« Back

Фармон ва ижро 03.05.2020 13:52

Юридик кадрларга эҳтиёж – адолат эҳтиёжи

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони матнига, ҳужжатнинг умумий руҳига синчиклаб назар солсак, мамлакатимизни тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилаётганига яна бир бор амин бўламиз.

Зеро, тараққиётнинг, миллат ва мамлакат такомилининг туб негизида адолат, тўғрилик, қонунийлик, ҳуқуқ ва бурч ҳиссининг устуворлиги тамал тоши янглиғ туриши лозимлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Бу олий қадриятлар эса ўз-ўзидан, ғойибдан пайдо бўлмайди. Жамиятнинг миллионлаб аъзолари онги ва хулқида ҳуқуқ ҳамда мажбурият, қонунга ҳурмат, унга итоат қилиш, қонун олдида ҳамманинг тенглигини англаш билан боғлиқ тушунча ва кўникмаларнинг устувор экани айнан юридик таълим ва фаннинг аҳволига, даражасига чамбарчас боғлиқдир.

Фармонда айни аҳвол ва даражанинг бугунги кун талабларидан ортда қолаётгани асосланиб, уларни тубдан яхшилаш ва юксалтиришнинг аниқ чоралари белгилаб берилган. Мазкур чора-тадбирлар сони шу қадар кўп ва кўлами кенгки, уларнинг ҳаммасини биргина чиқиш билан қамраб олиб бўлмайди, албатта. Шу туфайли биз бугун ҳужжатнинг бир банди (Фармоннинг 3-банди) – юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантириш масаласининг айрим жиҳатларига тўхталамиз, холос.

Мазкур бандда, жумладан, “ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларга қабул параметрлари юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни мониторинг қилиш ва прогнозлаштириш электрон платформасини яратган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларида жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар кесимида таҳлил қилиш асосида” шакллантирилиши белгиланган.

Ҳужжатнинг мана шу биргина банди ва унинг ҳам бир хатбошисида назарда тутилаётган мақсад ва вазифалар моҳиятига чуқурроқ эътибор қаратиш зарур. Зеро, бу ерда гап бутун давлатнинг, жамиятнинг, жумладан ҳар бир фуқаронинг эртанги эркин ва тинч ҳаёти, турмуши, иши, оиласи – барча-барча эҳтиёж-истакларининг ҳуқуқий таъминоти ва ҳимоясига эришиш устида бормоқда.

Чунки, юқорида айтганимиз ўша ҳуқуқий таъминот ва ҳимояни ким амалга оширади, ўз зиммасига олади? Албатта, “давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларида” ишлайдиган ҳуқуқшунослар, ҳалол ва адолатли мутахассислар. Ўша мутахассисларга бўлган эҳтиёж, чанқоқлик қанчалик тез, аниқ, режали қондирилса, ишонайликки, жамиятнинг барча поғоналари, кенгликларида адолатсизлик, ҳуқуқни топташ, уни менсимаслик, одамларни сарсон-саргардон қилиш ҳолатлари кескин камаяди.

Қолаверса, ҳужжатда мазкур эҳтиёж “ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар кесимида” аниқ ўрганилиб, буюртма шакллантирилиши айтилмоқдаки, бу ҳол, юқорида таъкидлаганимиздек, барчанинг ва ҳар бир фуқаронинг кафолатланган ҳуқуқий макон – юридик аура билан тўла қамраб олинишига замин ҳозирлайди. Ҳужжатда бу эҳтиёжнинг нафақат жорий ҳолати, балки истиқболдаги талабларидан келиб чиқиб иш тутиш ҳам алоҳида уқтирилгани – мамлакат раҳбариятининг эртанги келажак хусусида ҳам ҳозирдан ўйлаётганига яққол далилдир.

Бунга қўшимча, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳар йили иш берувчиларнинг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжлари ҳақидаги маълумотларни Адлия вазирлигига тақдим этиши тўғрисидаги тартибнинг жорий қилиниши натижасида кўриладиган самарани ҳам бир тасаввур қилайлик.

Демак, яқин келажакда фуқароларимиз яшайдиган, меҳнат қиладиган, илм ёхуд ҳунар ўрганадиган, дам оладиган, саёҳат қиладиган, даволанадиган – барча-барча жойда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини илмий ва амалий тушунтира оладиган, ҳимоя ва тарғиб қиладиган, улар номидан иш кўришни малакали амалга ошира оладиган мутахассис кадрлар бўлади.

Миллионлаб одамлар у ёхуд бу масала ечимини излаб идорама-идора ариза кўтариб сарсон бўлмайди, керак бўлса, ўзига ҳам билинмай бузилаётган ҳуқуқларининг ҳимоячисига эга бўлади. Давлат ва жамият бошқаруви органлари раҳбарлари эса ўзи ва бошқалар фаолиятининг қонунга қанчалик мувофиқлигини малакали белгилаб, аниқлаб берадиган ходимларга эга бўлади,бу масалалар билан шуғулланишни уларга ишониб топширади, айнан улардан қонуний ижросини сўрайди...

Тараққий этган давлатларнинг, жамиятларнинг барчасида айни шу тартиб амал қилади, худди соат механизмидек аниқ ишлайди. Худди шу механизм ишлагани, амалдан оғишмагани туфайли ҳам улар номига илғор, демократик, ҳуқуқий давлат ва жамият деган сифатлар қўшиб айтилади.

Ишонамизки, Президентимизнинг Фармонида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сўзсиз бажарилиши – биз билан сизнинг, Ўзбекистон дея аталмиш она Ватанимизнинг ана шундай ёруғ манзилларга етиб боришида, шундай эзгу сифатлар билан эъзозланишида муҳим, ҳал қилувчи қадамлардан бири бўлади.

Отабек БОБОЖОНОВ, 
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори