« Back

Ғалабанинг 75 йиллиги 22.04.2020 13:49

Америкаликлар эҳтиром кўрсатган қаҳрамон

Қўлимда Совет Иттифоқи Қаҳрамони Муҳитдин Умурдиновнинг хотира дафтари. Унга кўз югуртирар эканман, беихтиёр улуғ шоир ва адиб Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари ва ундаги бош қаҳрамон Қоравойнинг ўз ўрнида кулгили, ўз ўрнида аянчли саргузаштлари ёдимга тушди. Дарҳақиқат, ҳаёт занжири синовлардан иборат. Бу синовлар Муҳитдин ака улғайган давр авлодлари учун бир қадар оғир кечган. 

photo_2020-04-22_13-52-45 Болаликнинг оғир кечмиши

Лавҳамиз қаҳрамони 1912 йили Фарғона вилоятининг Қува туманидаги Бойистон қишлоғида туғилган. Давлат пароканда, халқ қашшоқликка юз тутган, чор Россияси ўз ҳукмини ўтказа бошлаган талотўп давр. Оддий деҳқон бўлган оила бошлиғи Умурдин ака ҳаёт билан эрта видолашди. Икки норасидаси билан бева қолган Фазилатхон опа ҳам эридан кейин кўпга бормади. Қизи ва ўғлини ташлаб кетишга кўзи қиймаган онанинг кўзлари очиқ кетди. Бу пайтда болаларнинг ёлғиз суянчиғи бўлган амакиси давр тазйиқларидан қочиб, Тошкентнинг Янги йўл туманидаги Қоратепа қишлоғида истиқомат қиларди. У Муҳитдинни ўзи билан олиб кетди.

Шундай қилиб амакиси қўлида қолган саккиз ёшли болакайнинг бойлар, диний уламолар ва катта ер эгалари қўлидаги хизматкорлик – ҳовли юмушлари, чойхона ишлари, чўпонлик, деҳқончилик каби мажбурияти, тўғрироғи турли хонадонлардаги саргузашти бошланди. Бунинг эвазига амакиси улардан ҳақ оларди. Муҳитдиннинг болалик саргузаштлари билан танишиб, Ғафур Ғулом «Шум бола»ни қаҳрамон отахонимиз билан суҳбатлашиб ёзмаган эканми, деган хулосага ҳам келдим.

Шундай қилиб, ҳаёт силсилаларида тобланган Муҳитдин ёши улғайган сари синовлардан сабоқ олди, ҳаётни теран англаб борди, билим олишга интилди, саводли бўлди. 1930 йили олти ойлик қурилиш курсини тамомлаб, водийдаги қурилишларда ишлади. 

Тиниб-тинчимас, интилувчан ва ғайратли қаҳрамонимиз яна ўз олдига мақсад қўйди ва эришди. Яъни Тошкентдаги ўт ўчирувчилар билим юртида таҳсил олиб, шу соҳада хизмат қила бошлади. 1941 йили уни йўналиши бўйича Доғистонга ишга юборишди, Дербент шаҳридаги ўт ўчирувчилар бўлинмасига командирлик қилди. 

Жанггоҳлардаги унутилмас жасорат

1942 йилнинг январь ойидан эса Муҳитдиннинг Иккинчи жаҳон уруши фронтидаги қаҳрамонликлари бошланди. У ўзининг хотира дафтарида жанггоҳлардаги ҳаяжонли воқеаларни қуйидагича таърифлайди: «Бизни 25-полк билан Узоқ Шарққа, Совет–япон чегарасига олиб келди. Мен фронтда разведкачи сифатида хизмат бошладим. 1943 йилнинг августида разведка гуруҳига командир этиб тайинлашди ва шу куни разведкага чиқиб, 2 километр чамаси йўл юрдик ва фашистларга дуч келдик. Жанг давомида 21 немисни ер тишлатдик. Қўл жангида беш нафар фашистни ўлдириб, бир аскар ва командирни асир олдим. Хизматларим учун II даражали «Улуғ Ватан уруши» ордени билан мукофотландим…

Мени Комсомолская шаҳрига командирлик мактабига ўқишга жўнатишди. Ўқиш тугамасдан Москва остонасида бўлаётган жангга жўнадик. Биз у ерда уч кеча-ю уч кундуз жанг қилдик, кўпчилик ҳалок бўлди. Жангдан кейин полкимиз янги жангчилар билан тўлдирилди ва Орёл–Курск жангида иштирок этдик. Полкимиз Зуб дарёсининг чап қирғоғига жойлашган эди. Дарёнинг ўнг соҳилида эса фашистларнинг катта армияси жойлашган. 1944 йилнинг 5 июнь куни бизнинг артиллерия душманга қарата бир соат чамаси ўт очгандан сўнг ҳужумга ўтдик. 

Бизнинг 102-ўқчи полкимиз фашистларга қарши қақшатқич жанг олиб борди. Жанглар давомида командир взводим ва командир ротам ҳалок бўлиб, 7 киши қолдик. Командирликни ўз зиммамга олдим ва командир ва сафдошларимнинг жонига қасд қилган, тинмай ўт очаётган фашист пулемёти томон йўл олдим…»

Муҳитдин Умурдинов олтита жасур сафдоши билан разведкачилик маҳоратини ишга солган ҳолда, кечаю кундуз ҳар дақиқадан унумли фойдаланиб, 104 фашистни ер тишлатди. Унинг жанглардаги маҳорати Қизил байроқ ордени билан ўз эътирофини топди. Шундан сўнг унга 25 нафар жангчи бириктирилиб, взвод командири вазифаси юкланди. «Мен янги топшириқ олдим», дея оловли кунларни хотира дафтарига муҳрлайди Муҳитдин: «Бу сафар разведкамизнинг асосий вазифаси душман истеҳкомларини аниқлаб, армиямизни Орёлга киришига йўл очиш эди. Биз кечқурун йўлга чиқдик. Ҳаммаёқ жим-жит, гўёки ҳеч қандай уруш бўлмаётгандек. Шунда бир шарпани сезиб қолдик ва ўтлар орасига яшириндик. У яқинлашгач, ирғиб туриб, уни қўлга олдим, аёл киши экан. Олдидан фашист пистолети чиқди. Уни тилга киргизишга муваффақ бўлдик. Биз турган ердан 50 метрча наридаги бинода анчагина фашистлар борлигини айтди. 

Бино олдига келиб, уни ўраб олдик. Бино эшиги олдига бир пулемётчини қўйдим. Аскарларга: «Ҳозир мен ичкарига кираман, агар у ерда ўқ товуши эшитилса, мени чиқиш-чиқмаслигимдан қатъи назар, граната ва пулемётдан ўт очиб, ҳаммасини қириб ташланглар!» деб буйруқ бердим ва ичкарига кирдим. Бино ичидаги биринчи хонада бир офицер папирос чекиб, у ёқдан-бу ёққа юриб турарди. Мен ичкарига кирибоқ, «Хенде хох!» («Қўлингни кўтар!») деб буйруқ бердим. У қўлини кўтарар экан, «Эй, биз кўпчиликмиз, бекорга уринма, ҳаммангни қириб ташлаймиз!» деб мени қўрқитмоқчи бўлди. Мен: «Агар ҳозир барча солдат ва офицерларинг қуролларини топшириб, таслим бўлмасанглар, шу ернинг ўзидан бирортанг ҳам тирик чиқмайсан, бино қуршаб олинган!» деб дўқ урдим. Ўлимдан қўрққан фашист офицери 510 аскар ва ўн тўққиз офицери билан таслим бўлди»…

Ўлим чанг  сололмаган қаҳрамон

Муҳитдин аёвсиз жанглар давомида Орёл ҳамда Беларусь шаҳар ва қишлоқларини фашист босқинчиларидан озод қилишда фаол қатнашди. 1944 йилнинг январидаги жанглардан бирида ўн тўрт жойидан яраланиб, беҳуш йиқилди. Унга Гомел шаҳридаги госпиталда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди, қон қуйилди. Даволаш муолажаси узоқ давом этди. Бироқ кўп қон йўқотган йигит кўзини очмади. Шифокорлар унинг ҳаётга қайтишидан умидини узди. Вужудида ҳаёт аломати йўқ жангчи ўликхонага жойлаштирилди. Орадан бир сутка ўтгач, госпиталь қоровули ўликхонага кириб, унинг нафас олаётганини сезиб қолди ва шифокорларга хабар берди. Қайта-қайта қилинган муолажалар ўз самарасини берди, йигит ҳушига келди. Госпиталда икки ой даволанган Муҳитдин Тюмень шаҳар госпиталида яна уч ой муолажа олди... 

Хотира дафтаридаги юракни ларзага солувчи жанг тафсилотлари, қизиқарли ва хилма-хил воқеалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Айниқса, Муҳитдиннинг фашист танкларини йўқ қилишдаги жонбозлиги ғалабани таъминлашга катта улуш қўшгани уни ҳақиқий қаҳрамонга айлантирди. Катта сержант Муҳитдин Умурдинов 1944 йилнинг июлида Кремлда уч юздан зиёд қаҳрамонлари қаторида «Ленин» ордени ва Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонини қабул қилиб олди.

Америкадан мактуб

– Дадамнинг «Олтин Юлдуз» медали турли сабабларга кўра уч марта йўқолиб, уч марта топилган, – дейди қаҳрамоннинг ўғли Раҳматжон Умурдинов. – Қарангки, катта сув тошқинида қишлоғимизда йўқолган медаль Америкадан қайтарилди. Бу воқеага қисқача тўхталадиган бўлсам, 2000 йили менга Америкадан хат келди. Хат рус тилида бўлиб, қўйидаги сўзлар битилганди: «Мен америкаликман, исмим Генри Сакаида. Лос-Анжелс яқинида яшайман. Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ҳақида китоб ёзмоқчиман. Совет Иттифоқи Қаҳрамони Муҳитдин Умурдинов тўғрисида ҳам. Унинг урушда кўрсатган ҳамма қаҳрамонликларини диллер ёллаб, Москва Мудофаа ишлари вазирлигидан олдим. Қаҳрамоннинг урушдан кейинги ҳаётини менга ёзиб юборсангиз», дебди. Отамнинг урушдан кейинги ҳаёти ҳақида унга ёзиб юбордим. 

Шундай қилиб у билан танишиб олдим ва хат ёзишиб турдик. Бир гал у юборган хат билан бирга бир нечта расм келди. Не кўз билан кўрайки, расмда дадамнинг «Олтин Юлдуз» медали гувоҳномаси билан турарди. Ҳаяжонланиб кетдим, медаль унинг қўлига қандай етиб боргани билан қизиқдим, уни қанча нархга бўлса ҳам қайтариб олишимни айтдим. У пайтлар техникалар у қадар ривожланмаган, хатлар Америкага бир ойда бориб, бир ойда қайтарди. Шундай қилиб икки ой деганда ундан жавоб келди: «Хатингни ўқидим ва шу куни тушимда дадангни кўрдим. У ҳам медални қайтаришимни истаяпти. Мен, албатта, уни қайтараман. Фақат ҳозирча қандай қилиб юборишни билмайман, бир йўлини топиб, сенга хабар қиламан». Бу орада Генри уруш қаҳрамонларига бағишланган китобини ёзиб тугатди ва менга ҳам бир нусха бериб юборди. 

2004 йили ҳаётимдаги унутилмас воқеа юз берди. Мени Тошкентга чақиртиришди. Қува мудофаа ишлари бўлимидаги бир офицер билану ерга етиб бордик, Мудофаа вазирлигида бўлдик. Эртасига Қуролли Кучлар давлат музейида бир қатор уруш қатнашчилари ва мехмонлар иштирокида Америка генерали Питер Пейс дадамнинг урушда кўрсатган жасоратлари ҳақида гапириб, унинг Олтин Юлдуз медалини тантанали равишда менга топширди. Беихтиёр кўзларим ёшга тўлди. Америкалик меҳмонлар, барча жонкуяр инсонлар ҳамда Генри Сакаидага ўз миннатдорчилигимни билдирдим. Маълум вақт ўтиб, Генрини Ўзбекистонга таклиф қилиб у билан кўришдим…

Совет Иттифоқи Қаҳрамони Муҳитдин Умурдиновнинг урушдан кейинги ҳаёти ва фаолияти ҳақида узоқ тўхталиш мумкин. У ўша даврда Ўзбекистон ССР Марказий комитетининг биринчи секретари бўлган Усмон Юсупов маслаҳати ва ёрдами билан Қувада катта ободончилик ишларини амалга оширган. Масъулиятли вазифаларда хизмат қилган. Умр йўлдоши Мақсуда опа билан саккиз ўғил-қизни улғайтириб, элпарвар инсонлар сафига қўшган. Умрининг сўнгига қадар эл орасида бўлган. Бир сўз билан айтганда, 69 йиллик умри давомида ҳаётнинг заҳматли синовларига кўкрак тутиб, юрти учун ёниб яшаган. Бундай инсонлар хотираси ҳамиша уйғоқ, ҳамиша ҳурмат ва эъзоз ила ёдга олинишга лойиқдир. 

Зулфия ЮНУСОВА