« Back

Фавқулодда вазиятлар 20.06.2020 12:55

ЭЪТИБОРНИ КУЧАЙТИРИНГ

Яратилган моддий-маънавий бойликларни асраш, уларни турли зиёнлардан, жумладан, ёнғин офатларидан ҳимоялаш ҳам шу куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланиб қолган.

Халқ хўжалигидаги барча ютуқларни асраш ва унинг тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир ташкилот меҳнат жамоасининг, ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи бўлмоғи керак.

Сўнгги йилларда пойтахт халқ хўжалиги тармоқларида иқтисодий ривожланиш юзасидан анча ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида моддий неъмат яратиш, маданий турмуш даражасини ўстиришга эътибор кучайтирилди.

Мазкур тадбирлар давомида хўжалик ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларда, кенг омма ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидалари тарғиб қилинади, фуқароларда ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларига нисбатан онгли муносабат уйғотилади. Халқимиз меҳнат маҳсули - моддий бойликларни ёнғин офатидан сақлаш юзасидан йўриқлар бериб борилади ва аҳоли яшаш жойларида хавфсизлик чораларини кўриш сингари қатор долзарб вазифаларнинг бажарилиши йўлида масъулият оширилади.

Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг туман бўлимлари ана шу бурчни чуқур ҳис этган ҳолда мунтазам равишда моддий бойликларни, аҳоли турар жойларини ёнғинлардан муҳофаза этиш мақсадида турли тадбирларни ўтказиб келмоқда.

Фавқулодда вазиятлар ходимларининг маҳалла фаоллари ва жойлардаги профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда иш олиб боришлари бу каби ишларнинг самарадорлигини таъминлайди.

Ёнғинларнинг аксарияти аҳоли яшаш жойларида носоз ҳолдаги газ ва электр иситиш анжомларидан фойдаланиш, болаларнинг гугурт ва бошқа ёнғин чиқишига олиб келувчи жиҳозларни ўйнаши ҳамда оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш оқибатида юз бераётган бўлса, халқ хўжалиги масканлари биноларида ёнғинга қарши таклиф ва талабларни бажармаслик, битта электр улагичга бир нечта кучли қувватга эга бўлган электр жиҳозларни улаш натижасида қисқа тутушувлар содир бўлиб, ёнғинлар юзага келмоқда. Бундан ташқари, қишда хорижда ишлаб чиқарилган турли хилдаги газ ва электр иситиш печларидан фойдаланиш одат тусига кириб қолганки, уларнинг чиройли ишланганлиги, бежиримлиги фуқароларимиз эътиборини ўзига тортмоқда, оқибатда улар ушбу печларни катта маблағ эвазига сотиб олиб, ўзларини, қолаверса, ўз оила аъзолари ҳаётини хавф остига қўймоқдалар.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан янги қурилиш ва қайта таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қанча қурилиш меъёрлари талаб қилинади. Чунки ушбу тадбирлар қурилиш даврида амалга оширилса, ўларининг мулки саналган бинолар ва улардаги жиҳозларни, қолаверса ўзлари ва ўзгаларнинг ҳаётини ёнғин балосидан асраган бўлардилар.

Шундай экан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраб қоламиз.

Махсуд АБДУЛЛАЕВ, 
Тошкент шаҳар ФВБ Ҳаёт фаолияти хавфсизлигини ўқитиш маркази ўқитувчиси