« Back

Фармон ва ижро 19.04.2020 12:50

Жамоатчилик палатаси: янги институт, янги имкониятлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи экани қатъий белгилаб қўйилган. Яъни, халқ ҳокимиятчилиги принципи Бош Қонунимизнинг устувор тамойилларидан бири бўлиб, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Халқнинг давлат бошқарувида самарали иштирок этиши учун эса, биринчи навбатда, аҳолининг ҳуқуқий билим даражаси мустаҳкамлиги, ҳар бир шахснинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси, фаол фуқаролик позицияси, шунингдек, жамоат ташкилотларининг ташаббускорлиги талаб этилади.

Шу маънода, Ўзбекистонда амалга оширилаётган прагматик сиёсат, очиқ-ошкора ва шаффофликка асосланган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугун жамоатчилик назоратининг ҳам таъсир доираси сезиларли равишда ортди. Жумладан, халқ манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар энг аввало, умумхалқ муҳокамасига ҳавола этилаётгани, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилаётгани, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари ишига аҳоли томонидан билдирилаётган танқидий муносабатлар натижасида кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмоқда.

Шу билан бирга, жамоатчилик назорати институти фаолиятини бугунги тезкор замон талаблари даражасида ташкил этиш бўйича ҳали амалга оширилиши лозим бўлган муаммоли масалалар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди, албатта. Хусусан, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш субъектлари бўлган нодавлат ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш лозимлигини очиқ эътироф этиш жоиз.

Президентимиз жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ эканини алоҳида таъкидлаб, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Мурожаатномада мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш, жамоатчилик маъқул деса – маъқул, номаъқул деса – номаъқул бўлиши кераклиги айтиб ўтилганди.

Давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида“ги Фармони бу йўналишда яна бир янги тараққиёт уфқини очиб берувчи муҳим дастуруламал ҳужжат бўлди.

Мазкур Фармон “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни амалда рўёбга чиқаришда устувор ўрин тутиши шубҳасиз.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Марказда ва барча ҳудудларда олий мақомда ташкил этилаётган Жамоатчилик палатасининг энг асосий вазифаси фуқароларимизнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштириш, давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашишдан иборат бўлади.

Шунингдек, мазкур палата Президент ва Олий Мажлисга фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этиб бориши, Конституцияга ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир қонун ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Ўз навбатида, давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш бериш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ваколати ҳам берилмоқда.

Палата фаолиятининг асосий йўналишлари эса, давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг тизимлимулоқотини йўлга қўйиш, уларнинг ижтимоий манфаатлари келишилишини таъминлаш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштириш ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар киритиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишдан иборат бўлади. Шунингдек, Жамоатчилик палатаси фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражаси, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқади, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини йўлга қўяди, муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиб боради. Фуқaрoлaр, ННТлар вa ОАВ вaкиллaри, блогерларни ОАВларда сўз эркинлиги, фуқaрoлaрнинг axбoрoт олиш ва тaрқaтиш ҳуқуқини aмaлгa oшириш, “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини ҳаётга жорий этиш, ислоҳотлар ва давлат дастурларининг жойларда, шунингдек, соҳаларда амалга оширилиши устидан жамоатчилик мониторингини ташкиллаштириш, тавсиялар ва натижалар ҳақида Президент, Парламент ва Ҳукуматга мунтазам ахборот киритиб бориш ҳам палата фаолиятининг долзарб йўналишларидан ҳисобланади. Шу билан бир қаторда, ушбу ташкилот мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, ННТларга халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиб боради.

Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритиши, пировардида, мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назорати омилининг ўрни беқиёс. Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасининг Президент ҳузурида мутлақо янги институт сифатида ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам, фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олиш, Конституциямизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципини амалда рўёбга чиқаришга қаратилган.

Таъкидлаш жоиз, айни вақтда мамлакатимизда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти жамият ҳаётида ўз ўрни ва ролини тополмаган, фаолияти сезиларли даражада эмасди. Эндиликда Жамоатчилик палатаси ана шу ташкилотлар ишини ҳам мувофиқлаштириб, бундан буён самарали фаолият юритишларини таъминлаши табиий.

Ўз навбатида, палатанинг ташкил этилиши “Тараққиёт стратегияси” маркази учун ҳам айни муддао бўлди. Биз ҳозирданоқ палата билан фаол ҳамкорлик қилишни, жумладан, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган чора-тадбирлардан келиб чиқиб, жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини кучайтириш, бу борада илғор хорижий ва халқаро тажрибани ўрганиб, амалиётга жорий этиш, ушбу йўналишларда илмий-амалий тадқиқотлар ва изланишлар олиб бориб, ишлаб чиқилган тегишли таклиф ва тавсияларимизни бериб боришни режалаштириб олдик. Шунингдек, ҳар йилги Давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва умумхалқ муҳокамасидан ўтказишда миллий ва халқаро жамоатчиликни кенг жалб этиш, қабул қилинган Давлат дастурлари ва бошқа муҳим аҳамиятга молик норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторинг қилиб бориш юзасидан ҳам Жамоатчилик палатаси билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ниятидамиз.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг изчил ривожини таъминлаш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда аҳоли вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг нуфузи ва ролини оширишда мутлақо янги институт бўлган Жамоатчилик палатасининг аҳамияти устувор аҳамият касб этади.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори