« Back

Фавқулодда вазиятлар 19.06.2020 20:09

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг

Мамлакатимизнинг ҳар жиҳатдан ривожланишида фан ва техника ютуқлари, ер ости ва ер усти бойликларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Кишилик жамияти илк босқичидаёқ  олов қанчалар муҳим ўрин тутганлиги эса тарихдан маълум. Уй қурилишидан тортиб уни иситиш ва совитиш тизимлари, ошхонанинг жойлаштирилиши, ўчоқбошида олов ёқиш қоидалари ўзига хос бўлиб, уларда ёнғинга сабаб бўладиган ҳолатларга йўл қўйилмаган. Болаларга олов билан боғлиқ ҳеч қандай юмуш буюрилмаган ёки болаларнинг олов ўйнашларига мутлақо изн берилмаган. Афсуски, бизнинг давримизга келиб кўпчилик ота-оналар олов билан боғлиқ ишларда, айтайлик, овқат пишириш, чой қўйиш сингари уй-рўзғор юмушларида қоидаларга амал қилишмайди ёки бу юмушларни болаларга топшириб қўйишади. Яшаш жойларида бўлгани каби иш жойларида ҳам ёнғинга олиб келувчи ҳолатларга лоқайд муносабат ҳамон сақланиб қолаётганлиги ташвишланарли. Бунинг натижасида жойларда турли даражадаги ёнғинлар содир бўлиб турибди.

Шу сабабли давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан аҳоли турар жойларининг ёнғинга қарши ҳолатини мунтазам текшириб турилади, оммавий ахборот воситалари орқали ёнғинларнинг олдини олиш мақсадларига қаратилган чиқишлар қилинади, профилактик тадбирлар ўтказилиб борилади. Кимнингдир айби билан содир бўлган ёнғин кўпларнинг моддий бойликларини кулга айланишига, уй-жойсиз қолишига сабаб бўлаётир.

Фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги қоида талабларига риоя этишлари, лоқайдлик ва эътиборсизлик сингари иллатлардан холи бўлиб, ёнғинларга олиб келувчи омилларни бартараф этилишида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларига яқиндан ёрдам беришлари лозимлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Чунки, ўз уйи ва ўзгалар ҳаёти учун жавобгарлик ҳар бир кишининг виждон иши бўлиши керак. Ёнғин хавфсизлигини таъминлашда фаоллик кўрсатиш бурч эканлигини ҳеч ким унутмаслиги зарур.

Содиқ ХАЛИЛОВ,
Тошкент шаҳар ФВБ
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биносининг ЁХТТЭ бўлинмаси инспектори,
катта сержант