ДУНЁДА
04.07.20

• Канадада коронавирус пандемиясига қарши ўз жонини хатарга қўйиб кураш олиб бораётган ва шундай оғир вақтда ҳам Канада аҳолисини энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаётган шифокорлар, кўнгиллилар, озиқ-овқат дўконлари ходимлари ва бошқа ишчилар шарафига махсус танга чиқарилди. Танганинг бир томонида Канада рамзи ҳисобланган заранг дарахти барги билан кесишган юрак тасвири туширилган. Иккинчи томонида эса катта юрак ўртасида қучоқлашиб турган одамлар гуруҳи акс этган. Тасвирнинг тагида мамлакатнинг расмий тили ҳисобланган инглиз ва французчада «Раҳмат» сўзи туширилган. Ушбу танганинг нархи 9 канада доллари ва 95 цент (тахминан 7,5 АҚШ доллари). Тангани фақат онлайн тарзда буюртма бериб харид қилиш мумкин. Тангаларни сотишдан тушган маблағ Канаданинг коронавирусга қарши кураш бўйича хайрия фондига ўтказилади.

• Нур-Султондаги Миллий мудофаа университетида Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг монументи очилди, дея хабар беради мамлакат президенти расмий сайти. Қасим-Жомарт Тоқаев очилиш маросимида онлайн режимида иштирок этди. Унинг айтишича, Миллий мудофаа университетида ҳайкал ўрнатилиши чуқур рамзий аҳамият касб этади, чунки Қозоғистон Қуролли Кучлари айнан мамлакат мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланишга катта эътибор қаратиб келган Назарбоев фармони билан ташкил этилган. Тоқаев мамлакатнинг стратегик йўлини белгилаб берган ва халқни жипслаштирган Назарбоевни замонавий Қозоғистон асосчиси дея таърифлади. «Тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик ва бирлик – бу Елбаси сиёсати самарасидир. Ҳар бир давлат тарихида ўзидан беқиёс из қолдирган ноёб шахслар бўлади. Ўсиб келаётган авлод олдидаги бурч - уларнинг хизматларини қадрлаш ва ҳурмат қилишдан иборат», – деди президент.

« Back

Фармон ва ижро 31.07.2020 12:32

ОДИЛ СУДЛОВ САМАРАДОРЛИГИ ОШИРИЛАДИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосига “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ”, “Халқ давлат идорларига эмас, балки давлат идорлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётбахш тамойиллар қўйилди. Ўтган қисқа даврда мамлакатимизда давлат идоралари халққа хизмат қиладиган, уларнинг фаолиятига халқ баҳо берадиган тизим яратилди. Ҳаётимизнинг турли соҳаларига доир қарорлар халқимиз билан бевосита мулоқот, одамларнинг хоҳиш-истаклари асосида қабул қилинмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш борасидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Биргина фармонда фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммога алоҳида эътибор берилиб, вилоят даражасидаги ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг  қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри умумюрисдикция судларини ташкил этиш назарда тутилган.

Умумюрисдикция судларининг ташкил этилиши илғор хорижий давлатлар – Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларусь ва бошқа давлатлар иш фаолиятига асосланилди. 

Фармонда яна бир муҳим масала – маъмурий судлар тузилмаси ва фаолиятини такомиллаштириш вазифаси белгиланган.

Оммавий-ҳуқуқий  низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий  судларга ўз табиатига кўра жиноят ишига ўхшаш маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш ҳам юклатилган бўлиб, биргина оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни атрофлича ва сифатли кўриб чиқиш имконини чеклаш ҳоллари амалиётда кузатилди. Хусусан, маъмурий судларда  2020 йилнинг 6 ойи давомида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 183 мингта иш кўриб чиқилган.

Эндиликда  туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар маркази ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Бунда асосий эътибор нафақат судларга бўлган ташқи таъсир ва аралашувларни  бартараф этишга,  балки мазкур тоифадаги ишларнинг ҳажмидан келиб чиқиб, бутун республика бўйича судьялар ўртасида тенг иш ҳажмини тақсимлашга ҳам қаратилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Шу муносабат билан 203 та туман (шаҳар) маъмурий судини мақбуллаштириб, уларнинг негизида вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий суд ташкил этилади ҳамда мақбуллаштириш натижасида бўшаётган 150 та судья ва 150 та суд ходими штат бирликлари иш ҳажми юқори бўлган бошқа судларни тўлдиришга йўналтирилади.

Фармонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини тўлдирадиган бошқа жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу келгусида одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 Дурдона Дадахонова,
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси