« Back

Фармон ва ижро 06.05.2020 13:33

Илм-фан ва амалиёт интеграцияси — давр талаби

Ҳар қандай замон ва маконда илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлаш долзарб масалалардан бири бўлиб келган.

Жаҳон тажрибасини олиб қарайдиган бўлсак, бу масала давлат-хусусий шерикчилиги тамойиллари асосида ижобий ҳал қилиб келинмоқда.

Сўнги йилларда юридик таълим сифати ва кадрлар салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш, юридик таълим ва фан қамровини ошириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур фармон Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш билан бир қаторда, юридик хизматлар бозори талабларига жавоб бера оладиган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини молиявий-иқтисодий асосларини таъминлаш йўналишидаги университет фаолиятини янги босқичга олиб чиқди.

Президент фармони билан тасдиқланган Йўл харитасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида жамиятимизнинг барча институционал тузилмалари билан юридик соҳадаги илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлаш билан боғлиқ фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.

Юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни мониторинг қилиш ва прогнозлаштириш электрон платформаси яратилади...

Президент фармони билан Юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантиришнинг ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларга қабул параметрлари юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни мониторинг қилиш ва прогнозлаштириш электрон платформасини яратган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларида жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар кесимида таҳлил қилиш асосида шакллантирилиши;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳар йили белгиланган муддатларда иш берувчиларнинг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжлари ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим қилиши;

мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари,юридик кадрларни тайёрлашга буюртмани шакллантиришда иштирок этишга, хусусан, ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларда кадрларни мақсадли тайёрлаш учун тўловни, улар томонидан ўқишни тугатганидан сўнг, шартномада белгиланадиган муддат давомида ташкилот-буюртмачида узлуксиз ишлаш мажбуриятини қабул қилган ҳолда, амалга оширишига ҳақли;

потенциал иш берувчилар билан биргаликда шартнома асосида мутахассислар тайёрлашни (таълим кластерлари) ташкил этган ҳолда юридик кадрларни тайёрлашга буюртма жойлаштириш учун юридик кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаларини саралаш танлови жорий этиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Юридик хизматларни ташкил этишда институционал ҳамкорлик йўлга қўйилади...

Президент фармонида Васийлик кенгаши билан биргаликда самарали тизимни яратиш–давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, турли мулк шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларида юридик кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжни чуқур таҳлили асосида юридик кадрларни тайёрлаш бўйича буюртмани самарали шакллантириш вазифаси ҳам алоҳида белгилаб берилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, ўз юридик хизматларини ташкил этишда кўмаклашиши;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юридик маълумот зарур бўлган лавозимлар рўйхатини кенгайтирган ҳолда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиши каби муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилган.

“Илмий-инновацион марказ-кафедра-ишлаб чиқариш” триадаси ва “Business Networking” ташкил этилади...

Хусусан, давлат-хусусий шериклик асосида жамиятимизнинг барча институционал тузилмалари билан юридик соҳадаги илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлаш билан боғлиқ фаолиятини такомиллаштириш механизмларидан бири сифатида “Илмий-инновацион марказ-кафедра-ишлаб чиқариш” триадаси ва “Business Networking” ташкил этилади.

Ҳуқуқни қўллашнинг тизимли муаммоларини олдиндан прогнозлаш, аниқлаш ва бартараф этишга, шу жумладан юридик хизмат истеъмолчилари ўртасида алоқаларни ўрнатишга имкон берадиган ТДЮУ илмий –инновацион маркази ёрдамида самарали фаолият кўрсатадиган “Илмий-инновацион марказ-кафедра-ишлаб чиқариш” триадасини яратиш орқали “University 3.0” концепциясини амалга ошириш учун “Форсайт-прогнозлаш” инновацион тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Маълумки, Президент фармони билан Тошкент давлат юридик университети молиявий барқарорлиги ва таълим хизматлари бозорида талаб юқорилигини инобатга олиб, 2020 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилганлиги белгиланган. Шу жиҳатдан, қўшимча молиявий тушумлар жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш юзасида тайёрлов ва қисқа муддатли курслар, шунингдек ёзги ва қишки мактаблар ташкил этиш, энг юқори талабга эга бўлган хорижий тиллар бўйича қисқа муддатли тил ўргатиш курслари ташкил этиш, ер ва зарур биноларни ажратилишини назарда тутган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент давлат юридик университети ҳузурида мактабгача ва умумтаълим муассасаларини ташкил этиш кўзда тутилган

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштиришда давлат-хусусий шериклик асосида жамиятимизнинг барча институционал тузилмалари билан юридик соҳадаги илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Эркин ШОДИЕВ, 
Тошкент давлат юридик университети
Умумтаълим фанлар кафедраси катта ўқитувчиси