« Back

Фавқулодда вазиятлар 04.09.2020 14:46

БОЛАЛАРНИ УЙДА ҚАРОВСИЗ ҚОЛДИРМАНГ!

Маълумки, ёш болаларни уйда ёлғиз қолдириш ва уларга эътиборсиз бўлиш натижасида бир қатор кўнгилсизликлар юзага келмоқда. Ис газидан заҳарланиш, алангаланувчи воситаларни ўйнаши натижасида ёнғинлар ва турли даражадаги куйиш жароҳатлар, электр токи билан боғлиқ ҳолатлар учраётганлиги жуда ачинарлидир.

Баъзида олов, газ, электр иситиш асбобларидан нотўғри фойдаланиш, уларга эътиборсизлик ёнғинга сабаб бўляпти.

Шундай ҳолларга тушиб қолмаслик учун фуқароларимиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишлари, аланга чиқиши эҳтимоли бўлган нарсаларни доимо эътиборда тутишлари керак. Ана шунда биз ёнғиннинг ҳам, куйиш ҳолларининг ҳам олдини олган бўламиз.

Халқимизда «Олов дўст, олов душман», деган ибора бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, инсонларга қувонч, иссиқлик  бахш этувчи оловдан тўғри фойдаланилса, у беминнат хизмат қилади, агар озгина тизгиндан чиқса ёки нотўғри фойдаланилганда ғам-ташвиш олиб келади, кулфатларга сабабчи бўлади. Кимларнингдир бепарволиги, эътиборсизлиги сабабли содир бўлган ёнғинлар натижасида шаҳримиздаги корхона, ташкилотлар, хусусий хонадонлар катта зарар кўраётгани сир эмас. Юз бераётган кўплаб ёнғинлар одамларнинг айби билан бўлади. Унутмангки, ҳар бир ёнғин бу йўқотишдир. Кўплаб йиғилган мол-мулкимиз саноқли дақиқаларда ёниб кул бўлади. Бунинг эса олдини биргаликда олишимиз мумкин.

Юқоридаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда юртдошларимиздан “Огоҳлик - давр талаби” эканини эслатиб ўтишимиз ўринли. Огоҳлик, эҳтиёткорлик  билан ҳаракат қилинса кўнгилсиз ҳодисалар юз бермайди. Асосийси бу билан сиз ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини ва моддий бойликларингизни ёнғиндан сақлаб қолган бўласиз.

 Бурхон МАХСУДОВ,
ЎзМТРК ЁХТТЭБ ва ПБ мутахассиси, оддий аскар

 

ЭЪТИБОРНИ КУЧАЙТИРИНГ

Яратилган моддий-маънавий бойликларни асраш, уларни ёнғин офатидан ҳимоялаш ҳам шу куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланиб қолган.

Юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида моддий неъмат яратиш, маданий турмуш даражасини ўстиришга эътибор кучайтирилди.

Мазкур тадбирлар давомида хўжалик ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларда, кенг омма ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидалари тарғиб қилинади, фуқароларда ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларига нисбатан онгли муносабат уйғотилади. Халқимиз меҳнат маҳсули - моддий бойликларни ёнғин офатидан сақлаш юзасидан йўриқлар бериб борилади ва аҳоли яшаш жойларида хавфсизлик чораларини кўриш сингари қатор долзарб вазифаларнинг бажарилиши йўлида масъулият оширилади.

Ёнғинларнинг аксарияти аҳоли яшаш жойларида носоз ҳолдаги газ ва электр иситиш анжомларидан фойдаланиш, болаларнинг гугурт ва бошқа ёнғин чиқишига олиб келувчи жиҳозларни ўйнаши ҳамда оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш оқибатида юз бераётган бўлса, халқ хўжалиги масканлари биноларида ёнғинга қарши таклиф ва талабларни бажармаслик, битта электр улагичга бир нечта кучли қувватга эга бўлган электр жиҳозларни улаш натижасида қисқа тутушувлар содир бўлиб, ёнғинлар юзага келмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан янги қурилиш ва қайта таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қанча қурилиш меъёрлари талаб қилинади. Чунки ушбу тадбирлар қурилиш даврида амалга оширилса, ўларининг мулки саналган бинолар ва улардаги жиҳозларни, қолаверса ўзлари ва ўзгаларнинг ҳаётини ёнғин балосидан асраган бўлардилар.

Шундай экан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраб қоламиз.

Отабек АКРОМОВ,
ЎзМТРК ЁХТТЭБ ва ПБ инспектори, катта лейтенант