« Back

COVID-19 04.05.2020 13:22

Коронавирус пандемияси миллий қадриятлар фонида

Бугун жаҳон бўйлаб коронавирус пандемиясининг ўзига хос таъсирлари барча жабҳаларда намоён бўлаётганини турли оммавий ахборот воситалари орқали узлуксиз кузатиб бормоқдамиз.

Пандемия нафақат ривожланаётган мамлакатлар, балки ривожланган мамлакатларга ҳам ўзининг сезиларли таъсирини ўтказмоқда.

Жаҳон мамлакатларининг ташқи ва ички сиёсати ва савдо айланмалари, молиявий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги хизматлар, таълим, фан, ишлаб чиқариш ва айниқса соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳалари мазкур пандемия туфайли жабр кўрмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш илк ҳолати аниқланган кунданоқ давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан касалликнинг аҳоли ўртасида тарқалишини олдини олишга қаратилган тезкор тадбирлар амалга оширилди. Тегишли комиссиянинг тузилиши, карантин тартибининг жорий этилиши, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга доир тадбирлар, иқтисодиётни издан чиқишини олдини олишга оид чоралар, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини моддий қўллаб-қувватлашга доир амалий ишларни шулар сирасига киритиш мумкин. Бунинг исботи ва натижасини коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган қуйидаги таҳлилий рақамларда топиш мумкин.

2020 йилнинг 27 апрель куни ҳолатига коронавирус билан касаллик энг кўп қайд этилиши бўйича 3 та давлат мисолида рақамлар билан танишамиз, яъни АҚШда 998.521 нафар, Испанияда 229.422 нафар, Италияда 199.414 нафар шахсларда мазкур инфекция аниқланганлиги ҳақида хабар берилди. Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич 1.904 нафарни ташкил этмоқда. Мазкур давлатларда аҳоли сони бўйича қуйидаги рақамларни келтириб ўтсак.

1-жадвал 
Аҳоли сонининг солиштирма жадвали
(2020 йил 27 апрель)

Давлатлар

Жами аҳоли

Касаллик аниқлан-ганлар

Касалликдан соғайганлар

Касалликдан вафот этганлар

АҚШ

331002651

998521

137014

56139

Испания

46754778

229422

120832

23521

Италия

60461826

199414

66624

26977

Ўзбекистон

33469203

1904

892

8

 

2020 йил 27 апрель куни ҳолатига: АҚШ аҳолиси 331.002.651 нафар, Испания аҳолиси 46.754.778 нафар, Италия аҳолиси 60.461.826 нафар ва Ўзбекистон аҳолиси 33.469.203 нафарни ташкил этади.

Статистикага назар солар эканмиз, ушбу давлатларда касалликни юқтириб олиш, касалликдан юзага келган ўлим ҳолатлари, касалликдан фориғ бўлиш кўрсаткичларини таҳлил этиш мақсадга мувофиқ.

Қуйидаги 1-диаграммада аҳоли сонига нисбатан коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони фоиз кўрсаткичларда акс эттирилган. Унга кўра, АҚШда 0,30%, Испанияда 0,49%, Италияда 0,33%, Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 0,006%ни ташкил этмоқда.

1-диаграмма

 

2-диаграммага мувофиқ эса касалланганлар сонига нисбатан ушбу касаллик билан вафот этганлар сони фоиз ҳисобида келтирилган. Унга кўра, АҚШда бу кўрсаткич 5,62%ни, Испанияда 10,25%ни, Италияда 13,53%ни, Ўзбекистонда эса 0,42%ни ташкил этмоқда.

2-диаграмма

Ушбу касалликдан соғайганлар эса касалланганлар сонига нисбатан фоиз ҳисобида 3-диаграммада келтирилганидек, АҚШда 13,72%ни, Испанияда 52,67%ни, Италияда 33,41%ни, Ўзбекистонда эса 46,85%ни ташкил этмоқда.

3-диаграмма

 

Юқоридаги таҳлилларга асосан барча кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистонда ижобий натижаларни кўришимиз мумкин.

Давлатимиз барча оғирликни ўз зиммасига олиб, иқтисодиётимизга зарар етказилишини англаган ҳолда, биринчи навбатда касаллик тарқалишини олдини олиш, шунингдек, касалликни юқтириб олганлар учун ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини тайёрлаш, касаллик юқтириб олганликда гумон қилинган шахслар учун карантин зоналарини ташкил этиш ишларини зудлик билан ҳал этишга киришди. Жуда қисқа муддатларда карантин зоналари ишга тушурилиб фойдаланишга топширилди.

Касалланганларни даволовчи ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, мамлакатимиздан четда бўлган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтариш чораларини кўрди.

Ўзбек халқининг буюк қадриятларидан келиб чиқиб, касаллик илк аниқланган Хитой Халқ республикасига ва бир неча давлатларга биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга бел боғлади.

Ички иқтисодиётимизни мўътадиллигини таъминлаш учун зарур чораларни кўрди. Ижтимоий кўмакка муҳтож қатламга эътиборни кучайтирди.

Халқимиз бой маънавий меросга, минг йилликларга бориб тақаладиган, эзгу урф-одат ва анъаналарга эга халқ. Азал-азалдан ота-боболаримиз оилага, қўни-қўшнига, маҳалла-кўй, ҳатто етти ёт бегонага ҳам эзгулик улашувчи, танти, мард, инсонпарварлиги, ватанпарварлиги, сабру-бардоши билан ном таратганлар.

Халқимиз шундай ташвишли кунларда ҳам ўзларининг саховатпешалиги билан ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Синовли даврда ўзига хос ирода билан карантин кунларини ўтказиб, яқин мухлат ичида бундай муаммолар бутун дунё аҳолисини тарк этишига ишонч билдирмоқда.

Хулоса шуки, карантин чораларига оптимистик нигоҳ билан ёндашиб, давлат раҳбари бошчилигида олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаш, аҳоли орасида бирдамликни таъминлаш, давлат органлари томонидан қабул қилинаётган чора-тадбирларни тўғри тушуниш орқали бугунги кундаги коронавирус пандемияси каби долзарб муаммодан янада тезроқ халос бўлишга кенг замин яратиб беради.

М.КАМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси