« Back

Форум 13.06.2020 13:15

Ўзбекнинг буюк шоирига эҳтиром

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ташаббуси билан Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодига бағишланган «Улуғ халқ қудрати жўш урган замонни куйлаган шоир» мавзусида онлайн форум ташкил этилди.

Тадбир кенг жамоатчиликни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди. Меҳмонлар, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирокидаги тадбирни шоирнинг оила аъзолари ва фарзандлари, олимлар, шоирлар, замондошлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижод мактаблари ёшлари, ёш ижодкорлар ҳамда шеърият мухлислари кузатиб борди.

Форумда Абдулла Орипов шеърларидан намуналар ўқилди, ҳаёт йўли эсланди.

– Институтимизда адибнинг ижодини тарғиб қилиш мақсадида режа ишлаб чиқилган, – дейди институт матбуот хизмати раҳбари Раҳим Жуманиёзов. – Шоир ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган кўплаб маънавий-маърифий, бадиий ва ижодий тадбирлар режалаштирилган. Жумладан, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган музей, адибнинг ижоди ва ҳаёт йўлига оид онлайн-вебинарлар ташкил этиш, Абдулла Орипов туғилиб ўсган Қашқадарё вилояти Косон туманига талабалар саёҳатини уюштириш, шунингдек, институтда шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлашни мақсад қилиб олганмиз.

Институтда шунингдек, республика миқёсида конференция ташкил этиш, Абдулла Орипов тўғрисида ҳужжатли фильм яратиш ҳам кўзда тутилган. «Абдулла Орипов издошлари» тўгарагини ташкил этиш, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Форумда ана шу эзгу мақсадлар келишиб олинди.

Тадбирда шоирнинг қизи – Мавлуда Орипованинг Америкадан туриб қатнашиши, рафиқаси Ҳанифа опанинг чиқиши кузатувчиларда катта таассурот қолдирди.

Форум иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олиниб, фикр ва мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой бўлди.

Дилобар МАМАТОВА,
ЎзА