« Back

Фавқулодда вазиятлар 08.09.2020 13:16

БОЛАЛАРИМИЗГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛАЙЛИК

Ёнғин бир неча сонияда мол-мулкдан ва яқинлардан ажратадиган бир офат. Ҳаётда содир бўладиган даҳшатли фалокатлардан бири шубҳасиз ёнғиндир.

Олов ҳеч кимни ва ҳеч нимани аямайди. Ер юзида ҳар куни содир бўлаётган ёнғинлар эса неча-неча инсоннинг ҳаётига зомин бўлиб қолмоқда.

Кундалик   турмушда   содир   бўлаётган ёнғинларни таҳлил қиладиган бўлсак, аксарият ҳолларда бундай офатлар ўзимизнинг бепарволигимиз, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслигимиз, ёш болаларни ёлғиз қолдириб кетиш оқибатида юзага келаётганлигини кўрсатмоқда. Кўпчилик фуқаролар уйларида электр тизимини ўзлари билганича, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан таъмирлашади. Худди шундай ҳолатларни корхона, ташкилот, аҳоли турар жойларида ҳам учратиш мумкин. Баъзи бир бекаларимиз эса газда овқат қолдириб ёнғин сабабчиси бўлиб қолмоқдалар.

Ёнғин нафақат уй қурилмалари, жиҳозларни кулга айлантиради, ушбу офат кўплаб инсонлар ҳаёти, соғлиғи ва ёшлигини  ўзи  билан  олиб  кетади. Бир умрга мажруҳга айлантиради. Шунинг учун биз соҳа ходимлари барчани фарзандларингизга эътиборли бўлишингизни сўраймиз.

Болалар – бизнинг келажагимиз, уларни асраб-авайлаб Ватанимизга содиқ, ҳар тарафлама етук инсон бўлиб камол топишига жавобгармиз. Ўсиб келаётган авлодга насиҳатимиз, ҳаёт учун керакли сабоқларимизни ҳеч қачон аямайлик.

Кайрат АРАЛБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати Ҳукумат уйи биносидан фойдаланиш бошқармасида ва Хўжалик фаолияти  бошқармасининг Автохўжалиги биносида ЁХТТЭБ Ёнғин назорати ва профилактикаси бўйича мутахассиси, катта сержант

 

МУЛКИНГИЗНИ АСРАЙ БИЛИНГ!

Киши қачонки бошига ташвиш тушгандагина ҳушёр тортиб, ўз хатти-ҳаракатларига баҳо беради. Унгача эса...

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг огоҳлантиришлари, жаримага тортишларига қарамай, ҳамон ўз билганларидан қолмай, уйларида носоз электр ёки газ плиталаридан фойдаланиб келаётган фуқароларимизнинг борлиги, хонадонларида ёнғин содир бўлганида эса ёрдам сўраганларни кўриш кишида ҳам ҳайрат, ҳам ачиниш ҳиссини уйғотади.

Ахир куни кеча тинч ва осуда ҳаёт кечириб, ўз меҳнати маҳсулидан баҳра олиб юрган оиланинг уйи бир кечада кулга айланиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз? Агар муҳандис инспекторлар, газ ва электр ходимларининг сўзларига қулоқ солиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилишганида бундай ҳол юз бермасди.

Инсон орзу билан яшайди, меҳнат қилади, мол-мулк орттиради. Аммо, баъзилар уни ёнғин оқибатларидан асрашни билмайди. Агар билганида ва унга амал қилганида бошига кўргуликлар тушмасди. Демак, ҳамма гап  ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билиш ва уларга амал қилишда. Шундай эмасми, азиз ҳамшаҳарларимиз!

Достон АХМАДЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати Ҳукумат уйи биносидан фойдаланиш бошқармасида ва Хўжалик фаолияти  бошқармасининг Автохўжалиги биносида ЁХТТЭБ Ёнғин назорати ва профилактикаси бўйича мутахассиси, оддий аскар