« Back

Ғалабанинг 75 йиллигига 16.04.2020 13:35

Мардонавор ҳаёти барчага ўрнак бўлаётган қаҳрамонлар

photo_2020-04-16_10-01-23 «Мен жангчиман!»

Дарахтзор оралаб кетар эканман, йўлимга поёндоз бўлган баргларга қараб, умримиз ҳам шу барг каби, деб ўйлайман. Сарғайиш ҳам насиб қилмай, баҳор шамолида қанчалаб куртаклар ҳазон бўлади. Инсоният тарихида ҳам миллионлаб кишилар ҳаётига зомин бўлган даҳшатли бўронлар бўлгани сир эмас. Уруш ва унинг оғир оқибатлари ҳамон юракларда ўз чизиқларини кўрсатиб турибди. Урушда ғолиб подшоҳ, ғолиб саркарда, ғолиб армия бўлиши мумкин, аммо ғолиб инсон бўлмайди. Уруш – ўз номи билан уруш. 

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Салий Ғаниевнинг нур қочган кўзларига қарар эканман, ўша йилларни ўзимча тасаввур чизгисида кўраман. Англайманки, бу йиллар тасаввуримдан кўра анча даҳшатли бўлган.

Президент совға қилган соат

– Болалигим очарчилик йилларига тўғри келди, – дейди қаҳрамонимиз. – Курмакни майдалаб, қайнатиб ичардик. Ҳеч қачон нолимаганмиз. Ўн етти ёшимда фронтга йўл олганман ва шундан бери жангчиман. Бу кучсиз қўлларимга қараб баҳо берманг, юрагим уриб турар экан, ҳали кучимни йўқотганимча йўқ, – деб қўллари билан кўксини уради. Отахоннинг халқимизга хос жайдари феълидан завқланаман.  

Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманининг Қаражон қишлоғида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон ва Совет-япон урушлари қатнашчиси 97 ёшли Салий Ғаниев 2018 йилда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президентимиз томонидан совға қилинган соатни ҳеч вақт қўлидан ечмайди. 

– Умримиз шу соат милларидек тез ҳаракатланяпти. Ортда қолган йилларни сарҳисоб қилсам, бесамар яшамаганман деб ўйлайман. Иккита урушни кўрдим. Йиллар яқинларимдан айирди. Аммо қалбимнинг туб бурчагида жангчига хос хислат бор, бу – матонат. Мана шу матонат умрим бўйи мени йиқилсам қайта туришга ундади. Овулдагиларнинг ҳурматини кўриб, хурсанд бўламан. Биласизми? Қишлоқда Салий исмли кишилар кўп. Менга ҳавас қилиб қўйишганда, – дейди болаларча мақтаниб.

Танасидан қувват қочган, сўзлашга қийналадиган, суронли йиллар ўз ҳукмини ўтказган, бир вақтлар жангоҳларда алп-азамат бўлган зенитчи-пулемётчи отахоннинг хотираларини тинглар эканмиз, фашизм устидан қозонилган ғалабада ҳиссаси катталигига амин бўламиз. 

Суҳбат чоғида отахон қўлимизга эскирган, айрим варақлари титилган анча йиллар олдин ёзилган қораламани тутди. Ундан айрим парчаларни келтирамиз...

Уруш йиллари хотиралари

“Қўшнимиз Муратбай амаки ҳарбий эди. Унинг тўппончаси, кийими, виқорли қарашлари биз болаларни ҳайратлантирарди. Кўчамиздаги кўпчилик болалар унга ўхшашни хоҳлаганмиз. Ўзимизни улардек савлатли тутишга ҳаракат қилардик. Бир куни адашмасам, ўн ёшлар эдим. Маҳалламиз болалари билан «уруш-уруш» ўйнадик. Мен жамоа сардориман. Шунда жамоамдагилар душман аскарларидан бирини олиб келди, қўлимдаги таёқни тўппончага ўхшатиб, унинг пешонасига тираб: «Сўнги сўзинг нима, ҳозир жонингни оламан, тез айт» дедим. Узоқдан бизни кузатиб турган отам, ёнимга келди ва юзимга тарсаки туширди. Қўлимни муштлаб турардим, қаттиқ орландим. Отам билан гаплашмай юрдим. Орадан уч кун ўтиб отам, бу ўйинни бошқа ўйнамаслигимни, уруш аслида қўрқинчли бўлишини, ҳеч қачон одамнинг жонини оғритмасликни айтди. Аммо мен сўзимда туролмадим. Илк марта жанг майдонида душманнинг кўзига қараб ўқ отганим ҳали-ҳамон ёдимда.

1942 йили фронтга, уруш учоғига жўнатилдим. Зенитчилар полкида, пулемётчи бўлиб хизмат қилдим. Жанггоҳларда душман қўшинининг учар техникаларини йўқ қилишда қатнашдик. Россиянинг Мурманскдаги портида фашистлар томонидан амалга оширилган авиа-ҳужумда энг яқин дўстимни йўқотдим. У билан бир сафда хизмат қилардим. У қозоғистонлик Базарбай эди. Базарбайнинг ўлими мени ҳақиқий жангчига айлантирди. Энди ўлимдан қўрқмасдим. Гуруҳ аъзолари билан биргаликда душманнинг авиа-ҳужумини бартараф қилдик. Ўшанда биз битта стволли зенит қурилмаларидан фойдаландик. Кейинчалик Америкадан икки ва тўрт стволли ускуналар келтирилганидан сўнг душман авиациясига қарши курашиш анчайин осонлашиб қолди. 

1943 йил август. Харьковда бўлган авиа-ҳужум пайтида гуруҳ аъзоларидан Игор оғир жароҳат олди. Биз ўқчисиз қолдик. Ой ёруғида, дарахт­ларни паналаб, душман аскарларига қараб ўқ уздим. Пистирмадан ҳужумга ўтдик. Учинчи марта биз душман қўшинининг мудофаа чизиқларини кесиб ўтиб, авиа учоғларини  йўқ қилдик. Жанг бир кечага чўзилганди. Икки тараф ҳам ҳолдан тойган, биз охирида қўл жангига киришиб кетдик. Улардан бирини милтиқнинг қўндоғи билан уриб қулатдим. У жон аччиғида қўлидаги ўткир тиғли нарса билан кўксимни санчди. Артеллерия ҳужуми бошланиб, душман тор-мор қилинди. Мен оғир жароҳатланиб, госпиталга тушдим. Командиримиз олдимга келиб: «Сизларга раҳмат. Энг катта ишни амалга оширдинглар. Сизлар йўқ қилган ҳудуд фашист аскарларининг махфий авиация базаси экан», деб елкамга қўлини қўйди. 

1944 йил январь. Днепр дарёси бўйида шиддатли жанг бўлди. Душман қўшини биз турган окопларгача етиб келди. Тўсатдан бўлган ҳужумга тайёр бўлишимизга қарамай, фашистлар пистирмадан ўққа тутишди. Бутун гуруҳ ичида бизнинг чекимизга «ҳарбий  тузоқ тушди». Бу душман томонга қараб граната олиб, югуриш эди. Баъзилар гранатага қўшилиб, йўқ бўларди. Айримлари эса чап берарди. Гуруҳ аъзолари ичидан буни мен бўйнимга олдим. Граната ўралган тугунни белимга боғлаб, душман томонга қараб югурдим. Мени ўқчилар ҳимояга олишди. Улар ёрдамида фашист аскарлари менга ўқ узолмади. Тугунни қўлимга олдим ва қарши томонга қараб отдим. Кўз олдимга қолган охирги манзара бу – душман байроғининг ерда ётгани эди. Кўзимни очганимда эса госпиталда эдим...”  

Салий бобо Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Совет-япон урушида ҳам зенитчилар полки билан бирга жанг қилади. 1948 йилда заҳирага бўшатилиб, она юртига қайтади. 

Жанг майдонида душман аскарлари билан курашиб, хат ёзишга вақти бўлмаган Салий ота урушдаги олти йиллик умри давомида уйига атиги 8 марта мактуб ёзади. 

«Сюрприз»

Қорақалпоқликларга хос қитмирлиги кетмаган Салий ота уйига қайтаётганлигини ҳеч кимга айтмайди. Урушдан қайтган аскарлар машинада шаҳар, туман марказига олиб келинарди. Салий ота атайин улар билан қайтмай, ўзи қайтади. Уйдагиларига «сюрприз» қилмоқчи бўлади. Уйдан кетаётганида ёш, навқирон, кўркам бўлган йигит, ҳассага суяниб келганди. Аммо  энг муҳими у тирик эди. 

Урушдан кейинги йиллар ҳам осон бўлмади. Уруш тугаган бўлса-да, аммо у етказган талофатлар ўрнини қоплаш учун кўп йиллар керак бўлди. Тинч ҳаётга қайтиб, Нукусда Устюрт экспедициясида ўн йил, ундан кейин кўп йиллар колхозда пахта етиштириш ишларида жонбозлик кўрсатди. 

Салий Ғаниевнинг меҳнатлари муносиб баҳоланди. Урушдан қайтганида унда 7 та медаль бор эди. Кейинчалик ҳукуматимиз томонидан «Жасорат» медали билан тақдирланиб, ҳар байрамларда муносиб рағбатлантирилиб келинмоқда. 

Жангчи қачон ҳақиқий қаҳрамонга айланади?! Қачонки унинг мардлиги ва жасорати халқ учун хизмат қилса. Орамиздаги тирик қаҳрамон, мардонавор ҳаёти барчага ўрнак бўлаётган қарияларимизнинг умри узоқ бўлсин. 

Фикримизни Салий отанинг: «Ҳурликка фидо бўлмоқ – ҳар йигитга бахтдир, улуғ» деган сўзлари билан якунлаймиз. 

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,
«Ватанпарвар» газетаси мухбири