« Back

Долзарб масала 21.05.2020 12:58

Прописка сабаб сарсон бўлдим

Бугунги кунда долзарб бўлган масалалардан ҳисобланган прописка тизимида бир қанча ўзгаришлар амалга оширилиб, кўплаб фуқароларнинг оғирини енгил қилмоқда.

Ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси учун прописка масаласи тўсиқ бўлиши, кўчмас мол-мулк сотиб олишига тўсқинлик қилмаслиги лозим. Давлат ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг 5 йил мобайнида пойтахтда ўз меҳнат фаолиятларини олиб боришлари Тошкент шаҳри ва вилоятида умрбод рўйхатга қўйилиши учун йўл очгани бизни беҳад қувонтирмоқда, албатта. Бироқ нодавлат-нотижорат ташкилотларида 5 йилдан кўп вақт мобайнида фаолият юритган фуқароларга нисбатан ҳам қандайдир енгиллик берилиши лозим эмасмикин? Ўзбекистонда туғилиб, шу юртнинг нонини еб, катта бўлди.  Шу юрт равнақи учун ўз ҳиссасини қўшаётгани ҳам бежиз эмас. Прописка тизимидаги янгилик кўпчиликни хурсанд қилди. Аммо бу масаланинг яна бошқа томонларини ҳам кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Прописканинг шу юрт фуқаролари учун бутунлай олиб ташланиши, менимча, муаммо эмас. Шу ўринда, оддий бир ҳақиқатни айтиб ўтмоқчиман. Мен ҳам давлат ташкилотининг ходимиман. Меҳнат фаолиятимни бошлаганимга бир йил ҳам бўлгани йўқ. Водийда туғилганман. Вақтинчалик пропискада акамникида, яьни, Тошкент шаҳар Чилонзор туманида тураман. Лекин доимий пропискам водийда. Турмушга чиққанман. Турмуш ўртоғим Тошкент шаҳар Учтепа туманида доимий рўйхатда туради. Турмуш қурганимизга ҳали бир йил ҳам  тўлгани йўқ. Ҳозир ҳомиладорман. Табиийки, аёл кишида ҳомиладорликда турли хил оғриқлар бўлиб туради. Шу пайтда тез тиббий ёрдамга мурожаат этишга мажбур бўлдик. Улар ҳам барака топишсин, тезда етиб келишди. Текширишлардан сўнг менда ҳомила тушиш хавфи аниқланди. Шифохонага боришимга тўғри келди. Тиббиёт ходимига бу ерда доимий рўйхатда турмаслигимни, вақтинчалик пропискам эса акамникида эканлигини айтган эдим. Улар вақтинчалик пропискангиз қаерда бўлса, шу ердаги туғруқхонага боринг, дейишди. Сўнг мен яна вақтинчалик рўйхатдан ўтган жойимдаги туғруқхонага бордим. Бу ердаги шифокор ҳам менинг нотўғри келганлигимни, турмушга чиққанимдан кейин турмуш ўртоғимнинг яшаш манзили бўйича шифохонага боришим кераклигини таькидлади. Орада тортишувлар бўлди. Охир-оқибат яна эримнинг яшаш жойидаги шифохонага бордим. Жоним оғриб, бир аҳволда бўлсам-да, прописка сабаб роса сарсон бўлдик. Бу каби воқеалар бошқа қанчадан-қанча фуқаролар билан ҳам содир бўлиб туриши тайин. Шу ерда прописка туфайли бирор кўнгилсиз ҳодиса юз берса нима бўларди?

Бизнинг она Ватанимиз битта, яъни Ўзбекистон. Шу Ватан ичида сарсон-саргардон бўлиб юриш, турли хил муаммоларга учрашимизга йўл қўймаслик лозим. Ҳар барчамиз шу юрт тараққиёти йўлида хизмат олиб бормоқдамиз.

Моҳимбегим ТЕШАБОЕВА 
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши туманлараро ижрочи котиби