« Back

Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланади 07.05.2020 13:46

ТОШКЕНТ – ФРОНТ ОРҚАСИДАГИ ҚАҲРАМОН ШАҲАР

4. “ЎЗБЕКИСТОНДАН БИР УМРГА МИННАТДОРМИЗ”

Тўрт карра Давлат мукофоти лауреати, россиялик ёзувчи ва драматург Николай Вирта уруш йилларида марказий “Правда” газетасида эълон қилинган мақоласида Ўзбекистон “фақат жанг майдонларида душманни даҳшатга солувчи жангчи, фақат қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи заводларда  стахановчи, фақат озиқ-овқат, пахта, отлар, дармондорилар ва яна кўплаб нарсаларни етказиб бераётган бўлибгина қолмасдан, шунингдек фашистлар томонидан ватанидан, уй-жойиидан, ота-оналаридан жудо қилинган жуда кўпларнинг меҳрибон онаси ҳамдир”  деб эътироф этган  эди.

Уруш йилларидаги ўзбек халқининг бу инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари бадиий асарлар, шеър ва достонлар, пьесалар, кинофильмларда ўз ифодасини топган. Буни   Раҳмат Файзийнинг “Ҳазрати инсон” романида тасвирланган, болалар уйида бўлиб ўтган  мулоқотдан ҳам ҳис этиш  мумкин:

– Бизам биронтасини бағримизга олсакмикин деб келувдик, – деди Маҳкам ака.

– Ўғил болами ё қизча олмоқчимисиз?

– Барибир.

– Ёшроқ бўлсинми ё эслироғими?

– Барибир қизим.

– Қайси миллат боласи бўлгани маъқул?

Маҳкам аканинг азойи бадани титраб кетди. Ранги оқарди. Жувон буни пайқадими, йўқми,  қўлидаги дафтарга алланималарни  ёзишдан тўхтамади.

– Қизим, – деди ўзини зўрға босиб Маҳкам ака, – мен мол бозорига келганим йўқ. Тушундингми?

–  Ахир, отахон...

– Ахир-пахири йўқ! Индамасам, ориқми-семизми, кемшикми-пучуқми, қорами-сариқми деб сўрайдиганга ўхшайсан!

– Вой отахон, миллатини сўрасам сиз...

– Ҳамма миллат боласи бир! Ҳаммасини худо яратган! Ҳаммаси одам боласи! Тушундингми?[1]

Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати Жасур Исҳоқов томонидан Мастура Исҳоқова сценарийси бўйича «Piar-Media Tashkent» студиясида 2010 йилда суратга олинган “Уруш болалари” ҳужжжатли  фильмининг жонли гувоҳлари  ўша уруш йилларида бошдан кечирган фожиалари ва Ўзбекистонга эвакуация қилинганликлари туфайлигина ҳаётлари сақлаб қолингани ҳақида ҳикоя қилишган.

Қамалда қолган Ленинграддан бир амаллаб олиб чиқилган ва Тошкентга жўнатилган Тамара Шагаева кўзида ёш билан шундай дейди: “Очликдан ойим тувакда ўстирган гулларнинг илдизлари билан бирга еб қўйганмиз”.

 

image001
 

Тошкент темир йўл вокзалига навбатдаги эшелон келиб тўхтаганда йўлда болаларга овқат бериш ёддан чиққанлиги  сабабли вагонларда бир нечта бола вафот этггани, қолганларнинг ҳам аҳволи ниҳоятда оғир эканлиги маълум бўлади. Шунда бу ерга келган Ўзбекистоннинг раҳбари Усмон Юсупов эшелон бошқа республикага  йўл олаётганига қарамасдан темирйўлчиларга шундай буйруқ берган: “Бўлди, болалар ҳеч қаёққа кетмайди. Шу ерда қолишади. Ўзимиз боқиб оламиз”.

Ленинград давлат университетининг профессори, тарих фанлари доктори Николай Козлов “Уруш болалари” ҳужжжатли  фильмида тошкентлик Ҳадича исмли аёлнинг фидойилигидан ҳайратга тушганлигидан гувоҳлик беради: “Ҳадичанинг икки ўғли фронтда ҳалок бўлади,бир ўзи тўрт фарзандни тарбиялаш билан бирга Ленинграддан эвакуация қилинган қизчани ҳам асраб олади. Бу қизча қамалдаги шаҳрида ва бу ерга келгунча йўлда ҳам  оч қолгани сабабли  сутдан бошқа ҳеч нарса ея олмаган. Ҳадича пули йўқлигидан унга сут сотиб олиш учун қиш пайти бўлишига қарамасдан фарзандининг унинг учун  яқинда харид қилган этигини бозорда сотган ва асраб олган қизини сут билан боқиб, унинг ҳаётини сақлаб қолган.

Шунингдек, Одессадан эвакуация қилинган Александр Любельский ҳаётлари сақлаб қолинган ҳамма эвакуация қилинган болалар номидан чексиз миннатдорчилик билан “Тошкент биз учун халос шаҳри бўлди”  деган.

“Правда Востока” газетаси ўзининг 1995 йил 5 апрелдаги сонида Ростов шаҳрилик муҳандис-технолог Григорий Шолоховдан олган мактубни эълон қилган. Бу мактубда қуйидаги сатрлар битилган:

“Урушнинг илк кунларида кичик ёшдаглигимда Киевдан эвакуация қилинганман ва фақат Ўзбекистоннинг меҳрибончилиги ва суйиб парвариш қилганлиги учунгина омон қолганман. Бизнинг ҳаётимизни  сақлаб қолишда иштирок этган барча-барчага чексиз миннатдорчиликларимизни етказсангиз. Бизга улар ҳаёт ато этишди. Бундай буюк инсонпарвалик фазилатларини болаларимиз ва невараларимизда ҳам шакллантириш учун ҳамма нарсани қилмоқдамиз”.

“Фаввора-фильм” студиясининг таниқли журналист Борис Бобоев, режиссер Хожимурод Валиев ва оператор Абдулла Тўлагановдан иборат ижодий  гуруҳ томонидан суратга олинган, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган  “Тошкентнинг катта юраги” фильми ҳам ушбу мавзуга бағишланган.

“Ўзбекистондан бир умрга миннатдормиз, – дейди Россия Фанлар академияси архиви Ахборот технологиялар лабораториясининг раҳбари, тарих фанлари номзоди Ирина Ильина ҳам. – Уйимизга қайтиб келгандан кейин Тошкентда яшаган давримизга фикран доим мурожаат қилиб турганмиз. Уруш йилларидаги маиший муаммолар ўз йўлига. Ўйимизда эса ўша ўчмас, ўзига хос ва бой маданиятга, мафтункор табиатига  эга Ўзбекистонда амалга оширган илмий тадқиқотларимиз. Бу хотирамизда мангу сақланиб қолади”.

Урушнинг 800 кунини Тошкентда ўтказган машҳур рус шоираси Анна Ахматова ҳам ўзини бағрига олган Ўзбекистон, “сокин гўшаси, энг кўхна уйи” деб атаган Тошкент,  унинг олижаноб инсонларига чуқур миннатдорчилигини изҳор этган:

Миннатдор туйғулар оқади тўлиб,
Раҳмат ва хайр! — сизга, азизлар.
Дуррачамни силкийман кулиб,
Раҳмат, Ойбек, раҳмат, Чустий! — сизга азизлар.
Раҳмат, Тошкент! — кечир, мени кечиргил,
Сокингина гўшам, энг кўҳна уйим.
Юлдузларга раҳмат, гулларга раҳмат,
Ёш ва дилбар қора сочли оналар,
Ширин кулчалар тутган болалар,
Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!
Саккиз юз куним — мўъжизавий сас,
Шу мовийранг чексиз осмон остида,
Шу ложувард тубсиз уммон остида
Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,
Эй, оташин боғ...

Шоира ҳаётининг сўнгги йилларида оғир хасталиги туфайли ҳеч кимни олдига киргизмасликни буюрган. Анна Ахматоваа ўзини парвариш қилаётганларга бу тақиқига битта истиснони билдирган: “Агар Ўзбекистондан, Тошкентдан йўқлайдиганлар бўлса, тўхтовсиз дарҳол олдимга олиб киринг”.

Тошкентга уруш йилларида эвакуация қилинган Белоруссиянинг халқ шоири, академик Якуб Колас эса  кўзида ёш билан Ўзбекистон “жигари”  эканлигини изҳор этади:

Бир қилични бирга тоблаб,
Бирга бўлдик элга дармон.
Меҳринг бердинг нурга қоплаб,
Эй, жигарим, Ўзбекистон!

Яна нафас урди баҳор
Бизнинг она тупроққа ҳам.
Шу куй билан кўзимда нам:
Яхши қол, эй нурли диёр!

 

image002

Тошкентда Якуб Коласга ўрнатилган бюст
 

Бу ёзувчи ва шоирлар, драматурглар, рассомлар, театр ва кино арбоблари учун Ўзбекистонда яшаган йиллар ижодларининг энг баракали даври бўлганлигини ҳам таъкидлаш керак. Турмуш ўртоғи отиб  ташланган, ўғли қамоққа олинган Анна Ахматова ҳам ўша пайтда қатағонга учраган эди. Унинг Тошкентда битган “Мардлик” шеъри ўзига матбуотда асарларини эълон қилишнинг йигирма  йиллик тақиқидан кейин биринчи марта марказий “Правда” газетасида 1942 эълон қилиниб, жуда машҳур бўлиб кетган.

Константин Симоновнинг шеърият ихлосмандлари орасида “Мени кутгил” (“Жди меня”) шеърини ғам  билмаганлар топилмаса керак. Фронт мухбири бўлган адиб томонидан 1941 йилнинг июлида битилган, Тошкентга эвакуация қилинган маҳбубасига бағишланган  бу шеър биринчи марта  унинг шу ерда 1942 йилда  нашр қилинган “Лирик кундалик” тўпламидан (тўғри бошқа сарлавҳа билан – “Сен билан ва сенсиз”) жой олган.

Мамлакатимизда эвакуацияда бўлган, Ўзбекистонни мадҳ этган ижодкорларнинг хотираси абадийлаштирилган. Кўчалар улар номи билан аталади, Анна Ахматованинг клуб-музейи фаолият олиб боради, Тошкентда Якуб Колас бюсти қад кўтариб турибди.

 

image004

Анна Ахматованинг Тошкентдаги клуб-музейи

 

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов “Одамларни меҳр-оқибат бирлаштиради” тарихий ҳужжатли эссесида машҳур рус ёзувчиси ва драматурги, тўрт марта давлат мукофотига сазовор бўлган Николай Евгеньевич Виртанинг уруш йилларида ўзбек халқининг бағрикенглига миннатдорчилигини ҳайратга соларли даражада ифода этганини баён этган. Николай Вирта   балоғат ёшига етган бир қизи ва икки ўғли, бир неча неваралари бўла туриб, мол-мулкини дини, миллати, тили бўйича мутлақо бегона бўлган Абдуқаҳҳор Иброҳимовга васият қилиб қолдирган.

Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки йилларида Николай Вирта Россиядан Тошкентга эвакуация қилинган катта бир гуруҳ рус адибларига Адабиёт жамғармасининг директори сифатида етакчилик қилиб юртимизга келган, бир муддат Тошкентда яшаган, мусофир адибларни уй-жой билан, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлашни уюштиришда иштирок этган, республика раҳбарларининг қабулида бўлган, Ёзувчилар уюшмамизнинг ўша пайтдаги раиси  Ҳамид Олимжон, Адабиёт жамғармасининг раиси Набихон Чустий домла билан кўп марта учрашган. У, айниқса ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, очиқкўнгиллилигига, бағрикенглигига қойил қолган. Николай Вирта оғир уруш йилларида ўзбек халқидан кўрган мурувват учун, ичган тузи ҳақи учун бир умр миннатдорчилигини ўша васиятномаси орқали  ифода этган.

Украиналик журналист Ольга Гула Тошкентга келиб, тадбирлардан бирида Ўзбекистон халқ артисти Нормўмин Султонов билан танишиб қолади. Нормўмин Султонов Ольга украиналик эканлигини пайқаб, у билан украин тилида суҳбатлаша бошлайди ва ўзининг Киевдаги П.Чайковский номидаги давлат консерваториясига қандай қабул қилинганлигини ҳикоя қилиб беради. У Нукусда таваллуд топган ва шу ерда мактабни битирган, аммо рус тилини жуда мукаммал эгалламаган бўлади. Консерваторияда эса рус тилидан имтиҳон топшириш керак бўлган, шунинг учун абитуриент жуда ҳаяжонланган. Имтиҳон олаётган ўқитувчи у қаердан келганлигини сўраган. Нормўминнинг Ўзбекистондан эканлигини билган ўқитувчи анча вақт ўйчан сукут сақлаган, кейин уруш йилларида Тошкентга эвакуация қилинганлигини, ўзларига бошпана берган ўзбек оиласи уни ва оиласини муқаррар очлик ва ўлимдан сақлаб қолганлигини бир умр ёдда сақлашини кўзда ёш билан билдирган. У ўзбек халқига чексиз миннатдорчилиги сифатида  истеъдодли йигитга ижобий баҳо қўйиб, унинг орзуси ушалишига, машҳур санъаткор бўлиб етишишига йўл очган. 

2019 йил 27 сентябрда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институти, Ўзбекистон тарихчилар жамияти иштирокида “Эшелонлар Шарққа йўл олган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эвакуация” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилган. Анжуманда, шунингдек Москва, Санкт-Петербург ва Оренбург шаҳарларидаги олий таълим муассасаларининг тарихчи олимлари иштирок этган. Улар ўзбек халқининг кўчириб келтирилган фуқаролар ва болалар ҳаётини сақлаб қолишдаги буюк хизматларини абадийлаштириш учун жаҳонда Иккинчи жаҳон урушидаги эвакуация билан боғлиқ Санкт-Петербургда, Исроил, АҚШ, Польша, Венгрия ва бошқа мамлакатларда ташкил қилинганмузейлар тажрибаси асосида  Ўзбекистонда ҳам шундай музей ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдиришган.  Бу таклиф Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинганлар ва уларнинг фарзандлари, шунингдек  мамлакатимиз жамоатчилиги вакиллари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусман эса Тошкентда 2019 йилда бўлиб ўтган Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг анъанавий анжуманида Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушида фронт орқасидаги жасоратини абадийлаштириш юзасидан қуйидаги фикрини  билдирди:

– Мен ҳамиша бир ғояни   ўйлаб юрибман. Ҳозир бизда буюк Ғалабага улкан ҳисса қўшган буюк қаҳрамон-шаҳарлар бор. Аммо, эҳтимол, камида икки шаҳарни “Фронт орқаси қаҳрамон-шаҳарллари” деб атаса бўларди. Улар – буюк жасорати учун Тошкент, шунингдек,  фронтни нефть билан таъминлаган Бакудир. Бу ғоя қандай амалга ошишини билмайман, аммо фикримча, бу икки шаҳар ана шу унвонга жуда муносиб[2].

 

image006

Михаил Гусман

 

Аввалроқ ушбу ғоя Россиянинг қатор депутатлари томонидан ҳам илгари сурилган.

Бу ғоя амалга ошиш-ошмаслиги номаълум. Аммо Тошкент, умуман Ўзбекистон,  ўзбек халқи фронт орқасининг чинакам қаҳрамонлари эканликлари шубҳасиздир.

*    *    *

2020 йил 9 майда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабага 75 йил бўлади. Бу даҳшатли уруш миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлди, қанчадан-қанча азоб-уқубатлар, йўқотишлар  келтирди,  аёлларни бева-бечора, болаларни етим бўлиб қолишига сабаб бўлди. Урушнинг халқлар ҳаётида қолдирган изи, асорати  вақт, даврлар ўтишига қарамасдан авлодлар хотирасидан асло ўчмайди. Фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2020 йилги Мурожаатномасида шундай дейилади:

“2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланади.

Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Биз уруш ва фронт орти фахрийларини фақатгина байрамларда эмас, балки доимо эъзозлаб, ардоқлашимиз, уларнинг соғлиги ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлашимиз лозим. Жорий йилда уларга ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилади. Жумладан, мамлакатимизнинг энг яхши санаторийларида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратамиз.

Уруш йилларида халқимиз кўрсатган ҳақиқий жасорат ва матонатни кино, театр санъати, бадиий-публицистик асарлар, илмий тадқиқотлар орқали кўрсатиш, аҳоли, айниқса, ёшларимизга таъсирчан тарзда етказиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида муҳташам “Ғалаба боғи” бунёд этилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Хотира ва қадрлаш куни ва Ғалабанинг 75 йиллигини ҳар томонлама муносиб ва юқори савияда нишонлаш учун тайёргарлик ишларини пухта ташкил этишимиз керак”.

Буюк Ғалабага жанг майдонларида мардлиги ва жасорати, фронт орқасида матонати билан беқиёс ҳисса қўшган, эвакуация қилинган оила ва етим болаларни ўз бағрига олган халқимизнинг  қаҳрамонликлари ва юксак инсонпарварлик фазилатлари ҳар қанча эъзозланса арзийди. Уларнинг жасорати ва матонати ёш авлод учун ибрат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда ғолиблар байрами муносиб нишонланади. Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронтида иштирок этган мўътабар фахрийларимизга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилади. Уруш қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти – 10 миллион сўм тантанали равишда топширилади. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзолари моддий ва маънавий рағбатлантирилади, турар жойлари  таъмирланади, уйсизларга  уй берилади.

Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар ва туманларда “Аждодларимиз жасорати ва матонати – фидойилик, қаҳрамонлик намунасидир” шиори остида маданий-маънавий тадбирлар,  ижодий танловлар, таълим муассасаларида хотира  дарслари  ўтказиш режаланган.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 11,6 гектар майдонда Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган қаҳрамонларимизҳамда машаққатли меҳнат фронтининг фидойи  қатнашчилари бўлган юртдошларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг номларини абадийлаштириш, ёшларда тарихимиздан ғурурланиш туйғусини кучайтириш мақсадида Ғалаба боғи барпо этилмоқда. Боққа Ғалаба аркаси орқали кириш билан  йўналиш марказида ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш фарзанди ва бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси, шунингдек Генерал Собир Раҳимов ҳайкали гавдаланади.

Ғалаба боғида уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, чодирлар, дала тиббиёт пункти ва ошхоналари,партизанлар шаҳарчаси ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар бўлади. Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғ кўргазмаси очиқ осмон остидаги музей вазифасини ўтайди.

Боғнинг китоб шаклидаги турникетнинг кўп сахифали бетларида Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, “Москва мудофааси учун”, “Кавказ мудофааси учун”, “Сталинград мудофааси учун”, “Будапештни озод қилиш учун”; “Берлин олингани учун”, “Германия устидан қозонган ғалаба учун” медали соҳибларининг исм, фамилиялари қайд этилади.

Боғнинг очиқ павильонда уруш йилларида болаларни ўз бағрига олган ўзбек оилалари, хусусан, Шоабдурахмоновлар ва бошқа оилаларга бағишланган   фотокўргазма ташкил этилади, шунингдек Ўзбекистонда яшаб ижод қилган бир қанча илм-фан, маданият ва санъат намоёндалари (А.Ахматова, И.Вирта, С.Городецкий, А.Дейч, К.Зелинский, Я.Колас, Н.Погодин, А.Толстой, В.Ян ва бошқалар) хақида маълумот берувчи деворий панно яратилади.

Бу ерда халқимизнинг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида экспонат ва архив маълумотлар тўплаш, сақлаш, намойиш этиш, улар билан  кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида “Шон-шараф музейи” ҳам барпо этилади.

Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатлари  тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга даъват этади.

Эркин ЭРНАЗАРОВ, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 


[1] Раҳмат Файзий. Асарлар. Уч жилдлик. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1978. Биринчи жилд.  Ҳазрати инсон. Роман. – Б.8.

[2] Первый заместитель генерального директора ТАСС Михаил Гусман предложил присвоить Ташкенту звание «Город-герой тыла // https://mytashkent.uz/2019/05/20/gorod-geroj-tyla/