« Back

Фидойи касб эгалари 22.07.2020 12:44

Орамиздаги қаҳрамон: беморларнинг нафас олишдаги азобини кузатиб қалбимиз изтиробга тўлади...

Болалик – ғўр давримиз. Бир куни мактабимизга болаларни эмлаш учун шифокорлар келди. Оқ халатлиларни кўриб барчамиз деразадан пастга ўзимизни ташлаб, кўчага қочдик. Кутилмаганда шифокор бизни шундай сеҳрлаб, синф хонага киргизишни эпладики, унинг бизни мақтаб айтган гапларидан барчамиз эмланишга рози бўлиб, елкамизни тутиб берганимизни сезмай қолдик...

Тошкент тиббиёт академияси анестезиология ва реаниматология кафедраси мудири Неъматжон Ибрагимов билан ҳаёт йўли ҳақида озгина суҳбатлашиб, саволларимизга жавоб олиш учун ҳафта давомида кутишга тўғри келди. Қайта-қайта қўнғироқ қилдим. Беш дақиқа ажратинг, деган илтимосимизга «беш дақиқада бир беморимга муолажа қилишга улгураман» деди жонкуяр шифокор.

Телефонда шошилиброқ, хавотирли гапирарди. Билдимки, иши кўп. Тасаввуримда ёз жазирамасида эгнида синтетик матодан тайёрланган комбинезон, оёғида резина этикда турган шифокор қаҳрамонимизнинг аҳволини ҳис қилгандек бўлдим.

– Ўттиз беш йилдан буён тиббиёт соҳасида ишлайман. Аммо ўз касбимнинг шунчалик оғир ва масъулиятлилигини бугун кўпроқ ҳис қиляпман, – деди Неъматжон ака. – Вазият оғир, аммо менинг хулосам беморнинг аҳволидаги ўзгаришга сабаб бўлади...

Қаҳрамонимиз бизга яна қуйидагиларни гапириб берди.

– Коронавирус юртимизга етиб келишидан деярли икки ой олдин мамлакатимизда тайёргарлик бошланди. Касалликнинг илк белгилари аниқланиши билан қатъий чоралар кўрилди.

Коронавирус хасталигига чалинган беморларни даволашда юртимизда биринчи бўлиб Вирусология илмий текшириш институти шуғулланишни бошлади ва улардан кейин Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида биринчи бўлиб бизнинг реанимация бўлимимиз, анестезиология ва реаниматология кафедрамиз ходимлари шуғуллана бошлади.

Биз учун COVID-19 вируси нотаниш эди. Бошида бироз қийналдик. Бизнинг энг катта ютуғимиз, карантин ҳудудлари ташкил этилиб, беморларнинг кам кам келиши бу касалликни ўрганиб олишимизга имконият берди.

Минг афсуски, бугунги кунда касалликнинг янаям авж олиб кетиши, унинг оғир кечиши ва кўплаб ўлим ҳолатларининг кузатилиши негизида халқимизнинг карантин талабларига бироз бефарқ бўлиб қолиши, риоя қилмаслиги сабаб бўлди. Худди шундай ҳолат карантинни тан олмаган давлатларда яққол намоён бўлган эди.

Касбим – фахрим! Майли ҳозир жуда катта қийинчиликлардан ўтяпмиз. Аммо афсусланмадим. Агар мен бирор марта бўлсин ўз касбимни танлаганимдан афсус қилганимда бугун тўртта фарзандимни ҳам шу соҳадан кетишига тўсқинлик қилган бўлардим. Пандемияга қарши оилавий курашяпмиз.

Катта қизим хирург, кичик қизим офтальмолог шифокор. Ўғлим Россияда тиббиёт университетини тугатиб ҳозирги кунда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида магистр, кичик ўғлим стоматология соҳасида фаолият олиб боряпти.

Шу пайтгача қанча беморни даволаганимни рақамлар билан айта олмайман. Лекин афсуски, бугунгидек, беморларга вақт ажратишдек қийин вазиятга тушмаганман. Касаллик авж олмоқда. Биз суткалаб тик оёқда туришга мажбурмиз. Беморларнинг нафас олишдаги азобини кузатиб туриб, баъзида чорасиз қолиб кетаётганимни кўриб, тиббиётдаги ўттиз беш йиллик тажрибам ҳам кучсизлик қилаётганидан қалбим изтиробга тўлади.

Фикримча, касаллик оқибатида ўлим ҳолатининг кўпайиб кетиши белгиланган қоидаларига бироз бефарқ бўлишимиздир. Ҳамюртларимизнинг шифокорга кеч мурожаат қилиши, шифокор маслаҳатисиз ўзини ўзи даволаш ҳолатлари ва вируснинг янги штампи пайдо бўлиши бўлса керак.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, касаллик бошланганидан буён жамоамиз билан шифохонада беморларга ёрдам бериб келяпмиз.

Аввал бошда ҳозиргидек оғир ҳолатлар кам эди. Даволашда ҳам бунчалик қийналмаган эдик. Бугунгидай сунъий нафас олдириш аппаратларига ҳамма беморлар уланмаган эди. Ҳатто кўпчилиги юқоридаги аппаратларга ҳам эҳтиёжи бўлмасдан соғайиб кетганди. Чуқур афсус билан шуни айтаманки, бугунги кунда эса деярли ҳамма беморларда сунъий нафас аппаратига ва кислородга муҳтожлик бўляпти. Агар ҳукуматимиз томонидан мана шу анжомларнинг ўз вақтида захираси тайёрланмаганида ўлим ҳолати бундан бир неча баробар кўп бўлар эди.

Бугун ҳамма уруш ичида! Улар нафақат тиббиёт ходимлари, балки ички ишлар ходимлари, мудофаачилар, таъминотчилар... Курраи заминга келган бу балога ҳеч бир соҳа ходими четдан томоша қилиб тургани йўқ.

Афсус, ижтимоий тармоқларда шифокорларни айблаб отилаётган тошларга кўзим тушяпти. Илтимос, бизни айбламанг! Тиббиёт ходимларини азалдан шамга ўхшатишади, ўзи ёнадию бошқага ёруғлик улашади. Барча касбдошларим бу пандемияни бартараф этиш учун бир занжир бўлиб туну кун меҳнат қиляпти.

Бугунги пандемия шароити ҳаётимизга хавф туғдиради, лекин касбига содиқ ва уни севадиган шифокор унинг илмига, билимига, ёрдамига муҳтож бемордан ёрдамини аямайди.

Биз бир гуруҳ шифокорлар (мен 8 шифокорга гуруҳ раҳбари бўлиб) шу йил май ойида қўшни Тожикистон Республикасига 14 кун давомида амалий ёрдам кўрсатиб келдик. Қўшни тожик халқининг ҳукуматимиз томонидан кўрсатилган беғараз ёрдам учун миннатдорлигининг чеки йўқ. Ўз навбатида, юртимизда минглаб шифокорлар орасидан айнан мени лойиқ топиб, Тожикистонга амалий ёрдам кўрсатишга сафарбар қилган ҳукуматимиздан миннатдорман.

Бу касаллик ёш, миллат, мансаб танламас экан. Ўз навбатида, шифокор учун ҳам беморнинг қари ёки ёши бўлмайди. Ҳамроҳ касаллиги бор беморларда касаллик оғир ўтяпти. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тақдим этаётган маълумотларига қарасангиз бу хасталикдан ўлим ҳолати ёшлар орасида ҳам анчагина. Бунга сабаб, уларда асосан ҳамроҳ касалликларнинг борлиги, семизлик ва камҳаракатлилик ва яна менимча, ёшлар ўз кучига ишониб касалликка ва карантин қоидаларига беэътиборлилиги бўлса керак.

Фурсатдан фойдаланиб халқимизга саломатлик тилайман! Унутманг, сизнинг соғлиғингиз учун бугун барчамиз масъулмиз. Тиббиёт ходимлари, бошқа масъул соҳа вакиллари бирдек, пандемияда фақат сиз учун, сизнинг соғлиғингиз учун курашяпмиз. Сиз эса ўзингизни биз учун асранг!

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА,
ЎзА