« Back

Ғалабанинг 75 йиллиги 01.05.2020 13:00

"МАНГУ ХОТИРА" ЛОЙИҲАСИ

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Хотиржамлик – тараққиёт гарови. Бундан неча йиллар аввал бўлиб ўтган уруш ҳам қанчадан-қанча оилалар бошига кулфат солгани барчага аён. 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунини умумхалқ байрам сифатида нишонлашимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад мужассам.

Иккинчи жаҳон уруши бутун инсоният бошига мисли кўрилмаган даражада даҳшатли ва оғир кулфатларни солган уруш сифатида жаҳон тарихида қолди. Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги баъзи манбааларда уруш жами 50 миллиондан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлганлиги келтирилган. Собиқ совет давлати таркибида бўлган барча республикалар, мухтор округлар, шу жумладан, Ўзбекистон халқи ҳам уруш гирдобига тортилди.

Иккинчи  жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 64 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.

133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат машаққат чекканлар бор. Улар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ўтганларни хотирлаш, ва ёзилмаган маълумотларни тарихга муҳрлаш мақсадида Тошкент шаҳар "Bilim" АКМ "Мангу хотира" лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра лойиҳа иштирокчилари ўзларида сақланиб қолган тарихий фотоплёнкалар, медаллар, маркалар, газета ва журнал хаттоки ўша йилларда чоп этилган китоб нашрларини ҳам суратга олиб мазкур сурат ҳақида қисқача ёзиб юборишлари керак. "Bilim" AKM жамоаси ушбу суратларни жамлаб алоҳида "Bilim" музейи учун манба тайёрлаб тарихга муҳрлашни режалаштирган.

Лойихада нафақат Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар, шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасига бағишланган манбалар ҳам қабул қилинади.

"Мангу хотира" лойиҳаси учун суратларни @bilim_aksiya_bot га юбориш мумкин. “BILIM” АКМ каналида мазкур мактублар ва суратлар ҳавола этиб борилмоқда.

Лойиҳа эълон қилинган кундан бошлаб шу кунга қадар 14 та расм, 12 медаль, 3та газеталар йиғилди. Шунингдек, ҳозирда ҳам лойиҳа учун турли хил манбалар келиб тушяпти.

Д.АЗИМОВА, 
Тошкент шаҳар "Bilim" AKM мутахассиси