлари онлайн-маслаҳат ўтказишди.

АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасидан маълум қилишларича, унда CDC марказининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Дэвид Сингер, CDC марказининг Атлантадаги бош офиси вакили Ишани Патман, USAIDнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги экспертлари ҳамда қозоғистонлик вирусологлар иштирок этишди.

Мамлакатимиз томонидан онлайн-маслаҳатда Агентлик директори Баҳром Алматов, Вирусология илмий-тадқиқот институтининг референс-лаборатория мудираси Лариса Алиева ва бошқа эпидемиологлар, экспертлар иштирок этган.

Онлайн-маслаҳатда карантин ва эпидемиология назоратини ташкиллаштириш, COVID-19га тест топшириш, иммунологик тестларни ўтказиш, улардан фойдаланиш методологияси, касалликни юқтирган фуқароларни аниқлаш ва кузатиш масалалари, вакциналарни яратиш жараёнлари, карантин чораларини бекор қилиш шартлари ва тартиблари, пандемияга қарши курашишга қаратилган бошқа чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.

CDC марказининг минтақавий офиси вакиллари Ўзбекистонга эпидемиология хизматлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, техник маслаҳатлар ўтказиш, лаборатория ускуналари ва бошқа ҳимоя воситаларини тақдим этиш орқали коронавирусга қарши курашишда ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдиришди.

CDC маркази – 1946 йилда ташкил этилган бўлиб, у АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлигининг федерал агентлиги ҳисобланади. Унинг бош офиси Атлантада жойлашган. Марказ юқумли ва сурункали касалликларнинг назорати, мониторингини таъминлаш, уларнинг олдини олиш вазифалари билан шуғулланади. Марказ соғлиқни сақлашга оид глобал муаммолар, жумладан 1980-йилларда ВИЧ/ОИТСнинг тарқалиши, Эбола, A/H1N1 гриппи, SARS зотилжамининг кенг ёйилиши каби муаммоларни ҳал қилишда кўп йиллик тажрибага эга. Дунёнинг 49 мамлакатида ташкилотнинг офислари фаолият юритади.

Томонлар Ўзбекистонда вируснинг авж олиш нуқтасига чиқиши ва пасайишини ҳисоблаш имконини берадиган унинг тарқалишини моделлаштириш ва прогнозлаш тизимини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, CDC маркази томонидан ишлаб чиқилган “Чиқиш пунктлари дастурлари”ни имплементация қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича тезкор марказни тузишга оид ўзаро ҳамкорлик истиқболлари масаласи юзасидан ҳам фикр алмашилди.

ЎзА