« Back

Эътироф 20.04.2020 12:35

Биргаликда енгамиз

Бугун дунёни ларзага солаётган COVID-19 пандемияси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан ушбу вирусни юртимизда кенг тарқалишини олдини олиш, касалланганларни даволаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

2020 йил 15 мартдан бошлаб мамлакатимизда кучайтирилган карантин  тартиби жорий этилди. Биз депутатлар ҳам шу боис аҳоли билан ўтказиладиган учрашувларни вақтинча чеклашга мажбур бўлдик.

Лекин, карантин даврида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш борасида олиб борилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кузатиб, ўз муносабатимизни билдираяпмиз.

Бугунги кунда бу борада маҳаллий ҳокимиятлар томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Миробод тумани ҳокимлиги томонидан синовли ва карантин вақтида туман аҳолисига қулайлик яратиш борасида доимий равишда барча маҳаллаларда кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кўчма савдосининг ташкил этилаётгани сайловчиларимиз эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу ҳақда “Мовароуннаҳр” ва “Мингўрик” маҳалла раислари  билан ҳар 3-4 кунда телефон орқали амалга оширилаётган мулоқотлардан маълум бўлмоқда.

Миробод туман ҳокимлиги махсус сайтида эса олдиндан туманнинг қайси маҳаллаларида қачон арзонлаштирилган кўчма савдо шохобчалари ташкил этилиши тўғрисида эълонлар ва амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ўз вақтида ахборотлар бериб борилмоқда.

Яқинда онлайн тарзда бўлиб ўтган Халқ депутатлари Миробод туман Кенгашининг II чақириқ 7-сессияси кун тартибидаги асосий масала – маҳалла ҳудудларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, деҳқон бозорлари ва савдо марказларида арзонлаштирилган қишлоқ маҳсулотларининг узлуксиз савдосини ташкил этишга қаратилгани ҳам фикримизнинг далилидир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, карантин даврида халқимизнинг оғирини енгил қилиш, уларга ижтимоий кўмак беришда ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлса-да, фидоийлик билан иш олиб бораётган Миробод туман ҳокимлиги мутасаддиларига ва тезкор ахборотларни ўз вақтида аҳолига етказаётган туман ҳокимлиги Матбуот хизмати ходимларига Халқ депутатлари Миробод Кенгаши депутати сифатида сайловчиларимиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Азиз юртдошлар! Бу синовли кунлар тезда ортда қолиши шубҳасиз. Бу борада амалга оширилаётган ишлар кўламига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлмоқдасиз. Сиздан талаб қилинаётгани, зарурат бўлмаса кўчага чиқманг. Вақтингизни оилангиз даврасида ўтказинг. Соғлигингиз ва саломатлигингиз ўз қўлингизда.

Абдуҳаким МАМАНАЗАРОВ, 
Халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати