« Back

Долзарб мавзу 08.05.2020 14:21

Қизиқарли ва мазмунли вебинар

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан Zoom дастури орқали АҚШ олий таълим тизимига бағишланган вебинар ташкил қилинди. Вебинарда Калифорния давлат университети (АҚШ) профессори Заир Ибрагимов “АҚШда университет таълими” мавзусида маъруза қилди. Профессор маърузасини Калифорния давлат университети таълим тизими мисолида ташкил қилди.

Вебинарда 200 дан ортиқ – республикамизнинг ОТМ ўқув ишлари бўйича проректорлари, Ўзбекистон Миллий университети деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Маърузачи ҳақида қисқача маълумот: Доктор Заир Ибрагимов – Калифорния штати университетининг (California State University, Fullerton – CSUF) профессори, математик. 25 йилдан кўпроқ ўқув ва илмий тажрибага эга. Ҳозирги пайтда у CSUF университети профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот қўмитаси раиси ва Миллий илмий жамғарма томонидан молиялаштириладиган “Талабалар учун халқаро тадқиқот тажрибаси” дастурининг директори сифатида фаолият олиб боради. Дунёнинг нуфузли журналларида 30 дан зиёд илмий мақолалари ва 100 дан зиёд илмий ва илмий анжуманларда маърузалари билан қатнашган.

З.Ибрагимов 1982–1985 йилларда Тошкент шаҳридаги физика-математика ихтисослаштирилган мактаб-интернати (ҳозирги С.Ҳ.Сирожиддинов номидаги академик лицей)да ўқиган ва 1984 йил Ўзбекистонда ўтказилган математика олимпиадаси ғолиби бўлган. 1985-1988 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг математика факультетида таҳсил олган ва 1991 йилда Новосибирск давлат университетидан математика бўйича бакалавр даражасини, 1998 йилда Оклахома университетида математика бўйича магистр даражасини ва 2002 йилда Мичиган университетида математика фанлари бўйича PhD илмий даражасини олган. Дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўзининг билим ва салоҳиятини намойиш этаётган З.Ибрагимов каби юртдошларимиз билан қанча фахрлансак арзийди.

Маърузачи олдинига АҚШ олий таълим тизими ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида талабаларнинг таҳсил олиши, қайси фанлар ўқитилиши, уларда таълим олиш учун қандай имкониятлар ва шароитлар яратилгани, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг мажбуриятлари ва вазифалари ҳақида тўлиқ гапириб берди. Шунингдек, университет ва факультет маъмуриятининг таълимни ташкил қилишдаги ўрни ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.

Профессор Заир Ибрагимов АҚШдаги олий таълим ва ундаги кредит тизимини Калифорния давлат университети математика йўналиши мисолида тушунтириб берди. У маъруза якунида вебинар иштирокчилари берган саволларга батафсил жавоб берди.

“Ўзбекистондаги олий таълим тизимида амалий машғулотларга соатлар кўп ажратилган. Америка таълим тизимида профессор-ўқитувчиларга амалий машғулотга соат ажратиладими ёки ҳаммаси мустақил таълим сифатида бўладими?” саволга қуйидагича жавоб берди: “Профессор-ўқитувчи ҳафтасига уч пара маъруза ўқийди. Амалий машғулотни (семинар ҳам дейиш мумкин) ассистентлар ўтиши мумкин. Бу ҳар бир университетнинг ўзига боғлиқ. Масалан, мен ишлаётган Калифорния университетида амалий машғулотнинг ўзи йўқ, тўрттасини ҳам икки пара, икки парадан профессор ўқийди. У ихтиёрий ва унга талаб деярли йўқ. Масалан, хоҳласам, уч соат маъруза ўқиб, бир соат амалий машғулот тарзида ўтаман”.

Вебинар жуда мазмунли ва қизиқарли ўтди.

Дилшода ҲАМДАМОВА, 
ЎзМУ журналистика факультети докторанти