« Back

Фармон ва ижро 17.06.2020 15:50

“Ўзэнергоинспекция”: соҳага доир 38 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қайта кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси томонидан мамлакатимиздаги юридик ва жисмоний шахсларнинг (аҳолидан ташқари) электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, кўмирдан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник қоида ва нормалар талабларига риоя қилиши бўйича амалга оширилаётган давлат назорати ишлари ўз натижасини кўрсатмоқда.

Жорий йилда амалга оширилган ишлар натижасида 244,2 млн. кВт.с электр энергияси тежалиши, йилига умумий ҳажми 2 минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи сарфлайдиган 13 корхонада энергетика текширувларини ўтказиш бўйича муҳим дастурлар тасдиқланиши, ваколатли орган билан келишилган ҳолда, энергетика соҳасидаги 24 ташкилот ва 16 тадбиркорлик субъектида текширишлар ўтказилиши уларда жами 835 қоидабузарлик ҳолати аниқланишида айнан мазкур «Ўзэнергоинспекция»нинг алоҳида хизмати бор.

Шу билан бирга, «Ўзэнергоинспекция»нинг Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ўтказилган қўшма рейдлари туфайли 212 истеъмолчи томонидан йўл қўйилган қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган ва бунда жами 34,5 миллиард сўм қайта ҳисоб-китоб қилишга эришилган.

Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда бу ҳақда батафсил маълумот берилди. Шунингдек, тадбирда электр энергетика соҳасида давлат назоратини амалга ошириш ва тизимдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили масаласига асосий аҳамият қаратилди.

«Ўзэнергоинспекция» бошлиғи ўринбосари Акбархон Йўлдошевнинг таъкидлашича, энергетика соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ҳам инспекциянинг устувор вазифаларидан бири. Бу ишлар кўлами ва сифатини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Электр энергетика тизимида ўтказилган ислоҳотлар муносабати билан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш, қайтадан ишлаб чиқиш ва ўз кучини йўқотган, деб топиш бўйича 38 норматив-ҳуқуқий ҳужжат кўриб чиқилган, – деди Акбархон Йўлдошев. – Масалан, иккита Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш юзасидан таклиф тайёрланди.

13 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. 15 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат тилига ўгирилиб, тасдиқланади. Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг электр энергетика соҳасини тартибга солувчи 7 та қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрланиб, Энергетика вазирлигига киритилди.

Умуман, инспекция соҳада хавфсизликни таъминлаш юзасидан амалиётга жорий этилаётган янги ва реконструкция қилинган электр қурилмаларини кўрикдан ўтказиш ҳамда фойдаланишга топшириш бўйича хулосалар беради. Мисол учун, «Ўзэнергоинспекция» жорий йилда 2 минг 875 янги ишга тушириладиган объектнинг электр таъминоти лойиҳаларини кўриб чиқди. Мамлакат бўйича қуввати 378 МВтдан ортиқ бўлган, қурилиш-монтаж ишлари тугатилган 1 минг 987 йирик ва кичик қувватли истеъмолчининг электр хўжалиги объектлари кўрикдан ўтказилган ва хулосалар берилган.

Мутахассислар иштирокида ўтказилаётган семинарларда истеъмолчиларга соҳадаги янгиликлар, электр жиҳозлари ва қурилмаларидан хавфсиз фойдаланишда услубий кўмак, билим ва зарур тавсиялар берилиши ҳамда уларга янада қулайлик яратиш мақсадида “energoWIKI” мобил иловасининг ишга туширилиши тизимдаги муаммоларни ҳал этишда дадил қадамдир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА