« Back

Эзгулик ойи 15.04.2020 13:26

Муқаддас ой тадориги

Барчамиз орзиқиб кутувчи муқаддас Рамазон ойи эзгулик, меҳр-мурувват, хайр-саховат, диёнат айёми саналади. Бугунги кунда кузатилаётган синовли вазият Рамазон ойида ҳам ўзига хос ёндашувни талаб этмоқда.

ЎзА мухбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ билан шу ҳақда суҳбатлашди.

– Дастлаб, Рамазон ойи қачон бошланиши ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Рамазони шариф ойи ҳадиси шарифга биноан ҳилолнинг кўриниши билан бошланади. Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ойи ҳилолининг кўриниши қайси кунга тўғри келишини аниқлаш борасида зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, бу борада Абу Райҳон Беруний номидаги Астрономия институти мутахассислари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Қолаверса, хорижий ва қўшни давлатлар диний идораларининг ушбу масала юзасидан фикрлари ўрганилмоқда. Хусусан, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари диний идоралари масъуллари билан айнан шу масалада видеомулоқот ташкил қилдик. Иншааллоҳ, яқин кунларда 2020 йилги Рамазон ойининг қайси куни бошланиши эълон қилинади.

– Маълумки, ёшу қари рўза тутишни ният қилади. Карантин пайтида эса иммунитетни тушириб юбормаслик, тез-тез қўлни ювиб, баъзан оғиз чайиб туриш кераклиги ҳақида айтилмоқда. Бундай вазиятларда тавсиялар, айнан карантин билан боғлиқ шароитда рўза тута олмаган кишилар нима қилади?

– Аллоҳ таоло бандага унинг тоқати етмайдиган нарсаларни юкламайди. Рўза ибодатида ҳам худди шундай енгилликлар мавжуддир. Аллоҳ таоло рўза тутишга қуввати етмайдиган тоифадаги инсонларга рўза тутмасликка рухсат берган. Улар – рўза тутишга ярамайдиган қариялар, сурункали касаллар, соғайиши умид қилинмайдиган касаллар. Бу тоифадагилар ҳар бир кун учун фидя тўлайдилар. Мазкур тоифадан ташқари, ҳомиладор ва эмизикли аёллар агар рўза тутиш ўзи ва боласига зарар бўлса, шунингдек, мусофирлар шу кунларда тутмаслиги мумкин. Бу тоифадагилар кейинчалик кунига кун рўзанинг қазосини тутиб берадилар.

Ҳозирги кунда бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси сабабли рўза тутишда қуйидаги маълумотларни тақдим этамиз. Буни Миср фатво ҳайъати ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилди.

Коронавирус касалига чалинмаган, рўза тутиш шартлари тўлиқ топилган соғлом кишилар рўза тутишлари фарздир. Чунки рўза айримлар ўйлаганидек иммунитетни камайтирмайди, аксинча, иммунитетни кучайтиради.

Вирусни юқтирган беморларга келсак, агар (диёнатли, адолатли, бу борада чуқур билимга эга) шифокорлар рўза бу беморларга зарар қилади, десалар, бу ҳолатда бемор ўзининг ҳаётини сақлаб қолиш учун шифокор буйруғига бўйсуниши лозим бўлади. Чунки бундай ҳолатда инсон ҳаётини сақлаб қолиш рўзадан муқаддам туради.

Вирусга чалинмаслик учун тавсия қилинаётган “тез-тез қўлни совунлаб ювиш, антисептик воситалар билан қўлларни тозалаш кераклиги” рўзага таъсири йўқ, яъни бу ишлар билан рўза очилмайди. Оғизни чайиб туриш эса агар сув оғиз ичига ўтиб кетмаса, у ҳам рўзани очмайди.

– Халқимиз саховатли, айниқса, рўза кунларида эҳсон қилгиси келади. Бу йилги закот, фитр ва фидя садақалари миқдори аниқми?

– Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 минг сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 грамм тилло) 21 миллион 250 минг сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни 531 минг 250 сўмга тенг бўлади.

Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 миллион 250 минг сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бирини закот сифатида камбағал ва фақирларга беради.

Фитр миқдорига келсак, маълумки, фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан тўрт нарсадан чиқарилади. Улар буғдойдан ярим соъ ёки арпадан бир соъ, ёхуд майиздан ярим соъ, хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммдир. Айни пайтда, мазкур нарсаларнинг нархлари ўрганилмоқда. Тез кунда сўмдаги миқдори баён қилинади.

Фидя миқдори ҳақида тўхталадиган бўлсак, унинг миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг сўмдаги қиймати фитр миқдори аниқ бўлиши билан маълум бўлади.

– Рамазон эҳсонини хайрия марказларига бериш ҳақида айтилмоқда. Бунинг тартиби қандай бўлади. Тақсимоти қанақа бўлади? Кимларга берилади, алоҳида йиғиладими?

– Закот – Исломнинг бешта асосий устунларидан учинчисидир. Мол-мулки шариат белгилаб қўйган маълум миқдорга, яъни нисобга етган мусулмон киши ҳижрий-қамарий бир йил ўтиши билан аслий ҳожатларидан ортиқча маблағининг қирқдан бир қисмини, яъни 2,5 фоизини шаръан белгиланган жойларга бериши фарзи айндир.

Закотнинг шарти иккитадир. Биринчиси – закот олувчига закотни мулк қилиб бериш, яъни ўша берилаётган мол-мулк олувчининг моли бўлмагунча закот адо бўлмайди. Шунинг учун ҳам закотни кўприк, йўл, сув омбори каби кўпчилик фойдаланадиган нарсаларга сарфланмайди. Иккинчиси эса – закот миқдорини молидан ажратиш пайтида ёки фақирга беришда закот, деб ният қилишдир.

Закот кимга берилиши ҳақида Қуръони каримда очиқ баён қилинган бўлиб, жумладан, шундай дейилади: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Демак, закот бериладиган саккиз тоифа инсонлар бор. Булар фақир – моли нисобга етмаган шахс, мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши, закот йиғиш ишида банд бўлганлар, диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар, мукотаб қуллар. Шунингдек, агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши, Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади), йўлда қолганлар (моли бору ўзи билан бирга эмас) ҳам шу тоифага киради.

Юқорида санаб ўтилганлардан икки тоифаси: “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ва “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд бўлмаганлиги учун закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган.

Закотни вакил орқали ҳам муҳтожларга бериш мумкин. Пайғамбар алайҳиссалом даврларида ва ундан кейинги пайтларда закот йиғиш ишида банд бўлган мухсус кишилар тайинланар, мулкдор мўмин-мусулмонлар ўша закот моллари йиғилиб, муҳтож оилаларга тарқатилар эди. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб хайрия марказлари ташкил этилган бўлиб, жамиятдаги муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қошида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилган. Ушбу хайрия жамоат фонди закот ва фитр садақаларни йиғиш ва ўз эгаларига топширишни айни шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширмоқдалар. Шунингдек, ҳозирда мўмин-мусулмонларимиз бошқа хайрия марказларини вакил қилиш орқали ҳам закотларни адо этишлари мумкин. Бунда, ўша хайрия марказлари закот сифатида жамғарилган маблағларга алоҳида ҳисобга олишлари ва юқорида санаб ўтилган закот бериш мумкин бўлган қатламгагина тақдим этишлари лозим бўлади.

– Карантин даврида Рамазон ҳайити намози қандай ўқилади?

– Карантин пайтида Рамазон ҳайитини ўқиш мусулмонлар зиммасидан соқит бўлади. Уни уйда жамоат бўлиб ҳам, ёлғиз ҳолда ҳам адо қилинмайди. Чунки Рамазон ҳайитининг адо қилиниш ва дуруст бўлиш шартлари жума намозининг шартлари кабидир. Карантин пайтида жума намозини адо қилиш шартлари топилмайди.

Маълумки, вирусли касалликлар эпидемияси сабабли карантин эълон қилинса, мўмин-мусулмонларнинг жонини саломат сақлаш учун динимиздаги жамоавий ибодатларнинг ҳукми ўзгаради. Яъни, жамоат бўлиб ибодат қилиш касаллик тарқалишига шароит яратгани учун, ҳар бир мусулмон ўз уйида оила аъзолари билан ибодатларни адо қилади. Яқинлашиб келаётган Рамазон ойидаги Таровеҳ намози суннат намозларидан бўлгани сабабли, уни ҳам уйда адо қилинади.

Жамоавий ибодатлар ичида жума намози адо қилишнинг ўзига хос ҳукмлари бўлиб, уни уйда ўқишнинг иложи йўқ. Шунинг учун жума намози ўрнига одатдагидек пешин намози ўқилади. Икки ийд намознинг адо қилиниш ва дуруст бўлиш шартлари ҳам худди жума намозиники кабидир.

Карантин ҳолатида ийд намози ўқилмасада, ҳайит кунлари қилинадиган бошқа савобли амаллар бор. Ийди Рамазон кечаси ҳам муборак кечалардан ҳисобланади. Бу кечани ибодат, зикру тасбеҳ билан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Ийд куни покланиш, хушбўйланиш, янги тоза кийимларни кийиш, энг асосийси хурсандчилигини изҳор қилиш суннатдир. Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин Зуҳо, Чоштгоҳ каби нафл намозларни адо қилиб, Аллоҳ таолодан офият ва ҳожатларини сўраш чиройли амаллардан.

Ҳозирги шароитда барчамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Нафл ибодатлар, тиловати Қуръон, дуо-тасбеҳлар, қийин шароитда қолганларга хайру эҳсон қилиш каби Аллоҳ таолога хуш келадиган амалларни кўпайтириш, айни муддао. Бошимизга келган синовни ҳам савоб ишлаш учун ғанимат фурсатга айлантирайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, халқимизга хотиржамликни қайтарса. Аллоҳ таоло дунё халқлари, жумладан, халқимиздан ушбу бало-офатларни узоқ қилсин! Омин!

– Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!

Назокат УСМОНОВА
суҳбатлашди