« Back

Фавқулодда вазиятлар 26.06.2020 11:50

Электр жиҳозлардан тўғри фойдаланинг!

ФВБ ходимлари мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлар, маҳаллалар ва ишлаб чиқариш корхоналарида ёнғин офатининг олдини олиш борасида амалий кўрсатмалар бериш мақсадида учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.

Юз бераётган ёнғинларга асосий сабаб болаларни қаровсиз қолдириш, газ ва электр асбобларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлмоқда. Куйиш тан жароҳатини олганларнинг асосий қисмини ўсмирлар ташкил этади. Улар билан суҳбатлашганимизда, бунга билиб-билмай қилган ҳаракати ёки ота-оналар нозоратидан четда қолиш, ўт ёқиш, чўғ билан ўйнаш, баъзан тез алангаланувчи моддаларга ўта қизиқувчанлиги сабаб бўлганлигини эшитамиз. Баъзида олов, газ, электр иситиш асбобларидан нотўғри фойдаланиш, уларга эътиборсизлик ёнғинга сабаб бўляпти.

Шундай ҳолларга тушиб қолмаслик учун фуқароларимиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишлари, аланга чиқиши эҳтимоли бўлган нарсаларни доимо эътиборда тутишлари керак. Ана шунда биз ёнғиннинг ҳам, куйиш ҳолларининг ҳам олдини олган бўламиз.

Халқимизда «Олов дўст, олов душман», деган ибора бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, инсонларга қувонч, иссиқлик  бахш этувчи оловдан тўғри фойдаланилса, у беминнат хизмат қилади, агар озгина тизгиндан чиқса ёки нотўғри фойдаланилганда ғам-ташвиш олиб келади, кулфатларга сабабчи бўлади. Кимларнингдир бепарволиги, эътиборсизлиги сабабли содир бўлган ёнғинлар натижасида шаҳримиздаги корхона, ташкилотлар, хусусий хонадонлар катта зарар кўраётгани сир эмас. Юз бераётган кўплаб ёнғинлар одамларнинг айби билан бўлади. Чунки баъзи бир корхоналарда, маъмурий биноларда, ўқув масканларида, даволаш муассасаларида, айниқса, турар жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминламаслик, ёнғин назорати ходимларининг кўрсатмаларини вақтида бажармаслик, огоҳлантиришларга бепарво қараш, катталарнинг лоқайдлиги натижасида ёнғинлар содир бўляпти. Унутмангки, ҳар бир ёнғин бу йўқотишдир. Кўплаб йиғилган мол-мулкимиз саноқли дақиқаларда ёниб кул бўлади. Бунинг эса олдини биргаликда олишимиз мумкин.

Махсуд АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент шаҳар ФВБ Ҳаёт фаолияти хавфсизлигини ўқитиш маркази ўқитувчиси