« Back

Фармон ва ижро 26.05.2020 12:38

Назария ва амалиёт ҳамда тажриба уйғунлашган жойда сифат бўй кўрсатади

Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юридик таълимда янги саҳифа очди.

Фармонда таълим, унинг сифати, такомиллашуви билан бир қаторда юридик кадрларнинг ижтимоий ҳимоясига оид бир қатор ислоҳотлар назарда тутилган. Юридик таълимни амалга оширувчи профессор-ўқитувчилар ижтимоий ҳимояси бунда алоҳида ўрин тутади.

Айтиш ўринлики, ҳуқуқшунослар даражаси уларга сабоқ берадиган профессор-ўқитувчилар салоҳияти, меҳнати билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан домлалар меҳнати қадрланиши уларнинг самарали ишлашига катта рағбат бериши шубҳасиз.

Бу жараёнда меҳнатни муҳофаза қилиш, деганда, аввало, уларнинг эмин-эркин ишлашига, машғулот ўтказишига имкон берувчи иш жойи билан таъминланиши назарда тутилган. Тошкент шаҳрида, инновацион ўқув жараёнини ташкил этиш учун зарур инфратузилмага эга Тошкент давлат юридик университетининг замонавий кампусини барпо этиш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифасининг белгилангани зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича муҳим қадам бўлди.

Юридик факультетлар ташкил этилаётган олий таълим муассасалари ректорларига юридик факультетлар профессор-ўқитувчилари учун уларнинг аниқ иш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, олий таълим муассасаларининг мазкур факультетларида талабалар ўқишидан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча устамалар белгилаш ҳуқуқи берилди. Бу эса профессор-ўқитувчилар меҳнат ҳақининг бошқа ихтисосликдаги ҳамкасбларидан анча юқори бўлишини англатди.

Юридик университет техникум ва академик лицей ходимлари иш ҳақи миқдорларини бюджетдан ташқари (тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган тўлов-контракт) маблағлар ҳисобига мазкур муассасаларнинг раҳбар ходимлари ва ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилмоқда. Бу эса мазкур тизимдаги бошқа ходимлар ҳам эътибордан четда қолмаганлигини англатади.

Хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви ҳамда стажировкаларни ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилиши ўзаро тажриба алмашиш асосида янги қадамлар қўйишга замин яратади.

Шу мақсадда юридик факультет ўқитувчиларининг ҳар йили Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасаларида, илмий-тадқиқот марказларида, қонунчилик, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларида стажировка ўташи бўйича дастурлар тайёрланади ва ва амалга оширилади.

Бу ТДЮУ битирувчилари қаторида ходимларнинг ҳам хорижий таълим ва илмий муассасалари магистратура ва докторантурасида ўқиши учун шароит яратилади. Бунда ўқиш қиймати ва у билан боғлиқ харажатлар учун тўловларни, улар томонидан ўқишни тугатгандан сўнг университетда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олиш шарти билан амалга ошириш назарда тутилган.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз кириши мумкин. Бу жараён тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда, кириш ҳуқуқининг берилиши ўрта-махсус тизимда фаолият юритаётган кўплаб ходимларнинг илмга рағбатини кучайтириши шубҳасиздир.

Илм-фан ва тадқиқот олиб бораётганларга енгиллик яратилиши ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ТДЮУдаюридик фанларнинг айрим ихтисосликлари бўйича илмий даражалар бериш бўйича илмий кенгашлар ташкил этилади. Бунда ректорга — илмий кенгашлар таркибига жалб этилган юқори малакали мутахассисларни моддий рағбатлантиришни амалга ошириш ҳуқуқнинг берилиши келгуси юридик соҳада мамлакатимизда илмий даражали ва унвонли шахсларнинг ортишини англатади.

Маънавий-маърифий ишлар йўналишидаги эскирган мураббийлик институтидан воз кечилиб “тьюторлик” институтини жорий этилади. Яъни ТДЮУ ҳузурида Медиация ва низоларни муқобил усулларда ҳал этиш маркази ташкил этилиб, унда фуқаролик муносабатлари, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ низолар, шунингдек, меҳнат, оила ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни медиация тартибида юритиш бўйича хизматлар кўрсатилади. Бу профессор-ўқитувчиларнинг мавжуд мансаб маоши ва устамаларидан ташқари ҳам қўшимча даромадга эга бўлиши мумкинлигини англатади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юридик соҳада илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиш билан бир қаторда ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам иштирок этишга йўл очиб берилаётгани иш сифатини оширади. Зеро, назария ва амалиёт ҳамда тажриба уйғунлашган жойда сифат бўй кўрсатади.

Динара ОТАЖОНОВА,
ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси мудири
ЎзА