« Back

Дунё бўйлаб 07.04.2020 12:26

Коронавирус: куласизми, куясизми?

Бир неча ойдан буён ер юзини даҳшатга солиб турган коронавирус балоси жаҳоннинг аксарият давлатларида мислсиз қайғули ҳодисаларни келтириб чиқариши баробарида, ер юзининг турли нуқталарида ўнлаб ғаройиб, кутилмаган воқеаларга ҳам сабаб бўлмоқда. Қуйида айрим шундай ҳолатлар келтирилмоқда.

“Биз зўравонликка қаршимиз!”

Америка Қўшма Штатларида бир гуруҳ фахрийлар кўнгилли тарзда Сан-Францисконинг Чайна-таун туманидаги кўчаларни қўриқламоқда. Улар айни йўл билан коронавирус пандемияси туфайли шаҳарда тез-тез рўй бераётган ксенофобия ҳолатларининг олдини олишга қарор қилишди.

“Биз зўравонликни қўлламаймиз ва маъқулламаймиз ҳам”, — дейди “United Peace Keepers” деб номланган мазкур ҳаракат ташаббускори Лианна Луи хоним.

Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган видео лавҳада лойиҳа иштирокчилари Сан-Франциско кўчалари бўйлаб юргани, йўловчилардан ҳол-аҳвол сўраётгани акс этган.

“Шаҳарда эчкилар!”

Карантин кунлари Англиянинг Лландидно шаҳрини... тоғ эчкилари “забт этишди”. Гап шундаки, одатда жониворлар шаҳар шовқинидан ҳуркишган. Ҳозир эса пандемия туфайли кўчалар бўм-бўш. Натижада шаҳар “чўққи соқол”лилар “ҳукмронлиги остига ўтди”. Шу кунларда Лландидно ҳудуди бўйлаб юзлаб кашмир ёввойи эчкилари тарқалган. Жониворлар турар-жойлар атрофида ўсган чиройли гуллардан татиб кўришмоқда, деразалардан боқиб, уйлар ичкарисини томоша қилишяпти.

Тиббиёт ниқоби ва елим халта: умумийлик нимада?

Коронавирус нафақат одамлар ҳаёти ва саломатлигига, балки атроф-муҳитга ҳам хавф солмоқда, дунё океанининг янада кўпроқ ифлосланишига олиб келмоқда.

Экофаол Гарри Стоукс айни кунларда Гонконг қирғоғига яқин сув ҳудудини тозалашга киришган. Авваллари унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари, асосан, океанга улоқтириладиган пластик идишлар, елим халта, резина қўлқоплар қолдиқлари акс этган суратларга тўла эди. Афсуски, кейинги ҳафталар давомида чиқинди таркибидаги сунъий жисмлар рўйхати яна бир ном билан “бойиди”. Бу — кишилар кундалик турмушига кириб келган навбатдаги маҳсулот – тиббиёт ниқоби.

“Қош қўяман деб...”

Буюк Британиянинг Дербишир графлиги полицияси ушбу ҳудудда жойлашган сунъий кўл, доимо мафтункор ҳаворанг тусда товланиб турадиган сув ҳавзасига атайлаб бўёқ тўкиб қўйишга қарор қилди. Бундан кўзланган мақсад, карантин вақтида ҳудуднинг ажойиб манзарадан баҳра олиш, суратга тушишга иштиёқманд кишилардан холи бўлишига эришиш эди.

Афсуски, маҳаллий ҳукумат томонидан ўйлаб топилган ноодатий услуб мутлақо тескари натижа берди. Энди нафармон бўёқ қуйилишидан ҳосил бўлган хилма-хил, ғаройиб шакллар одамларни янада кўпроқ ўзига жалб этмоқда.

Интернет материаллари асосида
Ғайрат Хонназаров тайёрлади
ЎзА