« Back

Долзарб саволга тезкор жавоб 03.04.2020 12:49

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков иштирокида брифинг ўтказилмоқда.

❓ Одам кунлик эҳтиёж учун кўчага чиққанда (дўконга, дорихонага ва ҳ.к.) олдидан чиққан одамдан касалликни юқтириб олиш ва уйдагиларга юқтириб қўйиш мумкинлиги тўғрисида фикр (ваҳима, қўрқув) пайдо бўлса, уйга қайтиб келгач, ўзини қандай тутиши керак, кимга мурожаат қилиш керак?

❗️Карантин пайтида ҳам эҳтиёж туфайли дўконга ёки дорихонага чиқишга тўғри келса, қайтиб келгач болаларингиз билан кўришиш, эркалатиш ва гаплашишдан олдин қўлдингизни яхшилаб совун билан ювинг, оғзингизни ва бурнингизни сув билан бир неча маротаба чайинг, имкон бўлса антисептик воситалар билан қўлингизга ишлов беринг. Билингки, қўрқув, ваҳима ва ҳадик ҳам — касалланишдан сақлайдиган маънавий иммунитетлардан бири ҳисобланади.

❓ Ижтимоий дорихоналарда дори нархини давлат белгилаб берадими? Ким назорат қилади нархларни?
❗️ Президент қарори билан Ижтимоий дорихоналар дори воситаларига устамани 10 фоиздан оширмаслиги белгиланган. 
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги зиммасига дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этишини тизимли асосда назорат қилиш вазифаси юкланган.

❓ Вирус юқишининг енгил, ўртача, оғир ёки шунга ўхшаш даражаси бўладими, шу ҳақида маълумот берсангиз?

❗️ Вирус юқиши бўйича бу каби даражаларга бўлинмайди. Фақат одамларда касаллик  енгил, ўрта оғирликда, оғир ҳолатда кечиши мумкин. Касалликнинг бу каби кечиши организмга тушган вируснинг миқдорига, унинг вирулентлиги, патогенлиги ва касалликни юқтириб олган шахснинг иммун тизимига боғлиқ.

❓ Нега шунча чекловларга қарамай кундан-кунга коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бормоқда?
❗️ Хабарингиз бор, коронавирус касаллигига чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар, коронавирус касаллиги бўйича нохуш ҳудуддан олиб келинган республикамиз фуқаролари, уларга тиббий хизмат кўрсатиш билан машғул бўлган тиббиёт ходимлари, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ҳам карантинда бўлиб туришибди. 
Ҳозирги кунда 100 мингдан кўпроқ фуқароларимиз карантинда (стационар ва уй шароитида) турганлигини эътиборга олсак ва касалликнинг инкубацион даври 14 кун эканлигини эътиборга олсак, улар орасидан касаллик чиқишига ҳам тайёр бўлишимиз керак. Профилактик тиббиётнинг асосий вазифаси, у ҳам бўлса касаллик ўчоғини жиловлаш ва бартараф қилиш ҳисобланади.