« Back

Ғалабанинг 75 йиллиги 24.04.2020 12:01

Қуролдош дўстларининг ҳаётини, халқини асраб , ўзини қурбон қилганлар: улар бу жасоратни қаердан олишди?

60 миллиондан зиёд инсониятнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 75 йил тўлмоқда. Ўзбек жангчилари бошқа халқлар билан елкама-елка туриб бу урушда юксак матонат ва мардлик намунасини кўрсатдилар. Юз минглаб ўзбекнинг мард йигитлари қаҳрамонона ҳалок бўлди.

1939 йил 1 сентябрда Германия қўшинлари Польша ҳудудига бостириб кирди, Англия ва Франция ўша куниёқ урушни тўхтатиш тўғрисида Германияга ультиматум жўнатди. Гитлер ультиматумга рад жавоби берганидан сўнг Англия ва Франция Германияга уруш эълон қилди. Шу тахлит Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Германия армияси 20 кун ичида Польша республикасини тор-мор келтирди. Польшанинг босиб олиниши фашистларга армияни озиқ-овқат билан таъминлашда муҳим бўлиб, у ердаги мавжуд хом ашё, хусусан, кўмир, ва темир рудалари Германия саноати учун ниҳоятда зарур эди. Дунё гиёсиёсий тартиботини тузувчилар эндиликда икки давлат — Совет Иттифоқи ва фашистлар тўқнашувини кутишарди...

1941 йил 22 июнь куни гитлерчилар Германияси ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида шартномага қарамай тўсатдан СССРга ҳужум қилди.

Бу уруш ўзбек халқи учун ҳам ниҳоятда оғир кечди. Қашшоқлик шароитда яшаётган халқнинг турмуш шароити янада оғирлашди. 1936-38-йилларда қатағон ва камситишларни бошидан ўтказган ва миллатнинг гули, зиёли миллатпарвар фарзандларидан айрилган, кўкси дардли халқ учун яна бир йўқотишлар бошланди. Ўрта Осиё ҳарбий округида фронт учун жанговар захиралар ва командирлар тайёрланди. Уруш бошлангач бир ярим йил ичида бу округ 109 та ҳарбий бўлинмалар тузди, ҳаракатдаги армияга ва бош қўмондонлик ставкаси резервига 86 дивизия ва бригадалар жўнатилди.

1941 йил ноябрдан 1942 йил мартгача Ўзбекистон ҳудудида 14 та миллий бригада, жумладан 9 та алоҳида ўқчи бригада ва 5 та отлиқ дивизиялар тузилди. Уруш йилларида бир ярим миллиондан ортиқ ўзбекистонлик фуқаро фашизмга қарши қонли жангларда қатнашди. Уларнинг кўпчилиги мардлик намуналарини кўрсатди, жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди.

Фашистлар Германияси собиқ Совет Иттифоқи тупроғига бостириб кирган биринчи кунлар халқимиз учун оғир ва фожиали бўлди. Фашист босқинчиларининг дастлабки зарбасини чегарачи қўшинлар ўзига олди. Брест қальасининг қаҳрамонона мудофааси бутун жаҳонга маълум. Чегарадаги қальа ҳимоясида деярли бутун гарнизон ҳалок бўлди, аммо ҳеч ким таслим бўлмади. Брест қалъасида ўзбекистонлик қаҳрамонлар А.Алиев, Д.Абдуллаев, Н.Содиқов, У.Ўтаев, М.Хожиев, С.Бойтемиров каби ўғлонлар ҳалок бўлди.

Шунингдек, ўзбекистонлик жангчилар Киев, Смоленск, Одесса, Севастополь, Ленинград ва бошқа шаҳарлар мудофааси учун жангларда мардлик ва жасорат намунаси кўрсатди. Москва ҳимоясида Ўзбекистонда тузилган ҳарбий қисмлар ҳам бор эди. Москва остоналарида душман ҳужумини қайтаришда Қозоғистонда тузилган генерал-майор И.Панфилов қўмондонлигидаги дивизия айниқса матонат кўрсатди, бу дивизия сафларида Тошкент пиёда аскарлар ўқув юртини битириб чиққан 180 нафар кичик командирлар мардонавор жанг қилдилар. Москва остонасидаги жангда минглаб ўзбек ўғлонлари сафида И. Жалилов, М. Мадаминов, А.Тоғаев, Ж.Отабоев, Х.Ашуров, А.Тоқиев, С.Жуманазаров, С.Жўраев, Х. Каримов ва бошқа юзлаб бошқалар ватандошларимиз мардлик кўрсатди.

Москва мудофаасида Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ташкил топган отлиқ корпуслар ҳам душман билан қаҳрамонона жанг қилди. Ўзбек ўғлони Саиджон Қосимхўжаев “Қаҳрамон унвонига” сазовор бўлди. Ўзбекистон ҳудудларида жанг бўлмаса-да, хонадонларга худди душман бомбаси, қишлоқ ва маҳаллалар олов ичида қолгандай қорахатлар ёғилди. Оналар, хотинлар уввос тортиб йиғлар, болалар етимликдан ўксинарди. Бу жудаям оғир мусибат эди.

Фашист босқинчиларининг “яшин тезлигидаги уруш” режаси Москва остоналарида барбод бўлгач, 1942 йил ўрталарида душман Дон дарёсининг қуйи оқимига ёриб кирди. Шиддатли жанглар авжига чиққан пайтда бу ерга Самарқанд ва Фарғона вилоятларида тузилган 90 ва 45 -ўқчи бригадалар етиб келди. Замонавий қуролланган, тартибли, тажрибали немис дивизиялари рўпарасида, етарли тайёргарликдан ўтмаган, тажрибасиз жангчилар душмандан кўра икки баравар кўп қурбон бўлди. Аммо, ўзбек ўғлонлари қатъият ва метин ирода намунасини кўрсата олдилар.

Сталинград учун жангларда миномётчилар ротаси командири М. Рустамов 1942 йил август ойида икки ҳафта ичида фашистларнинг 850 нафар солдат ва офицерини қириб ташлади, 20 та юк машинасини яксон қилди, Ж.Турдиев командирлик қилган артиллерия бўлинмаси 200 дан ортиқ душманни ер тишлатди.

Ўзбекларни жангларда кўрсатаётган намунаси бошқаларга ўрнак бўлди. Оғир жангларнинг бирида мудофаани ёриб ўтиш учун 50 га яқин немис танклари ҳужум қилди. Артиллерия уларни ёпиб турди. Еру замин чанг олов ичида қолди. Шунга қарамай, ўзбек ўғлонлари 36 та немис танкини ишдан чиқарди. Аммо душман ҳужуми тўхтамасди. Тўсатдан бир немис танки олдинги маррага ёриб ўтди. Жангчи Камол Пўлатов белига гранаталарни боғлаб, ўзини танк остига ташлади. Фашистлар ҳужуми тўхтатилиб, немис танклари гуруҳи яксон қилинди. Қуролдош дўстларининг ҳаётини асраб қолган мард жангчи Камол Пўлатовга ўлимидан сўнг “Қаҳрамон унвони” берилди.

1942-1943 йиллардаги қишки ғолибона ҳужумлар натижасида 1500 км. узунликдаги фронтда ҳаракатдаги армия 480 минг км. ҳудудни озод қилди ва ғарбга қараб 600-700 км. олға силжиди. Ленинград қамали ёриб ўтилди. Қишки ҳужумнинг уч ойи давомида совет қўшинлари душманнинг 112 дивизиясини мағлуб қилди. Шу тариқа уруш ғалабалари ғурур-ла эсланади.

Кавказ учун бўлган жангларда ҳам ўзбек жангчиларининг иштироки мислсиз бўлди. Тошкентда тузилган миллат қаҳрамони генерал Собир Раҳимов қўмондонлигидаги дивизия фронтнинг муҳим қисмларидан бирида душманнинг олға силжишини тўхтатиш тўғрисида бош қўмондонликдан буйруқ олди. У бошчилиги қўшин душман дивизиясининг 8 минг нафар аскари ва офицерини қириб ташлади. Кейинчалик генерал Собир Раҳимов Кавказдан Шарқий Пруссиягача бўлган шонли жанговар йўлни босиб ўтди.

Тарих саҳифаларида 1943 йил июлда Курск ва Орёл остонасида бўлган қаттиқ жангларда Ўзбекистонда тузилган 5, 29, 69-ўқчи дивизияларнинг матонати муҳрланган. Орёл яқинидаги Золотаревка қишлоғи учун бўлган жангда фарғоналик Аҳмаджон Шукуров жасорат кўрсатиб, 110 нафар душманни йўқ қилиб, уларнинг 15 нафарини асир олганлиги ўзбекларнинг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди. Унга Совет Иттифоқи “Қаҳрамони унвони” берилди. Ўзбек жангчиси Зулмат Ҳасановнинг бир ўзи 80 нафар фашистга қарши жанг қилиб, 60 дан ортиқ гитлерчини қириб ташлади. Ўқлари тугагач, Зулмат Ҳасанов асирга олиш учун яқинлашган бир неча солдат ва офицерни ўзи билан бирга портлатиб юборди.

Савол туғилади? Хўш улар бу жасоратни қаердан олишди? Жангчиларимизнинг матонати, мардлиги ва иродасининг илдизи қаерда?

Албатта, “мард ўлар - номи қолар”, “марднинг ўзи ўлса ҳам номи ўлмайди”, “ботир ўлса ҳам, номи ўлмас”, “ботирнинг жисми ўлса ҳам, исми ўлмас”, “ботир элни ёвга бермас”, “майдонга кирган манглайини қашимас” каби ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган мақоллар ўз ўзидан пайдо бўлмаган. Чунончи, Ватан, она, эл юрт учун жонини фидо қилиш, мардларча курашиш ор номус ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган фазилат. Улар Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур аждодлари ахир.

Днепр учун бўлган жангларда Тошкент вилоятида тузилган 461-ўқчи дивизиянинг ҳаракатлари диққатга сазовор. Кўрсатган шижоати, мардлиги учун 26 нафар ўзбек жангчисига “Қаҳрамон унвони” берилди.

Ўзбекистонлик йигитлар 1944-45 йилларда Белоруссия, Украина, Мольдавия, Болтиқбўйи республикалари ва Россиянинг ғарбий вилоятларидаги партизан қўшилмаларида ҳам иштирок этдилар. Фашистларга қарши жангларда жасур разведкачи Мамадали Топиволдиев 67 нафар душманни йўқ қилиб, 180 нафарини асир олди. Бу ўзбек жангчиси (“ўзбек”, “Казбек”) номи билан машҳур бўлди. Унинг одамийлиги, халқпарварлиги Топиволдиевнинг номини Белоруссияда танитди. Брянск атрофидаги жангларда жасур партизанлар И.Мусаев, А. Ҳакимов, И.Қосимов ва бошқалар ном чиқарди.

Кўплаб ўзбекистонлик жангчилар мардлиги ва жасорати учун Франция, Италия, Югославия ва бошқа давлатларнинг жанговар орден ва медаллари билан тақдирланди. Европани фашизм зулмидан озод қилишда ҳам ўзбек жангчилар катта жасорат кўрсатди. 1945 йил апрелда Кенингсберг учун жангларда иштироки учун ўзбек жангчиларидан 5140 нафари жанговар орден ва медалларга сазовор бўлди. Ўзбек йигити Ботир Бобоев қўл остидаги батарея Одер дарёсини кечиб ўтиб, Берлин йўлидаги душман истеҳкомини яксон қилди. Бу жасорати учун Б.Бобоев “Қаҳрамон унвонига” сазовор бўлди.

Будапештни озод қилишдаги жасорати учун 2430 нафар ўзбекистонлик жанговар медаллар билан мукофотланди, Рем Абзаловга эса “Қаҳрамон унвони” берилди.

Берлинни эгаллашда кўрсатган жасорати учун тошкентлик А.Голубенкога “Қаҳрамон унвони” берилди. Ўзбекистонлик жангчиларнинг 1706 нафари “Берлинни ишғол этганлиги учун” жанговар медаль билан тақдирланди.

Уруш йилларида Ўзбекистонлик 120 мингдан ортиқ йигит ва қизлар жанг майдонларида мардлик кўрсатгани учун жанговар орден ва медалларга, 338 киши эса Қаҳрамон унвонига сазовор бўлди. 32 нафар ўзбекистонлик жангчи учала даражадаги "Шуҳрат" ордени билан мукофотланди.

1945 йил 1 майга ўтар кечаси Берлиндаги рейхстаг биноси пештоқига ғалаба байроғи ўрнатилди. 2 май куни эса Берлин гарнизони таслим бўлди. 8 майда Германиянинг сўзсиз таслим бўлиши тўғрисидаги битим имзоланди. Узоқ йиллар кутилган ғалаба куни етиб келди.

Фашистлар босиб олган Европа давлатларини душмандан озод қилишда ўзбек ўғлонлари жасурлик намуналарини кўрсатдилар, юз минглаб жангчилар уруш майдонларида ҳалок бўлди, кўпчилик ногирон бўлиб, ўз уйига қайтди. Жаҳонни фашизм вабосидан асраб қолишда ўзбекистонликлар муносиб ҳисса қўшдилар. Ҳозир ҳам орамизда умргузаронлик қилаётган минглаб уруш фахрийлари янги авлоднинг мангу миннатдорлигига сазовордир.

Ишонамиз, ўзбек халқи тинчлик учун, келажак авлод йўлида ҳалок бўлган, ўзининг мард ва ботир ўғлонларини ҳеч қачон унутмайди.

Сирожиддин УСМОНОВ, 
мустақил тадқиқотчи