« Back

Долзарб масалалар 16.07.2020 13:23

АҲОЛИ: Дорихоналарда дори йўқ...

Мутасадди вакил эса бу пандемия даврида табиий ҳолат эканини таъкидламоқда.

Гап шундаки, пандемия сабаб дорихоналарда “Арбидол”, “Эргоферон” ва шамоллашда қўлланиладиган бошқа турдаги дориларни топиш тобора қийин бўлиб бoрмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан “Эргоферон” препаратининг Бухоро вилоятидаги дорихоналарда сотилиши юзасидан ўтказган ўрганишлари натижаси ҳам фикримизни тасдиқлайди. Унга кўра, вилоятнинг Бухоро шаҳри ва 11 туманида ушбу дори воситаси мавжуд эмас. Охирги марта 10 июль куни Олот, Қоракўл, Қоровулбозор туманларида 44 минг сўмдан 52 минг сўмгача сотилган бўлса, 13 июль куни Когон шаҳри дорихоналарида 48 минг сўмга сотилган. Ғиждувон туманида эса истеъмолчилар 30 июндан буён мазкур дори воситасини топа олишмаяпти. Вилоятнинг бошқа – Вобкент, Шофиркон, Ромитан, Пешку сингари туманлари аҳолиси ҳам шу дори йўқлигидан норози.

Интернет тармоғи орқали олинган маълумотга кўра, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Уста Олим кўчаси 53-а уйда жойлашган “Камронбек Мед Сервис” дорихонасида “Арбидол” дори препаратининг нархи 220 минг сўм экан. Шу ерда берилган +99893 5451223 телефон рақамига 15 июль соат 17:39 да қўнғироқ қилиб, мазкур дори нархини сўраганимизда “Арбидол” бир дона қолгани ва нархи 380 минг сўм эканини айтишди...

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати раҳбарига мурожаат қилиб, бу борада мутасаддиларнинг муносабатини сўраганимизда, хусусий дорихоналар ўзлари олиб келган, рўйхатдан ўтган дори воситаларни сотиш ҳуқуқига эгалиги ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган дори воситалари ижтимоий дорихоналарда сотилиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, экспорт-импорт қийинлашгани сабабли дорилар таъминотида узилиш бўлиб турибди. Пандемия даврида бу табиий ҳолат.

Дарвоқе, матбуот хизмати раҳбари агентлик томонидан пандемия даврида дори препаратлари тақчиллигининг олдини олишга қаратилган қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётгани каби бир нечта саволларимизга шунчаки сукут сақлаб қўя қолди...

Моҳигул ҚОСИМОВА,
ЎзА