« Back

Ғалабанинг 75 йиллиги 30.04.2020 14:30

Ярим миллиондан ортиқ алп йигитларнинг каттагина қисми жанг майдонларида ҳалок бўлди

Дунё яралишидан буён ўтаётган даврлар мобайнида инсоният турли даражадаги қирғинбарот урушларга, қонхўрлик, хунрезликларига ҳам гувоҳ бўлиб келмоқда. 1939 йилда фашистлар томонидан уюштирилган Иккинчи жаҳон уруши ҳам ана шундай башарият тинчлиги, ҳаёти ва келажагига рахна солувчи даҳшатли ҳодиса сифатида тарихда ўчмас из қолдирди.

Ушбу шафқатсиз уруш миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлди, юзлаб шаҳару қишлоқларни вайрон этди, инсоният ҳаётини издан чиқарди, ҳар томонлама заифлаштирди. Бу совуқ урушнинг совуқ оқибатлари тарих саҳифаларидан мангу ўрин эгаллади. Қонхўр фашистларнинг даҳшатли жангу-жадаллари устидан қозонилган ғалабада кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Ўша даврда матонатли ўзбек халқининг мард ва жасур ўғлонлари ҳам қалб амри билан тинчлик ва осойишталик учун курашга отландилар. Иккинчи жаҳон уруши давомида ва ғалабанинг дастлабки йилларида ўзбек халқи ўз бошидан ниҳоятда оғир ва суронли дамларни ўтқазди. Фронтга сафарбар этилган бир ярим миллиондан ортиқ алп йигитларнинг каттагина қисми жанг майдонларида ҳалок бўлди, бедарак йўқолди ва бир қисми турли даражадаги жароҳатлар билан яқинлари бағрига қайта олди.

Бугунги тинч ва осойишта, тўкин ва фаровон замонда шу кунларга етиб келишимизга шарафли ҳисса қўшган, мудҳиш кунларни бошидан ўтқазган, уруш оғирликларини мардонавор енгиб ўтган заҳматкаш, матонатли халқимиз, тинчлигимиз посбонлари номини ёд этиш ва абадийлаштириш биз авлодлар зиммасидаги бурчдир.

Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ана шу борада ташланган муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек: “Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда”.

Мазкур қарор асосида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури ҳамда Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Ғалаба боғининг концепцияси тасдиқланди ва мутасадди идораларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Бугунги кунда шу асосда масъул ташкилотлар ҳамкорлигида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийларини, шунингдек, мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва амалга ошириш механизмлари йўлга қўйилди.

Шунингдек, қарорда “Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт” деган ғоя асосида мамлакатимиздаги барча вилоят, туман ва шаҳарларда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари қаҳрамонликлари, ўзбек халқининг фронт ортидаги фидокорона меҳнати ва ғалабага қўшган беқиёс ҳиссаси, фронт ҳудудларидан республикамизга кўчириб келтирилган юз минглаб инсонларга нисбатан кўрсатган юксак инсонпарварлик фазилатларини ҳар томонлама чуқур акс эттирадиган маданий-маънавий тадбирлар, тарғибот акциялари, концерт дастурлари, тасвирий санъат кўргазмалари, ижодий кечалар, танловлар, оммавий спорт мусобақалари, “уч авлод вакиллари учрашувлари”ни, ҳамда меҳнат жамоалари, маҳалла ва гузарларда, турар-жой мавзеларида ободончилик ишларини ташкил этиш белгилан эди. Бугун бу ишлар халқимиз томонидан катта кўтаринкилик билан амалга оширилмоқда. Фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз ҳақида янги бадиий ва ҳужжатли асарлар, кино ва спектакллар, мусиқа ва тасвирий санъат асарлари яратилмоқда, Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини акс эттирувчи “Ғалаба боғи” қад ростламоқда.

Ўйлаймизки, урушдан сабоқ чиқарган, мардлик мактабида таҳсил олган фидойи ва олийжаноб халқимиз глобал эпидемиянинг оғир ва синовли даврларини ҳам янада ҳамжиҳатликда, янада бирдамликда мардонавор енгиб ўтади.

Бахтиёр ҲУСАНОВ, 
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси